Мақолалар

Дилкаш суҳбатлар: сиз улуғ сафарга отланаяпсиз...

Ҳаж ибодати - ислом динининг энг муқаддас ва шарафли амалларидан бири. Ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаж зиёратига бориш орзуси билан яшаса керак. Аллоҳ инояти билан бу муборак амални адо этганларга шу боис ҳавасимиз кучлидир.

Айни кунларда айрим юртдошларимиз, яъни бу йил муборак ҳаж зиёратига отланган фуқароларимиз ўзгача тараддудда. Улар ва бошқаларнинг ҳаж амаллари, ҳожилик мақоми, унга муносиб бўлиш ва ҳаж ибодати билан боғлиқ кўплаб саволларига жавоб бериш мақсадида Наманган шаҳрилик маънавият тарғиботчиси, «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони соҳиби Хорунхон ҳожи АЮБХОНОВ билан суҳбатлашдик.

Муборак ҳадисларда: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Банда уч нарса: дил, тил ва бадан орқали амалга оширилган амаллар орқали савобга эришади», дейилади. Сиз ушбу ҳадиси шариф изоҳида яна қандай мулоҳазаларни билдирган бўлар эдингиз?

- Ислом дини ички ва ташқи амаллардан иборатдир. Ният ички амал ҳисобланиб, у қалб билан боғлиқ бўлади. Бу ҳадиснинг буюклиги, шаъни улуғлиги, саҳиҳлиги, фойдаси ниҳоятда кўплигини барча муҳаддислар ва уламолар таъкидлашган. Бугун улуғ сафарга тайёргарлик кўраяпмиз. Бу - гўзал ниятларимиз ижобат бўлаётганидан нишона.

Яқинда хонадонимизга икки меҳмон келди. Сўрашдик, чеҳралари очиқ, хурсандлар. Меҳмонхонадаги суҳбат чоғида улардан бири: «Ҳожи ота, эсингизда бўлса, 1996 йилда, бундан 23 йил муқаддам «Марғилон» кўчадаги Маҳдуми эшон жомеъ масжидидан ота-онамизни ҳаж сафарига кузатганмиз. Ўшанда сиз уларга ҳаж зиёрати ва амаллари ҳақида кўп тавсия ва маслаҳатларни берган эдингиз. Ота-онамиз ҳожилар бўлиб қайтишгач, сизга  миннатдорчилик билдирган эдилар. Оиламиздаги ўша вақтдаги гўзал ҳолат ҳамон эсимда. Бизларга ҳам шундай улуғ муборак сафар насиб этишини сўраб, раҳматли ота-онамиздан дуо олган эдим. Алҳамдулиллоҳ, бугун ҳузурингизга сафар олдидан дуо олгани, насиҳат, маслаҳат ва тавсиялар эшитгани келдик. Отамиз то умрларининг сўнгига қадар ҳожилик мақомини эъзозлаб, унга муносиб бўлишга ҳаракат қилди. Мен ҳам улардек бўлсам дейман», - деди.

Бу гапларни эшитиб, қалбим тўлқинланди. Хурсанд бўлдим.

Кўрганингиздек, ҳаж ибодатини адо этиш учун аввало, яхши ният бўлиши керак. Бажариладиган амалларнинг тўғри бўлиши ниятга боғлиқ. Ният қилмай адо этилган амал қабул бўлмайди.

- Сафар олдидан бажариладиган амаллар ҳақида батафсил маълумот бера оласизми?

- Ҳаж сафарига отланишдан аввал ният қилинади. «Эй Аллоҳим, мен ҳаж қилишни ният қилдим, уни менга осон қил ва уни мендан қабул қил», дея эҳром боғланади, икки ракат эҳром намози ўқилади. Талбия айтиш билан эҳромга кирган бўлинади.

Ислом дини инсон ҳаётини диний ва дунёвий ҳаётга ажратмайди. Инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида динимизнинг кўрсатмаси бор.

Сафардан олдин ўтган умрингиздаги хатолик ва гуноҳлар учун чин дилдан тавба қиласиз. Тавбанинг қабул бўлиши учун тавба қилувчининг зиммасида ҳеч бир банданинг ҳаққи қолмаслиги керак. Бирор кишига жисмоний, молиявий ва манавий зарар етказилган бўлса, унинг ҳаққини адо этиши ва ундан кечирим сўраши лозим бўлади. Омонат бўлса, эгасига қайтарсин. Ҳажга кетаётган киши бировлар билан ўртасида норозилик бўлса, учрашиб кўнглини олсин. Зулм қилган бўлса, кечирим сўрасин. Қарзи бўлса, адо қилиб, кейин сафарга чиқсин. Бирор кишининг молини еган бўлса, мислини эгасига, у ўлган бўлса, меросхўрларига берсин. Хотини ва болаларини моддий томондан эҳтиёжсиз қилсин.

Сўнг уйида икки ракат сафар намозини ўқиб, оиласини дуо қилиб, улардан дуо олиб, оилани Аллоҳга омонат топширсин ва яхши ният билан ибодатни бошласин.

- Сафар давомида-чи?

- Ҳажнинг зарурий амалларини ўрганиб ва тушуниб олсин. Бунда ҳаж амаллари ҳақидаги қўлланма китобни ўзи билан бирга олиб кетиши мумкин. Ҳамроҳларига доим ёрдам берсин ва ҳожатини раво қилсин. Сафар давомида уришиш-талашиш, ўзгаларга зиён етказиш, тил билан озор бериш ва бошқа салбий иллатлардан сақланмоқ лозим. Чунки Аллоҳ таоло каломида бу маън этилган.

