Мақолалар

Ҳаёт  энг  қадрли  омонат

Ислом инсонларни бир-бирига зарар етказишдан ва ўзини ҳам қийинчиликка солишдан қайтаради. Қуръони каримда кишининг ўз жонига қасд қилиши энг катта гуноҳлардан экани таъкидланган: “...Ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо, 29). Ва яна: “...Ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара, 195). Ўзини-ўзи ўлдириш мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайдиган ёмон ишдир. Шундай оғир гуноҳнинг аёллардан содир бўлиши жаҳолат, тарбиясизлик, атрофидагиларнинг лоқайдлиги оқибатидир. Аллоҳнинг қазои қадарига рози бўлмаслик, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш осийлик ва иродасизликдир.

Тадқиқотчилар бу ҳолатга иқтисодий-ижтимоий, руҳий-тарбиявий, тиббий-жисмоний ва бошқа омиллар сабаб бўлиши мумкинлигини айтишади. Бир гуруҳ олимлар худкушликка биринчи ҳаёт қийинчиликларини сабаб қилиб кўрсатса, бошқалари фожиага муҳаббат ва рашк баҳона бўлади, дейди.  Турли мамлакатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари таъкидлашича, ўз жонига қасд қилиш ортида жиноят бўлади. Шу масала билан шуғулланган ҳуқуқшунослар ғалати ҳодисага дуч келишди: айрим ҳоллар истисно қилинса, бундай қилмишга қўл урганларнинг кўпи ўзига тўқ одамлар экан. Улар бойликларини фарзандлари, қариндош-уруғлари, таниш-билишларига эмас, қандайдир клублар фаолиятини ривожлантиришга сарфлашни васият қилишаркан. Табиий, бу ерда бир сир бордек туюлади. Шу боис изқуварлар ва ҳуқуқшунослар бу масалага жиддий эътибор бера бошлашди. Диний манбаларда ўз жонига қасд қилишнинг ҳар қандай ҳолат ва сабаблари қаттиқ қораланади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда ўзини ўлдирган кишининг жазоси очиқ айтилган: “Ким ўзини бир темир парчаси билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида абадий равишда темир парчаси билан ўзини ўлдириб азобланиб ётади. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, доимий равишда заҳарланиб жаҳаннам ўтида азобланади. Ким ўзини тоғдан ташлаб юборса, доимий равишда жаҳаннам ўтида ўзини ташлаб ўлдириб, азобланади”.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, мен унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.

Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзини ўзи бўғган дўзаҳда ҳам ўзини бўғиб туради. Ўзига ўзи пичоқ урган дўзаҳда ҳам пичоқ уриб туради”, деганлар. Кўриниб турибди, Исломда ўз жонига қасд қилиш гуноҳи кабиралар (энг оғир гуноҳлар)дан саналади.

Ибн Сирин айтади: “Ўзини ҳалокатга ташлаш Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидсизлик белгисидир”. Имом Насафий: “Баъзи жоҳиллар каби одам ўзини-ўзи ўлдирмаслиги керак”, деганлар. Жобир ибн Самурадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. “Набийга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзини мишқос (катта пичоқ)­лар билан ўлдирган одам олиб келинди. У зот унга жаноза ўқимадилар”.

Ўз жонига қасд қилган инсон Аллоҳ таоло раҳматидан узоқ бўлиб, ҳадисларда келтирилганидек, охиратда абадий азоб-уқубатга солиниш билан бирга, мусулмоннинг гуноҳларига каффорат бўладиган жаноза намозидан ҳам маҳрум қилинар экан.

Ислом аёлларни эъзозлади, ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик латофатини сақлаб қолишга, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш туфайли жамиятга, Ватанига, динига сидқидилдан хизмат қилишга чақиради. Хуллас, ҳар инсон Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум этувчи ҳар қандай ишдан узоқ бўлиши керак.

 

Гулчеҳра ЗОКИРОВА

Read 3807 times

Мақолалар

Top