Мақолалар

Илм – жаннатга йўл

Инсон  икки  нарса  билан  комилликка  эришади.

1.Юксалиб  борувчи мақсад ва интилиш.

2.Қалб кўзини очувчи ва уни тўғри йўлга бошловчи илм.

Аллоҳ Таоло айтади:  “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур” (Мужодала сураси 11-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз муборак ҳадисларида: “Ҳар бир нарсанинг ўз йўли бор. Жаннатнинг йўли  илмдир” деганлар.

Бир донишманд айтади: “Тананинг озиғи егулик ва ичимлик бўлса, ақл ва қалбнинг озиғи илму ҳикматдир”.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди, албатта илм таълим олиш билан бўлади” дедилар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Илм берувчи ёки илм ўрганувчи ёки тингловчи бўлгин. Тўртинчиси бўлмагин акс ҳолда ҳалок бўласан” дедилар.

Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Илм олиш нафл ибодатлардан афзалдир”.

Шундай экан аввало ниятимизни ва мақсадимизни тўғирлаб олишимиз зарур.

Абу Суфён шундай деганлар: “ Ният яхши бўлса, илм олишдан афзал иш йўқ”.

Илм оиувчининг зоҳирий кўриниши ва қалби пок бўлиши лозим. Агар қалбда Аллоҳ ёмон кўрган нарса бўлса ундай қалбга илм нури кирмайди. Қачон инсоннинг хулқи ёмонлашса бу қалб ғафлатидандир. Тўғри,  яхши ва  холис ният қалбнинг руҳи ва мушк- анбаридир.

Али Ибн Абу Толиб розиялоҳу анҳу: “Илм мол-дунёдан афзал, чунки мол-дунёни сен қўриқлайсан, илм эса сени қўриқлайди, молни сарфласанг камаяди, илмни сарфласанг кўпаяди” дедилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Довуд  алайҳиссалом ўғли Сулаймон алайҳиссаломга  илм, мол-дунё, подшоҳлик булардан ҳоҳлаганингни ол дейилибди. Сулаймон алайҳиссалом илмни танлаган эканлар мол-дунё ва  подшоҳлик ҳам қўшиб берилибди” дедилар.

Демак, ният холис Аллоҳ учун бўлса илм ортидан барака, бойлик ҳам эргашиб келар экан.

Ҳалил ибҳ Аҳмад айтадилар: Инсонлар тўрт хил бўлади:

  1. Билади ва билишини ҳам билади. У олимдир, унга эргашинг.
  2. Билади, аммо билишини билмайди. У ғафлатда уни уйғотинг.
  3. Билмайди ва билмаслигини ҳам билади. У йўл бошловчига муҳтож, унга йўл кўрсатинг.
  4. Билмайди, билмаслигини ҳам билмайди. У - жоҳил, ундан узоқ бўлинг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Илм ўрганувчига бериладиган ажр олимга бериладиган ажрга тенг бўлади”.

Илм олишда холис нийятда бўлганларни Аллоҳ Таоло бу дунёда ҳам охиратда ҳам ташлаб қўймайди. Уламолар ҳам мана шунга васият қилганлар.

Имом Ғаззолий ўлим тўшагида ётганларида шогирдлари келиб устоз менга васият қилинг дедилар. Шунда имом Ғаззолий; «доимо нийятинг холис бўлсин» деб қайта-қайта такрорлаб вафот этдилар.

Нийяти холис бўлганлар Аллоҳ Таолонинг меҳр-муҳаббатига эришар эканлар.

Илм биз учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган мерос, ислом динининг ҳаёти ва имон асосидир.

Манбалар асосида

 Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби Абдулманнон МУҲАММАДКУДДУС

тайёрлади.

Read 4935 times

Мақолалар

Top