Мақолалар

Бузилган меъёр оқибатида дарз кетаётган мезонлар

Исломий оила исроф ва дабдабага эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намунали турмушлари каби камтарлик ва самимият устига қурилади. Ҳозирги кунда рўзғордаги исрофлар оила қурилаётган пайтдаёқ бошланмоқда. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз айтганларидай: “Никоҳнинг энг хайрлиси енгил ва оддий бўлганидир”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларининг оила ҳаётлари бағоят камтар ва оддий эди. Уларнинг бу оддий ҳаётлари ҳузурсизликка сабаб бўлмади, аксинча, имон ва қаноат ҳузури ичида бахтли яшадилар. Зотан, ҳақиқий бойлик кўнгил тўқлигидир. Ҳадсиз орзу ҳаваслар ортидан елиб югуриш эса инсонларни асосий мақсадларидан чалғитиб, борган сари ўзининг домига тортиб боради.

Таассуфки, барча инсонларда дунёга майл борлиги шубҳасиз. Муаммо бу орзу ва майлнинг йўқ қилиниши эмас, балки меъёр мезонида жиловлаб туришдир.

Ачинарлиси, бугунги кунда ҳар меҳмондорчиликка янгича қиёфа билан боришни фазилат санаб, бошқаларни ҳам бу маъносиз бир мусобақага тортаётган айрим аёллар айни ҳаракатлари билан Ҳақ ризосига қарши бормоқдалар.

Мусулмон ҳамма нарсадан олдин солиҳ амаллар билан Аллоҳнинг розилигини исташи зарур. Аллоҳ таоло кийим ёки мол-дунёга эмас, қалб ва амалларга қарайди. Инсонларга чиройли кўриниш учун ўзларини ҳар балога ураётганлар Аллоҳ ҳузурига қандай боришни ўйлаб кўрмайдиларми?

Бир тақсимча ёки пиёласига дарз кетса, янгисини олишга шошаётганлар, “бунинг ранги бунга мос келиши шарт”, дея кийимига идиш-товоқ ва уй жиҳозларига урғу бераётганлар, ибодатларга, фарзанд тарбиясига, жамият фаровонлигига айни шу фидокорликни кўрсата олмоқдаларми?

Қизига сеп тайёрларкан, янги-янги “ҳунар”лар топиб, бозордан бери келмаётганлар қизларининг мустаҳкам имонлари, ибодатлари, тарбиялари, абадий саодатлари учун айни талабчанликни кўрсата оладиларми? Ҳолбуки, авлоддан-авлодга ўтиб, оламларга савлат бағишловчи энг қимматли мерос мол-дунё эмас, тарбия ва ахлоқдир.

Дунёвий даҳмазалар билан андармон бўлиб, охиратни унутсак, ҳолимиз нима кечади?! Тупроқ бўладиган баданларни безаб, абадий яшайдиган руҳларимизга бепарво бўлсак, боқий дунёга қай юз билан борамиз?

Бир қанча мусулмон оилалар гўё жамиятда ҳеч бир фақир йўқдай, имон учун қилинадиган ҳеч бир иш қолмаганидай, исроф ва дабдаба билан ўз сармояларини кўкка совуришаётгани ғоят ачинарлидир. Ҳолбуки, Қуръони каримга қулоқ тутсак, айни муддао бўларди.

“Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси, 26–27-оятлар).

Зотан, исроф ва ҳаром йўлларга пул сарфлашни ташвиқ қиладиган шайтондир. Шайтон васвасасига учадиганлар эса унинг дўстларидир.

 


Имом Бухорий номли ТИИ услубчи-мураббийси

Зилола СУЯРОВА тайёрлади

Read 8140 times

Мақолалар

Top