Мақолалар

Совға – ўзи нима?

Барчамиз совғани ёқтирамиз. Ота-онамиз, жуфтимиз, фарзандларимиз, дўстларимиз, ҳаётимизни безаб турган нарсалар: ёшлигимиз, соғлигимиз, уйимиз, машинамиз, пулимиз, гўзаллигимизни яхши кўрамиз. Лекин совға кутганимиздан-да кўпроқ бўлиб келса нима бўлади? Истак заруратга айланиб қолса-чи? Совға фақат чиройли буюмлардан иборат бўлмаганда-чи?
Совға – ўзи нима?

Совға берилади ва олинади. Биз совғанинг ҳақиқий эгалари эмасмиз, совға келади ва кетади. Совғани оламизми ёки йўқми, у бизнинг яшашимиз учун зарур нарса эмас. Ҳаётимиз бундай келиб, кетадиган нарсаларга боғлиқ эмас. Совғани олсак яшаймиз, олмасак ўламиз деган фикрлардан йироқмиз. Совғалар биз учун ҳаво ёки овқат эмас. Лекин уларни севамиз. Ким ҳадяни ёқтирмайди? Энг аввало, бизни ўзининг совғаларидан маҳрум қилмаслигини Қуръони каримдан сўраймиз. Қалбимиз Аллоҳнинг совғалари ва эътиқодисиз бўшаб қолади. Аммо баъзида дунё ишларига берилиб кетиб эътиқодимиз сусайиб, бундай муҳим нарсаларга юзаки қараймиз. Бундай пайтда намозни кечиктирамиз ёки қолдириб қўямиз. Лекин унинг акси ўлароқ иш билан боғлиқ учрашувлар, сайр қилишлар, фильм ва сериал томошалари, харидлар, синфдошлар билан ўтадиган базмлар, спорт ўйинлари ўз вақтида бўлади. Лекин ўзимизга бир кун савол берамиз, биз ҳақиқатан ҳам ибодат қиламизми, ўзи олдин ибодатимиз мустаҳкам бўлганми? Ибодат қилмай қўйганимиздан сўнг бунинг ёмон тарафларини ҳис қила бошлаймиз, қалбимиз Аллоҳ билан боғланмаганини ҳис қиламиз. Аммо бу йўлни инсоннинг ўзи танлайди.

وَمَا أَصَابَكُم مِّن مُّصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَن كَثِيرٍ

“Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини афв қилур” (Инсоннинг ўзидан ўтмаса, унга бирор мусибат етмайди. Лекин ўта меҳрибон бўлган Аллоҳ бандасини ҳар бир гуноҳи учун мусибатга дучор қилавермайди, фақат баъзиси учунгина мусибатга дучор қилади, кўпини кечириб юборади. Агар Аллоҳ таоло инсонни ҳар бир айби учун мусибатга учратадиган бўлса, инсон дарҳол ҳалокатга юз тутар эди) (“Шуро” сураси, 30-оят).

Дарҳақиқат, биз нима қилсак ҳам ўзимиз учун қиламиз. Лекин оят охирига эътибор беринг: У зот кўпини авф этади. Бу ерда ишлатилган сўз “Ал-Аъфуу” сифатидаги “яъфуу” сўзидир. Бу сўз шунчаки афв қилиш ёки кечиришни эмас балки умуман йўқ қилишни билдиради. Шундай қилиб кўксимизни қанча пичоқ билан яраласак ҳам, Аллоҳ унга шифо беради, худди олдин кўксимиз яраланмагани каби уни тиклайди. Мана шу қалбан ҳис қилиш мумкин бўлган ҳақиқий совға эмасми? 
Баъзи инсонларнинг кўзлари пул ва тилла каби ялтироқ нарсалар билан беркитилгандир. Уларни безовта қиладиган нарса фақат бойликлари, ҳатто ўлганидан сўнг бойликларини ўзи билан қабрига кўмдиради, худди нариги дунёда ёрдам берадигандек.

أَلَيْسَ اللَّهُ بِكَافٍ عَبْدَهُ وَيُخَوِّفُونَكَ بِالَّذِينَ مِن دُونِهِ وَمَن يُضْلِلِ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِنْ هَادٍ

“Аллоҳ Ўз бандасига етарли эмасми?! Улар сени ундан бошқалар билан қўрқитадилар. Кимни Аллоҳ залолатга кеткизса, бас, унинг учун ҳеч бир ҳидоят қилгувчи йўқ” (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам мушрикларни Аллоҳ таолонинг тавҳидига чақириб, уларнинг турли сохта худоларини айблаганларида, улар: “Муҳаммад худоларимизни сўкишдан тўхтамаса, унга, албатта, ёмонлик етади”, деб у зот соллаллоҳу алайҳи вассаламни қўрқитмоқчи бўлганлар. Ушбу оят шу муносабат ила тушган экан. Гарчи хос сабаб билан нозил бўлса ҳам, маъноси умумийдир) (Зумар сураси, 36-оят).

Инсонда шундай нарса бўлиши керакки, у ҳеч қачон ўзгармасин, тарк этилмасин, бузилмасин, йўқ бўлмасин, инсоннинг унга ишончи мустаҳкам ва абадий бўлсин. Бу нарса – фақат  Аллоҳга бўлган эътиқод ва ибодатдир.

Ҳар биримизнинг қалбимизда эътиқод ва ибодат мустаҳкам бўлсин, омин!

 

Муаллиф: Ясмин Могаҳед

Таржимон: Робия ЖЎРАҚУЛОВА

Read 5024 times

Мақолалар

Top