Мақолалар

Чумолидан ибрат олган саркарда

Олимлар митти камералар орқали чумолиларнинг яшаш тарзини ўрганар экан, бу митти ва заиф жонзотлар қилаётган айрим ишларини кўриб, уларга қандай ҳаракатланишни ўргатган ва билдирган ёлғиз Аллоҳ таоло эканини беихтиёр тан олишмоқда.

Қуръони каримнинг “Намл (Чумоли)” сурасида Сулаймон (алайҳиссалом) қиссаси баён этилади: «Сулаймон (хизмати) учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар. То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар! Уяларингизга кирингиз, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар!” деди. (Сулаймон) унинг сўзидан кулиб, табассум қилди ва деди: “Эй Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!”» (Намл, 17–19).

Илмий тадқиқотлардан чумолилар жуда уюшган ҳолда яшаши ва улар инсон ақли етмайдиган мураккаб алоқа тизимига эгалиги маълум бўлди. Уларнинг кичкинагина бошида миллион, ундан ҳам кўпроқ сезги аъзолари бор. Ана шу сезги аъзолари орқали бир-бири билан алоқа ўрнатади. Ўлжа топишда, бир-бирларининг ортидан боришда, уя қуришда бу аъзоларнинг аҳамияти улкан. Ҳайратланарли жиҳати – чумолининг 2–3 миллиметрлик танасида беш юз минг нерв ҳужайраси жойлашган.

Аллоҳ таоло амр этади: «Бас, эй ақл эгалари (уларнинг аҳволидан) ибрат олинг» (Ҳашр, 2). Чумолидан олинадиган ибратлардан бири сабр ва матонатдир. Аллоҳ таоло чумолиларга берган сабр ва матонат, инсондан бошқа мавжудотларда йўқ. Ривоятлардан бирида бундай ҳикоя қилинади: Машҳур саркардалардан бири курашда мағлубиятга учрайди. У ўз жонини зўрға сақлаб, бир ғорга беркинади. У ерда ётаркан, ўзининг аҳволини, лашкарларининг қанчаси ҳалок бўлиб, қанчаси ярадор бўлгани ҳақида ўйлайди. Шу чоғ кўзи ҳарсанг устига чиқмоқчи бўлаётган чумолига тушади. Уни кузата бошлайди: чумоли харсанг тошга тирмашиб чиқади, устига етай деганда тушиб кетади, яна чиқади, етай деганда яна тушиб кетади, охири, ўн еттинчи марта ҳаракат қилганда, тирмашиб чиқиб кетади. Шунда саркарда айтади: “Менинг биринчи мағлубиятданоқ кўнглим чўкиб ўтирибди. Наҳотки шу заиф чумоличалик ҳаракат қилолмасам, наҳотки шунчалик сабр-бардош билан қаттиқ туриб, қайта-қайта ҳаракат қилиб ўзимни тиклаб ололмасам”.

Чумолининг ҳаракатчанлиги, ҳеч қачон курашишдан тўхтамаслигидан гўзал хулоса чиқарган саркарда, тирмашади, курашади ва алалоқибат юртини ғанимлар исканжасидан озод этади.

 

Муниба МУҚИМЖОНОВА

тайёрлади

Read 3363 times

Мақолалар

Top