Мақолалар

ЁЛҒОН, БЎҲТОН, ҲАЁСИЗЛИК – ижтимоий тармоқнинг оқибатсизлиги ва фожиаси
…Йигит ва қиз – бир-бирини ёқтирган жуфтлик нимадандир қаттиқ асабийлашган ҳолда тортишмоқда. Иккисининг ҳақоратомуз сўзлари, навбат бермай гапираётгани, бири иккинчисини эшитмаётгани учун муаммо нима, ким ҳақ, ким ноҳақлиги ҳақида билолмайсиз. Уларнинг тортишуви йигитнинг қизга қўл кўтариши ва кетиб қолиши билан якунланган.
 
Бу видеотасвирни 14-16 ёшли қўшни ўғил-қизлар томоша қилаётганининг устидан чиқиб қолдим. Кимлар учундир қизиқарли туюлган бу тасвирларни ким олган? Ёки кимлар бировнинг муаммосини оммага тарқатишга уринмоқда? Бундан ҳам ачинарлиси йигит-қизларимиздаги ор-номус, ибо-ҳаё, андиша қаерда қолди? Бу тасвирдагилар ҳам кимнингдир фарзанди, акаси ёки синглиси-ку.
 
Инсон табиатан янгиликка интилади. Ҳар бир кишини янги ахборот ёки маълумот нафақат қизиқтиради, балки уни бировга етказиш, атрофдагиларнинг фикрини билиш табиатимизга хос. Айниқса, қизиқарли, шов-шувли, кўпчиликнинг эътиборини тортадиган воқеа-ҳодисани биринчилардан бўлиб оммага етказишга ҳаракат қиламиз.
 
Аммо бу инсон тақдири, келажаги билан боғлиқ бўлса-чи?
 
Бугунги тезкор ахборот асрида бировга таҳдид қилиш, шаънини булғаш, рост ёки ёлғон маълумотларни тарқатиш одатий ҳолга айланиб қолди. Айни вақтда турли ижтимоий тармоқ, видео ва фото маълумотларни тарқатиш мумкин бўлган портал, сайтлар жуда кўпайган. Улар қисқа вақт ичида ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланди. Билиб-билмай унинг оммалашиши, ёлғон маълумотларнинг тарқалишига ўзимиз ҳам сабабчи бўлмоқдамиз. Бу каби кенг миқёсли ахборотлар ичидан қай бири рост, қайси ёлғон, керакли ёки кераксиз, деб ажратишнинг имкони бўлмаяпти.
 
Шу ўринда "Facebook"нинг собиқ вице-президенти Чамат Палихапития ижтимоий тармоқлар ҳақидаги фикрида “маҳлуқ”ни ўстиришга ёрдам бергани учун виждон азобини ҳис қилаётганини айтганини эслашнинг ўзи кифоя.
 
Интернетда видео, расм, хабарлар тарқатиш “замон билан ҳамнафаслик” дея таърифланиб, “урф” бўлди. Уларнинг орасида фойдали, намуна бўладиган, тўғри ва оқилона хулоса чиқаришга кўмаклашадиганлари ҳам бор. Аммо қора ранг ҳамиша оқни беркитиб, кўринмайдиган ҳолга келтиришини унутмаслик лозим.
 
– Инсондаги ҳар қандай хатти-ҳаракат унинг руҳияти билан боғлиқ, – дейди психолог Зиёда Обидова. – Ёшлар ўзини англаш орқали яхши-ёмонни танийди, ўзи учун қандай бўлиш ва бўлмаслик борасида бир хулосага келади. Ўз йўлидан оғмай, атрофдагиларга зарар етказмасдан ҳаракатланади. Аксинча бўлса, жамиятда яшаб қолиш, озгина бўлсада ўз ўрнини бордек ҳис қилиш учун ўша инсон атрофдагиларни азоблаб, уларга ҳар хил йўллар орқали таъсир кўрсатади. Бу хато қадам ён-атрофдагиларга зиён келтириши билан бирга, ўша инсоннинг жамиятдан узилиб қолишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
 
Сўнги вақтларда “ўргимчак тўри”, айниқса, ижтимоий тармоқлар руҳан ўзгаришларни келтириб чиқарадиган "қаровсиз" майдонга айланган. Соғлом муҳитда таълим-тарбия топган ўғил-қизлар ҳам агар маънавиятида озгина бўшлиқ бўлса, бу оқимга беихтиёр қўшилиб кетмоқда.
 
