Мақолалар

Зино – замон заволи!

Ислом инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида ўзининг беқиёс кўрсатмаларини берган. Зеро, Ислом инсон ҳаётининг бир бўлаги эмас, балки инсон ҳаёти Исломнинг бир бўлагидир. Ислом жамияти том маънодаги поклик жамиятдир. Ҳамма томон, ҳамма нарса пок бўлиши керак. Бу жамиятда зино ҳаром саналади. Шунингдек, зинога сабаб бўладиган нарсалар ҳам ҳаромдир. Зино инсоннинг руҳий тинчлигини йўқотадиган разолатдир. Иффатли бўлиш кишига тинчлик ва хотиржамлик бахш этади.
Зино бегона аёлга жинсий яқинлик қилиш, деб таърифланади. Бу улкан гуноҳлардан бўлиб, шундай қаттиқ жазога сабаб бўладиган оғир жиноят тўсатдан, ўз-ўзидан содир бўлмайди. Унинг ўзига хос муқаддималари бор. Аввал кўрилади-шаҳват назари тушади, шу маънода гапирилади, иккинчи томоннинг гапи эшитилади, зино жойига юриб борилади, қўл билан номаҳрам шахснинг аъзолари ушланади ва охири зино содир бўлади.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай деган: “(Эй Муҳаммад,) мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар, авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ишлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар, авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!..” (Нур сураси, 30-31-оятлар).

Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. зинодан қайтариб айтадилар: “Эй инсонлар! Зинодан қўрқинглар, унда 6 та зарар бор. Шундан 3 таси бу дунёда, 3 таси охиратда бўлади. Бу дунёдагилари: зино руҳий гўзалликни кетказади, камбағаллик келтиради, умрни қисқартиради. Охиратдагиларга келсак, улар – Аллоҳнинг ғазаби, ҳисобдан ёмон ўтиш ва жаҳаннам азобидир”.

Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Зинокор зино қилаётган вақтида мўмин ҳолида бўлмайди, ўғри ўғрилик қилаётган вақтда мўмин ҳолида бўлмайди, хамр ичувчи ичаётган вақтда мўмин ҳолида бўлмайди ва киши бировнинг молини зўрлик билан олаётганида одамлар у зўрлик билан олаётганида ундан кўзларини юмадиган бўлишса, у мўмин ҳолида бўлмайди. Сизлардан бирорталарингиз жиноят қилаётганда у мўмин ҳолида бўлмайди. Бас, бу нарсаларни қилишдан сақланинглар, сақланинглар”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар киши зино қилса, иймон ундан чиқади ва унга соябон каби бўлади. Агар (зинодан) бош тортса, иймон унга қайтади” (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки зино қилса ёки хамр ичса, худди инсон бошидан кўйлагини ечиб олгандек, Аллоҳ ундан иймонни ечиб олади” (Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Аллоҳ таоло инсон танасининг айрим жойларига қарашни ман этган. Бунинг фойдалари бисёр. Номаҳрамларга қарашдан кўзини тийган одамнинг қалби ҳам, танаси ҳам саломат бўлади. Қолаверса, нигоҳни номаҳрамлардан тийиш билан жуда кўп ёмонликлар олди олинади, оилалар тинч бўлади. Бунинг биз билган-билмаган ҳикматлари кўп.

Кимнинг эри ё хотини бўла туриб фаҳшга, зинога яқинлашса, у ўта ҳаддан ошган одамдир. Ундайлар соф инсоний табиатдан мутлақо четда бўлган одамлардир.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Али, назарга назарни эргаштирма. Албатта, биринчиси сен учун безарар бўлса ҳам, бошқаси ундоқ эмас, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган). Биринчи назар, номаҳрамга тўсатдан тушгани учун зарарсиз ҳисобланади, гуноҳ бўлмайди. Аммо ундан кейин яна қайта назар солишни тўсатдан деб бўлмайди, буниси қасдан бўлган бўлади ва гуноҳ ҳисобланади.

Ушбу таълимотлар ҳам Ислом жамиятини пок сақлаш, йигит-қиз ва эркак-аёлларни турли ношаръий ишлардан, улардан келиб чиқадиган нохуш оқибатлардан ҳимоялаш учун келгандир. Ислом шариати ҳукми бўйича эркак кишининг аёлларнинг йўлини тўсиши, тегажоқлик қилиши, гап отиши у ёқда турсин, пинҳона назар солиши ҳам ҳаром, хиёнат ҳисобланади. Уйланмоқчи бўлса, шариат кўрсатмаси бўйича назар солсин, гуноҳ ҳам бўлмайди, биров маломат ҳам қилмайди. Ўз хотинига хоҳлаганича назар солсин, ундан лаззат олсин, савоб бўлади. Аммо бировнинг хотинига ёки бировнинг хотини бўладиган ожизага шаҳват назари билан қарамасин. Зино содир бўлмаган чоқда ҳам кўз зиноси бўлади, хиёнат содир бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бор эркаклар номаҳрам назарлардан ўзларини сақласинлар, аёл-қизлар эса ўзларини кўз-кўз қилмасинлар.

Тиб олимларининг, хусусан жинсий соҳа мутахассисларининг олиб борган илмий текширишлари ёш йигитларнинг, умуман, эркакларнинг аёлларга шаҳват назари билан қарашлари жинсий ожизликни келтириб чиқаришини исботлади. Чунки бошқа жинсга шаҳват назари билан қараган одамда жинсий майл уйғонади, у майлни қайтариш эса осонлик билан бўлмайди. Бу жараённинг кўп такрорланиши эса жинсий ожизликка олиб келади.

Биз Аллоҳнинг амрига итоат этсак, У Зот дилимизга ихлос неъматини солади. Унинг ҳаловатини ибодат чоғида сезамиз. Дунёда имон лаззатидан ҳам қадрлироқ, кўнгил хотиржамлигидан-да тотлироқ неъмат йўқ. Аллоҳ таоло барчамизни мустаҳкам имон, ихлос, офият неъмати билан сийласин!


Комилжон ШОДМОНОВ,

“Зарафшон” жоме масжиди имом-хатиби

Read 9830 times

Мақолалар

Top