Мақолалар

Болага меҳмондорчилик одобларини ўргатинг!

Бирор ўзбек хонадони йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни дастурхонга келтириб тўкмаган бўлсин. «Меҳмон – отангдек улуғ», «Меҳмон келар эшикдан, ризқи кирар тешикдан»,  «Меҳмон олдида ҳатто мушугингни пишт дема» каби мақол-ҳикматлар бежизга айтилмаган.

Иброҳим алайҳиссалом ғоятда меҳмоннавоз бўлганлар. Меҳмондўстлик одобимизнинг, хулқимизнинг энг муҳим  кўринишидир. Хабарда: «Меҳмондўст бўлмаган одамдан яхшилик кутилмайди», деб келган. Ҳадисда шундай дейилган: «Ким Аллоҳга ва охиратга имон келтирса, меҳмонини иззат-икром қилсин. Мезбоннинг бир кеча-кундуз кўрсатган иззат-икроми, қилган зиёфати меҳмонга  бир мукофот тариқасида бўлсин. Асли меҳмоннинг иззати уч кундир. Бундан ортиғи меҳмон учун садақадир».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эса: “Меҳмон кирмаган уйга фаришталар ҳам кирмайди”, деганлар. Иброҳим алайҳиссаломни меҳмонларнинг отаси, деб аташарди. У кишининг уйида тўртта эшик бўлиб, қайси эшикдан бирор меҳмон кириб келаркин, деб қараб ўтирар эдилар.

Ҳусайн Воиз Кошифий меҳмондорчилик одобларини ўн тўртта деб санаган: «Меҳмонга ҳалол ва покиза таом тортиш; меҳмон кутишда бирор ғаразли мақсад ёки риё бўлмаслиги; меҳмонни илтифот билан кутиб олиш ва яхши жойга ўтқазиш; меҳмон қаршисида очиқ чеҳра билан хушнуд ўтириш; меҳмон қанча кўп келса ҳам ранжимаслик; чақирилмаган меҳмонни кўпроқ ҳурмат қилиш; бахиллик қилмаслик ва меҳмондан ҳеч нарсани қизғанмаслик; ясама илтифот кўрсатмай, қўлдан келганича самимий бўлиш; меҳмондан қайси таомни ёқтиришини сўрамаслик; меҳмон учун ўзи энг яхши кўрган таомни тайёрлаш; овқат ейишга ҳадеб зўрламаслик; меҳмон агар ташқарига чиқса бирга бошлаб чиқиш ва камида етти қадам бирга юриш; ўзини кўрсатиш учун ҳадеб узрхонлик қилмаслик; миннат қилмай, дастурхонидан нон еганига хурсанд бўлган ҳолда шукр қилиб, миннатдорчилик билдириш».

Маҳмуд ибн Муҳаммад бундай дейди: «Меҳмон келгач, ундан нима ейишини, кўнгли нима тусаётганини сўраса бўлади. Агар унинг истаги инобатга олинса, меҳмон хурсандчилиги зиёда бўлади. Бироқ меҳмондан: “Бирор нарса ейсизми, бирор нарса олиб чиқайми” каби саволларни сўраш ўта одобсизликдир. Шунинг учун уйда борини унинг олдига қўйиш керак”

Меҳмондорчилик тартибларини Қайюм Носирий бундай таърифлайди: «Меҳмонга борсанг, уй эгаси кўрсатган жойга ўтир. Нимани келтирса индамай е. Мезбон ташқарига чиқса, ўрнингдан турма, рухсатсиз нарса қидирма. Гоҳ у нарсани, гоҳ бу нарсани ушлайверма. Аммо хонада китоблар бўлса, кўришинг мумкин».

Маҳмуд Кошғарий: «Бефаҳм меҳмон уй эгасини хижолатга қўяди», деган экан.

Меҳмондўстлик яхши одамларнинг ибратли фазилати саналади, меҳмондўст бўлмаган одамдан яхшилик кутилмайди. Меҳмонга таом кечиктирмай олиб келинади. Нон дастурхонга егулик миқдорда қўйилади, синдирилгани бўлса яна ушатилмайди. Мезбоннинг баъзида «олинг, енг» деб туриши савобли иш, бу уч мартагача айтилади. Аммо меҳмонни хижолат қилиб ҳадеб таомга зўрлайвериш одобсизлик саналади.

Таом келтирилгач, уй соҳиби (мезбон) тановулга изн беради, агар меҳмон бегона бўлса, аввал уй эгасининг ўзи таомга қўл узатади ва ҳаммадан кейин тортади. Яқинлари ва биродарлари бўлса, ҳурмат юзасидан улардан олдин қўл чўзмайди.

Мезбон лаззатли ва латиф таомни меҳмонига илинади, ўзи бундайроғини ейди. Агар таом оз бўлса ёки меҳмоннинг очлиги сезилса, ўзи камроқ еб, меҳмонга кўпроқ қолдиради. Уйда нима яхши таом, мева-чева ва бошқа неъматлар бўлса, аввало меҳмонга тортилади.

Меҳмон келтирилган таомнинг айбини топмасдан, нима келтирилса мақтаб ейиши зарур. Агар дастурхон атрофида ёши улуғ киши бўлса ундан олдин таомга қўл узатилмайди. Меҳмоннинг овқат келадиган томонга ҳадеб ўгирилавериши яхши эмас.

Чақирилмаган жойга меҳмонга борилмайди. Агар икки киши баравар айтган бўлса, яқинроқ қўшниникига борилади. Иккови ҳам яқин бўлса, ошно ва дўстроғиникига борилади.

Мезбон (зиёфат эгаси)нинг изнисиз чақирилмаган одамни бошлаб бормайсиз. Мабодо бирор киши эргашиб бориб қолса, мезбон эшигига келганда ҳолатни тушунтириб, ундан ижозат оласиз. Агар бир жамоани меҳмонга чақирсангиз, улар озчилик бўлса бирга ўтирсангиз зарар қилмайди. Чунки уларга дастурхон устида хизмат қилиб туриш керак бўлади. Борди-ю, улар кўпчилик бўлса, ташқарида хизмат қилиб турган маъқул. Меҳмон кетар чоғида мезбон билан “Ассалому алайкум” деб хайрлашади, хонадон ҳаққига дуо қилиб, меҳмондорчилик учун миннатдор бўлганини билдиради.

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3224 times

Мақолалар

Top