Мақолалар

Шарофатли ва барокатли кеча

Бисмиллаҳир раҳмонир раҳийм. Аллоҳ таолога шукроналар бўлсинким, мана бир неча кундан бери Рамазон шукуҳи бутун республикамиз бўйлаб кезиб юрибди. Диёримиздаги  икки мингдан ортиқ жомеъ масжидларда таровиҳ намозлари адо этилмоқда. Аксариятларида хатми Қуръон ҳам бўлиб ўтмоқда. Айниқса, унда ёш қориларнинг ниҳоятда тажвид ва тартиб ила ўқишлари мусулмонларни хурсанд қилмоқда. Истиқлолдан олдин ҳам хатми Қуръонлар  бўлар эди, у диёримиздаги жомеъ масжидлардан фақат саноқлиларда бўларди. Қориларни гоҳ Покистондан, гоҳ Афғонистондан, Туркия ва Мисрдан чақирар эдик.  Бу кунларга етказган Аллоҳга шукроналар бўлсинким,  диёримиздан етишиб чиққан ёш қориларимиз ҳатто, хорижий мамлакатларда бўлиб ўтаётган Халқаро қорилар мусобақаларида иштирок этиб нуфузли юқори ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Муборак ҳадиси шарифда айтилишича, Рамазони шариф жаннат эшиклари очиладиган, дўзах азоб-уқубатлари тўхтайдиган улуғ ойдир.

Бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом марҳамат қилган ушбу ҳадиси муборакда шундай дейилади:

«...Парвардигордан гуноҳларингизни кечиришини сўранг, намоз вақтида қўлларингизни кўтариб Аллоҳга илтижо қилинг, зеро бу вақт фазилатли дамдир. Парвардигор бу вақтда ўз бандаларига раҳмат назари билан боқади, унга мурожаат этсалар ва сўрасалар, ато этади, дуо қилсалар, ижобат айлайди».

Муборак рамазон ойи уч қисмга бўлинади: биринчи ўн кунлиги Аллоҳ таоло томонидан мўмин-мусулмон бандаларига Ўзининг беҳисоб раҳматини нозил қилса, иккинчи ўн кунлигида рўзадорларни инсончилик билан эҳтиётсизлик натижасида қилиб қўйган саҳву хатоларини мағфират қилиб, гуноҳларидан фориғ этади, иншоаллоҳ. Энг муҳими учинчи ўн кунлиги оташи дўзахдан сақловчи кунлардир. Зеро охирги ўн кунлик ичида Аллоҳ таоло «Қадр кечаси»ни беркитди ва бандаларига мана шу кунда, яъни, бу кечадаги ибодатнинг савоби минг ой давомида қилинган ибодатдан афзал деб хабар берди. Бу кеча фазилатини Қуръони каримда қуйидаги мазмунда баён қилинганлигини кўрамиз. Қуръони каримни Биз Муҳаммад алайҳиссалом учун Рамазон ойининг «Лайлатул Қадр» кечасида Лавҳул маҳфуздан биринчи осмонга нозил қилдик. «Лайлатул Қадр кечасининг улуғлиги шу қадарки, у бошқа оддий ойларнинг мингтасидан ҳам афзалдир. Бу муборак кечада фаришталар билан бирга Жаброил алайҳиссалом, Парвардигорнинг изни билан ер юзига тушадилар ва келаси йилнинг шу кунигача бўладиган барча ишларни Аллоҳнинг иродасига мувофиқ равишда белгилайдилар. Бу кечанинг аввалидан то субҳ тонгига қадар инсоният учун хайрли тадбирлар кўрилиши билан бирга фаришталар барча аҳли имон бандаларига салом айтиб турурлар.

Қуръонни  Муҳаммад алайҳиссаломга Рамазон ойида ва айнан Лайлатул Қадр кечасида нозил қилингани тўғрисида бошқа оятлар ҳам мавжуд.

«Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...» (Бақара, 185).

Бу ердаги «ажрим этувчи» деганда, ҳақиқат билан ботил, ҳалол билан ҳаром, савоб билан гуноҳ иш ўртасидаги фарқни белгилаб берувчи деб тушуниш керак. Бошқа бир оятда эса, яъни   «Духон» сурасининг 3-оятида, Аллоҳ таоло: «...Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик...» дейди. Бундаги «Муборак кеча»дан мурод Лайлатул қадр кечаси. Ҳадисларда келган маълумотларга қараганда «Қадр кечаси» Рамазон ойининг 26дан 27га ўтар кечаси эканлиги маълум бўлади.

«Духон» суранинг 4-оятида ва «Қадр» сурасининг 4-оятида берилган илоҳий башоратларга қараганда, Қадр кечасида келгуси йилнинг шу кечасига қадар юз берадиган барча ишлар ўлчаб, ҳисобланиб қўйилар экан.

Мана шу ояти карималар далолат қилишича, Қуръони карим Рамазон ойининг Лайлатул Қадр кечасида Лавҳул маҳфуздан биринчи осмонга тўла тўкис 114 сураси билан туширилган. Лекин Жаноби Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи васалламга 23 йил мобайнида муқтазои ҳолга қараб, бўлиб турган ҳодисаларга мувофиқ, сура-сура ёки оят-оят шаклида Жаброил алайҳиссалом воситалари ила нозил қилиб турилган.

Муфассирлардан Имом Қуртубийнинг айтишларича, «Таврот»   Мусо алайҳиссаломга рамазоннинг олтинчи куни, «Инжил» Исо алайҳиссаломга, Иброҳим алайҳиссаломга саҳифалар ҳам шу муборак ойда нозил қилинган.

Азизлар, Муборак Қадр сурасидан уч хил фазилатни англашимиз мумкин.

Биринчиси — бу муборак Лайлатул Қадр кечасининг минг ойга баробарлиги ва ундан ортиқлиги.

Иккинчиси — бу кечада осмон фаришталари  Жаброил алайҳиссалом билан бирга  ер юзига тушиб, мўмин мусулмонларга салом айтиб, дуоларга “омин” деб туришлари.

Учинчиси - то субҳи тонггача аҳли имон бандаларига  Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб туриши.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Қадр кечасини бедорликда, ибодат билан ўтказар эдилар. Қадр кечаси Рамазон ойининг қайси кунига тўғри келиши хусусида Пайғамбаримиз шундай деганлар: «Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан қидиринг». Бу борада Он ҳазрат яна айтганларки: «Кимки Қадр кечасини кутмоқчи бўлса, Рамазон ойи охирги ўн кунлигининг еттинчисида кутсин!».

Пайғамбаримизнинг ушбу кўрсатмаларига биноан, Қадр кечаси Рамазон ойининг 26-кунидан 27-кунига ўтар кечаси кутиб олинмоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир ҳадис шарифларида:

«Ҳар кимики Лайлатул Қадр кечасида чин ихлос ва имон билан Аллоҳ учун бедор бўлса, ўтган жамики гуноҳлари мағфират қилинур», ─деб башорат берганлар.

 

Шайх Абдураззоқ  ЮНУС,

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Read 5880 times

Мақолалар

Top