Халқимизда яхшисини ошир, ёмонини яшир, деган тарбиявий мақол бор. Азал-азалдан агар маҳалла-кўйда кимдир хатога йўл қўйса, унинг айбини яшириб, маҳалла аҳли, ёши улуғлар уни тўғри йўлга солган. Ажримлар, қайнона-келин тортишуви, қўни-қўшни ўртасидаги тушунмовчиликлар ҳам маҳалла ичида, оила аъзолари даврасида ҳал этилган. Ҳозирчи? Муаммонинг бошида турганларнинг ўзи ўзини кўз-кўз қилиб, овоза қилади. Ўз муаммолари билан атрофдагиларни безовта қилишни, уларнинг фикри асосида ўзини тасвирга олиб, оммага намойиш қилишни маъқул кўради. Шу ўринда яна таълим-тарбияда йўл қўйилган хатолар кўзга яққол ташланади.
 
– Ижтимоий тармоқларда бир йигитнинг турмуш ўртоғининг оила аъзолари билан телефон орқали суҳбати тарқалди, – дейди Гуласал Омонова. – Юртимизда турли шеваларда гаплашилиши ҳаммамизга маълум. Айнан шевада ҳомиладор, шифохонада ётган аёлини ҳақорат қилиб, унинг шаънига тўғри келмайдиган сўзларни айтиб суҳбатлашганининг нимаси яхши? Бундан ташқари, уни видеотасвир қилиб тарқатаётган инсонларга бу нима учун керак бўлди? Кимлар учундир бу кулгули воқеадир, аммо унинг замирида бир оиланинг тақдири, келажаги ётибди. Ўйлаётганини, сўзини назорат қила олмайдиганларга қўшилиб, уни бошқаларга ҳам тарқатиш маънавиятимиз, менталитетимизга тўғри келмайди. Миллатимизга хос андишамиз қаерда қолди? 
 
Энди ҳақли савол туғилади. Нега бундай ахборотларни тарқатишга ошиқамиз? Нега бир-бирини калтаклаётган йигитлар, ўзини томдан, баланд қаватдан ташлаётган ўсмирлар, дугоналарига ёмон сўз айтаётган қизлар, ўз касбий фаолиятини олиб бораётган ходимларга нисбатан қўполлик қилаётган инсонларни бу йўлдан қайтариш ўрнига, томошабин бўлиб қоляпмиз?
 
Айбдорлар қонун олдида жавоб бериши керак эмасми? Бу жараёнда далилларни керакли ташкилотларга етказишнинг ўзи етарли. Воқеани ўрганиш, таҳлил қилиш, баҳо бериш ва чора кўриш ҳуқуқий идораларнинг иши.
 
Айни вақтда атрофдагиларнинг биргина ножўя қилиғи, балки тижорий мақсадда, эҳтимол атай камерага туширилади. Ҳар қалай бу тасвирлар интернетда узоқ “айланади”. Сўнг бунга тақлид қилувчилар, фикр билдирувчилар доираси пайдо бўлади. Қарабсизки бу сайтлар, саҳифалар ҳаёсизлик, “оммавий маданият”нинг турли кўриниши, ҳақоратларга бой фикрлар билан “бойийди”. Унинг минг-минглаб ёшлар онгу шуурида ҳосил қиладиган ўпирилишларини ҳисобга олсак, бу масалани ҳар бир инсон онгли равишда, ўз виждони, оиласи фарзандлари мисолида жиддий ўйлаб кўриши керак.
 
Воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашишимиз оиламиз тинчлиги, хотиржамлиги, жамиятимизнинг барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилади. Муҳими, ғийбат ақлли одамлар қулоғига етганида ўлади, деган мақолга ҳамиша амал қилишдир.
 
Барно Мелиқулова, ЎзA
Read 3327 times

Мақолалар

Top