Мақолалар

Ҳаво қобиғи ҳақида ажойиб ҳақиқатлар

Қуръони каримда ҳар бир неъмат бенуқсон ва бетакрор қилиб яратилгани ва уларнинг барчаси инсонлар учун хизмат қилиши ҳақида кўплаб оятлар туширилган. «Албатта осмонлар ва ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, денгизда одамларга керакли нарсаларни олиб юрган кемаларнинг (сузишида) ва Аллоҳ осмондан туширган ва у сабабли ўлик ерни тирилтириб, бор жонзотни тарқатиб-ёйиб юборган сув деган неъматда ва шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва ер орасидаги итоатгўй булутда (буларнинг ҳаммасида) ақлли кишилар учун оят-аломатлар бордир» (Бақара, 164).

Атмосфера ер шарининг ҳаво қобиғи бўлиб, биосферада ҳаёт мавжудлигини таъминловчи асосий манбалардан биридир. Атмосфера барча жонзотларни зарарли космик нурлардан ҳимоя қилиб туради, сайёра юзасидаги иссиқликни сақлайди. Агар ҳаво қобиғи бўлмаганида ер юзасида кундузи +1000С ва кечқурун -1000С ҳарорат кузатилган бўлар эди. Атмосферанинг юқори чегараси тахминан 2000 км. баландликдан ўтади. Атмосфера бир неча қатламлардан иборат бўлиб, унинг асосий массаси (90%) 10-16 км. баландликкача бўлган қуйи тропосфера қисмида жойлашган. Об-ҳаво ва иқлим асосан тропосферадаги жараёнлар билан боғлиқ. Атмосферанинг шу қатламида барча ёғинлар ва булутлар ҳосил бўлади, бўронлар юз беради. Тропосфера устида 40-50 км.гача баландликда стратосфера жойлашган ва унда ҳарорат пасайиб боради. Стратосферада 22-24 км. оралиқда Ердаги тирик организмларни ҳимоя қиладиган, ультрабинафша нурланишнинг катта қисмини ютиб қоладиган озон (03) қатлами жойлашган. Озон гази йиғилганда юпқа, 2-4 мм. қатламни ҳосил қилади, лекин ҳимоя аҳамияти жуда ҳам катта.

Стратосферадан кейин, 50 км. дан юқорида мезосфера жойлашган ва унда ҳарорат пасайиб боради. 80 км. юқорида ҳарорат –700 С ни ташкил қилади. Ундан юқорида термосфера жойлашган бўлиб, 500-600 км. баландликда ҳаво ҳарорати +1600С гача кўтарилади. 800-1600 км. да экзосфера жойлашган ва унда ҳаво жуда ҳам сийракдир.

Бегона қўшимчалари бўлмаган атмосфера ҳавоси қуйидаги таркибий қисмлардан иборат: азот-78.09%, кислород 20.94% , аргон 0.93 %, углерод қўшоксиди- 0.03 %. Бошқа газларнинг миқдори нисбатан кам. Бундан ташқари, ҳавода доим 3-4 % сув буғлари мавжуд, чанг зарралари бўлади. Атмосферадаги ҳар бир газ ўзига хос физик ва кимёвий хусусиятларга эгадир. Масалан, кислород тирикликни таъминловчи, азот тўйинтирувчи ва совитувчи ва ҳоказо.

Бироқ кейинги вақтларда саноатнинг ривожланиши натижасида атмосферага кўплаб чиқинди газлар чиқарилиши оқибатида глобал миқёсдаги экологик муаммолар келиб чиқмоқда. Жумладан “Иссиқхона самараси”, “Озон қатламини емирилиши”, “Чўлланиш жараёнининг авж олиши” кабилар. Бу жараёнларгаҚуръону каримидаги қуйидаги оятни мисол қилиб келтириш мумкин.

«Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) бало-офатлар юз берди.(Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятлардан)қайтишлари учун, уларга қилган гуноҳларининг (жазосини) тотдириб қўйиш учундир» (Рум, 41).

Аҳолининг эҳтиёжлари доимий равишда геометрик шаклда ўсиб бормоқда. Бироқ моддий неъматлар яратилиши эса арифметик шаклда ўсмоқда. Ўртадаги тафовут табиий ресурлардан янада кенг ва кўпроқ фойдаланиши тақозо этмоқда. Натижада атмосферага янада кўпроқ чиқиндилар чиқишига сабаб бўлмоқда.

Халқимизнинг ажойиб бир мақоли бор “Тоза ҳаво-танга даво”. Албатта ,халқимиз азалдан атроф-муҳитни асраб авайлаган, айниқса, бекордан бекорга хазон ва баргларни ёқмаган, далаларни ўт қўйиш орқали тозаламаган. Сабаби инсонлар учун энг зарур бўлган кислород (О2) ёниб кетади. Масалан 1 литр бензин ёниши учун 15 кг. ҳаво зарур. Лондондан Нью-Йоркка учун Боинг 747 самолёти 80 тонна керосин сарф қилади ва бу ўртача кенгликда жойлаган 10 минг гектар ердаги ўрмоннинг бир кун давомида ишлаб чиққан кислородига тенг келади. Эндиликда ўйлаб кўринг, дунё бўйича қанча транспорт техникаси (самолёт, кемалар, автомашиналар, поездлар ва ҳоказолар) ҳаракатланади. Рум сурасинининг 41-оятида келтирилганидек, қилган ишларимиз бизларга бало қазо бўлмасилиги учун ақл кўзи билан атроф-муҳитга муносабатда бўлсак, уни асраб авайлаш, тежашга тарғиб қилсак, Аллоҳнинг берган неъматлари янада зиёда бўлиб бораверади. Иншоаллоҳ

 

Воҳиджон ИНОМОВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Read 4116 times

Мақолалар

Top