Ибратли ҳикоялар

Сурилган тош учун мукофот

Хитойда ҳокимлардан бири асосий йўл устига катта тош қўйиб йўлни тўсиб қўйди. Тош яқинидаги дарахт ортига бир пойлоқчи қўйиб одамларнинг гапларини етказишни буюрди. Биринчи ўтган киши шаҳарнинг энг катта савдогари бўлди. Тошни кўриб, қовоғини чимирди. Тошни ким қўйдирганини билмаган ҳолда овозини балaнд қилиб танқид қила кетди. Тошни айланиб ўтиб, бу ишни қилганни жазолаш керак, шикоят қиламан, деб йўлида давом этиб кетди.

Иккинчи одам ўтди. У муҳандис эди. Савдогар каби бақир-чақир қилди. Лекин унинг овози бироз пастроқ эди.

Сўнгра ўзлари ҳақида гаплашиб келаётган учта дўст тош олдида тўхтади. Йўл устига тош қўйган одамни тентак, аҳмоқ, эсипаст, деб ҳақорат қилишди… Сўнг уйларига қайтдилар. Орадан икки кун ўтди. Иттифоқо, шу йўлдан бир оддий деҳқон ўтиб қолди. Тошни кўрди-ю, бирор оғиз гап айтмади. Енгини шимариб, атрофдаги одамларни ёрдамга чақириб тошни бир чеккага суриб қўйишди. Қарасалар, тош тагида ковланган чуқурда сандиқ турибди. Сандиқ ичида бир бўлак олтин турарди. Унинг ёнида парча қоғозга ушбу сатрлар ёзиб қўйилганди: «Ҳокимдан ушбу тошни четга олган кишига! Бу мукофот мушкул ишни шикоят қилмай, ижобий ёндашган киши учундир.

Ибрат:

Динимизда одамларга халал берадиган нарсаларни йўлдан олган кишиларга тиллодан ҳам қиммат нарса ваъда қилинган. Йўлдан азиятни кетказиш имон белгиларидандир. Лекин бу бойликдан шикоят қилувчилар ундан маҳрумдир.

 

Муҳаммадқуддус АБДУҲАЛИМОВ,

 «Етти Чинор» жоме масжиди ноиби имоми

Read 3579 times

Мақолалар

Top