Худди намозни ният қилиб, «Такбир» айтган кишига намоздан бошқа нарса харом бўлганидек, ният қилиб, эҳром боғлаб, талбия айтиш билан маълум нарсалар харом бўлиб қолади.

Эҳромлик ҳолатида нималар маън этилгани китобда ёзиб қўйилган. Ҳаждаги бузилган амалларга каффорот ҳам тайин этилган. Эҳтиёт бўлиш ҳаммага насиб этсин.

Арафотда миллионлаб ҳожилар қаторида эҳром кийиб, бош яланг, оёқ яланг ҳолда талбия айтиб, буюк ибодат вақтида бандаликни изҳор этиш, дунё ҳаётидаги билиб-билмай қилинган гуноҳларни авф этишини сўраб, Аллоҳ ҳузурида бош эгиб туриш, Аллоҳдан мағфират, раҳмат умид қилиб, даргоҳида ҳокисор, камтарин ва тавозели ҳолатда туриш - энг олий итоатлар кўринишидир. Бу ҳолатда ҳамма Парвардигордан илтижо қилиб, ёлбориб йиғлайди. Икки дунё саодатини сўраб дуолар қилади.

Бу вақтда ҳар бир кишининг ота-онаси ҳақига, халқига, юртига, раҳбарига омад, тинчлик, хотиржамлик, фаровон ҳаёт, бунёдкорлик ишларга ривож, аҳиллик, тотувлик, иттифоқлик сўраши мақбулдир.

Азизлар талбияни айтишни бошлаганда, хаёлда доим шу нарса турсинки, Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари билан Байтуллоҳни қуриб битиргандан кейин Аллоҳ аза важалла у кишига: «Одамларни ҳажга чақир», деб буюрди. Иброҳим чақириқларига руҳлари «Лаббай!» деб жавоб берганлар ҳажга келишди. Аллоҳ таолога «Лаббайка» дейишнинг маъноси жуда улуғ. Илоҳий чақириқларнинг ҳаммасига «Лаббай» деб тайёр туриш банда учун катта бахт. Шу боисдан ҳам бу дунёни унутиб, унга тегишли барча нарсалардан ҳоли бўлиб, эҳром кийимини кийгандан кейин «Лаббайка» айтиш бошланади.

- Ҳожилик нафақат киши қалбини, балки маънавиятини ҳам поклайди. Шундай эмасми?

- Албатта. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ваъдаларига кўра, ҳаж ибодатини мукаммал адо этган кишининг мукофоти - жаннатдир. Шундай улуғ мақомга эга бўлиб қайтган ҳожи энди мутлақо бошқа инсондир. Зеро, у ҳарами шарифда буюк Пайғамбарлар юрган йўллардан юрди, улар қилган саъй-ҳаракатларни қилди, улар бажарган ибодатларни адо этди, гўё ўша улуғ зотларнинг зумрасига доҳил бўлди.

Ҳаж ибодати гуноҳларига тавба қилган, хатоларини англаган, ҳаётини ислом мезони билан сарҳисоб қилган ва умр китобидан янги саҳифа очган ҳожи учун янги, покиза ҳаётга қўйилган илк қадамдир.

Савол туғилади: бу покиза ҳаёт дафтарига доғ туширмай ҳаёт кечириш осонми, бунинг учун нима қилиш керак? Аллоҳ нимани буюрган бўлса адо этиш, нимадан қайтарган бўлса, шундан қайтиш лозим. Расулуллоҳнинг суннатлари, тавсиялари, ахлоқларига, унингдек яхши сифатларга эргашиш керак. Энг аввало, ота-онани эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, улар вафот этган бўлса, руҳларини шод этиш, қариндош-уруғлар билан алоқани боғлаб туриш, уларга мурувват кўрсатиш, кўнгилларини олиш энг мақбул амаллардир.

Ҳаж ва Умра қилувчи кишилар Аллоҳ таолонинг меҳмонларидир. Агар Аллоҳ таолога дуо қилсалар, уларнинг дуосини ижобат қилади. Агар ундан гуноҳларини кечиришини сўрасалар, уларни кечиради. Ҳажнинг энг афзали - баланд овоз билан талбия айтиш ва қурбонлик қилиш.

Ҳадислардан бирида Умар (р.а) Расули Акрам (с.а.в)дан Умрага боришга ижозат сўрадилар. Пайғамбаримиз ижозат бердилар. Шу билан бирга: «Эй менинг дўстим, ўзингнинг хос дуоларингда бизни ҳам шерик қил ва дуода бизни унутма», - деб айтдилар. Ривоят қилинишича, бир сўм сарф қилганнинг ажру савоби юз минг сўм ёки танга сарф қилганнинг фазилатига тенгдир. Шу сабабли исрофдан сақланган ҳолда бағрикенглик билан сарфлаш лозим. Мино, Арафот водийларида сув ва овқатга муҳтожларга сув ичирилса, бу улуғ савоб бўлиб, унинг савобини ота-она руҳига юборилса, жуда улуғ ибодат бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Кимки ота-онасининг вафотидан сўнг улар тарафидан ҳаж қилса (ёки ҳаж қилдирса), унинг учун жаҳаннамдан озодлик (ёрлиғи) ёзилади ва ота-онасига ҳам мукаммал ҳаж савоби берилади. Лекин уларнинг номидан ҳажга борувчи кишининг ажридан ҳеч нарса камайтирилмайди».

Хизмат қилганга хизмат қилинади, деган ҳикматли сўз бежиз айтилмаган. Аллоҳим ҳар бир бандасига ота-онанинг розилигини олишни, хизматини қилиб дуо олишни ва боласидан роҳат-фароғат кўришни насиб этсин. Дуо олган омондир.

 

 Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.

манба: kun.uz

Read 4167 times

Мақолалар

Top