Мақолалар

Масъулият машаққати

Тарихдан бизга маълумки, онамиз Момо Ҳаво яратилиши билан биз аёлларнинг бурчи сифатида елкамизга бажаришимиз шарт бўлган бир қанча масъулият юклатилди ва бу йўлда собит бўлганларга Аллоҳнинг муқаддас каломи Қуръони каримда, жаннат ваъдаси берилгани ҳақида оятлар нозил бўлди.

            Бизга юклатилган вазифаларнинг энг улуғи солиҳаликдан бошланади. Қуръони каримда: “(Аёллар ичида) солиҳалари –  бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳга сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир” деб марҳамат қилинган (Нисо сураси, 34-оят).

Қуйидаги оятнинг тафсирида аёл кишининг эрига нисбатан итоатли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши диёнат жиҳатидан талаб этилгани батафсил тушунтирилган.

Солиҳаликнинг шарти эса иффатли, диёнатли ва шарм-ҳаёли бўлишдир. Шундай экан, ҳаддан зиёд чайқалиб турган бугунги замонда, оммавий маданиятнинг авж пардасида, елкамиздаги бу масъулиятни анча унутиб қўймадикмикан, деган хавотирда бурчимизга садоқат билан ёндашсак, улуғ мукофотларга муяссар бўлмоғимиз шартларини яна бир эслатиб ўтишни жоиз топдик.

            Абдуллоҳ ибн Саломдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи вассаллам): “Аёлларнинг энг яхшиси – назар солганингда сени хурсанд қиладиган, буюрганингда сенга итоат қиладиган ва сен йўғингда ҳам ўз нафсини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиган аёлдир”, деганлар.

            Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир”. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир” айтади  (Нисо сураси, 34-оят).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам): “Аёл беш маҳал намозини ўқиса, (Рамазон ойи) рўзасини тутса, фаржини (зино ва фаҳшдан) асраса, эрига итоат қилса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Яна бир ҳадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам): “Аёлга эри борлигида унинг изнисиз (нафл ва қазо) рўза тутиши, унинг изнисиз уйига (бировни киришига) изн бериши ҳалол бўлмайди”, дедилар (Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Яна бир ривоятда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: “Аёл эрининг уйидаги нарсалардан садақа қиладими?” деб сўрашди. У киши шундай деди: “Йўқ, фақат (эри олиб келган) озиқ-овқатидан садақа қилса майли. Савоби ўрталарида бўлади. У эрининг молидан унинг изнисиз садақа қилиши ҳалол эмас” (Абу Довуд ривояти).

            Юқоридаги ояти карима ва ҳадислардан англанадики, бизга юклатилган нозик ва ўта муҳим бурч: ибо-ҳаё ва муомила одоби, ростгуйлик, вафога садоқат билан эргашишимиз қаътий таъкидланмоқда.

Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи вассалам) шундай дедилар: “Аёлларингизнинг энг яхшиси Аллоҳга тақво қиладиган, кўп туғадиган, (эрига) муҳаббатли, кўнгил оладиган, буйсунадиганидир. Аёлларингизнинг ёмони очиқ-сочиқ, кибрлиларидир. Улар мунофиқадирлар Улардан кам учрайдиган қаноти оқ қарғалар каби жуда озчилиги жаннатга киради” (Табароний ва Дорақутний ривояти).

Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи вассалам): “Уч киши ҳеч қачон жаннатга кирмайди: даюс, эркакшода аёл, ароқхўр”, дедилар” (Табароний ривояти). Шу ҳадисга чуқур ёндашадиган бўлсак “эркакшода” сўзининг ўзидаёқ аёл учун аёллик назокати қанчалик муҳимлигини гувоҳи бўламиз. Булардан ташқари аёллардаги ширин сўз ва очиқ қўллик, ҳокисорлик ҳам жаннатга элтиши ҳақида қуйидагича ҳадиси шариф келтирилган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: “Саҳобалар сўрашди: “Фалончи аёл фарз намозларини ўқийди, садақа сифатида ёғи олинган пишлоқ тарқатади, ҳеч кимга азият бермайди. Бу аёл тўғрисида нима дейсиз?”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассалам) жавоб бердилар: “Бу аёл жаннатийдир!” (Ҳоким ривояти).

 Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: “Фалончи аёл кечани ибодатда, кундузларни рўзадор кечиради, меҳнат қилади, садақа ҳам тарқатади, аммо тили билан қўшниларга озор етказади” дейилди.            Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассалам) марҳамат этдилар: “У аёлда яхшилик йўқ жаҳаннамийдир!” (Бухорий “Ал-адабул муфрад”да ривоят қилинган).

            Демак, фан-техниканинг ривожланиши, мамлакатларнинг ўзаро ижтимоий-сиёсий алоқаларидаги глобаллашувнинг кўланкалари бошимизда қора булут каби турган замонда биз бу каби оят ва ҳадисларга эътибор ва масъулият билан амал қилсак, ўсиб келаётган ёш авлодга ҳам ўрнак ҳам йўл бошловчи бўлган бўламиз. Агар ота-боболаримизнинг турмуш ва тафаккур тарзига назар солсак, улар инсоннинг насл-насабига, етти пуштининг тозалиги, авлоднинг соғлиғига жуда катта эътибор берганини кўрамиз.

Шундай экан юқорида келтирилган оят, ҳадисларга умримиз давомида амал қилсак, соғлом авлод билан чамбарчасликда соғлом муҳитни, тинч-фаравон ҳаётни асраган ва ўзимиздан кейинги авлодларга етказиш йўлида елкамиздаги масъулиятни маълум даражасини адо этган бўламиз. Ҳамда Аллоҳнинг марҳаматига эришамиз, иншоаллоҳ.      

 

       Зилола ЯРАШБЕК қизи

Тошкент Ислом институти талаба қизлар

билан ишлаш бўйича услубчи

Read 7043 times

Мақолалар

Top