Мақолалар

Ёшликдаги баракалар

Зайд ибн Абу Зарқонинг шундай деганлари ривоят қилинади: “Биз Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳнинг эшиги олдида турганимизда у киши чиқиб бундай насиҳат қилдилар: “Эй ёшлар жамоси, илмингизнинг баракаларини илиб қолишга шошилинглар! Сизлар, эртага кўзлаган  мақсадингизга етишасизларми ёки етишмайсизларми билмайсизлар. Бир-бирингизга илм ўргатинглар””.

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ “илмингизнинг баракаларини илиб қолишга шошилинглар” деганларида, “илм ўрганиш учун бу фурсатингизни ғанимат билиб уни фойдали ўтказинглар” демоқчи бўлганлар. Зеро, инсон ёши улғаяр экан, унда ёшлигида бўлгани каби илм олиш учун куч-қувват, шижоат, фаҳму фаросат ва зеҳн бўлмайди. Бундан ташқари, унинг ўз ёшига яраша масъулиятлари, ишлари ва машғулотлари бўлади. Яна шуни билингки, ёшлик даври жуда ҳам тез ўтиб кетади. Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ: “Ёшликни енгимдаги нарсага ўхшатдим, уни тушиб қолганини билмай ҳам қолдим” деганлар.

Лекин минг афсуслар бўлсинки, ҳозирда ёшларимиз, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва плейстейшн (playstation) клубларида ўтказиб умрларининг энг яхши даврини зое кетказаяптилар.  Уларнинг “бу замон талаби” дея ўзларини оқлашлари инсонни ажаблантиради. Менинг бу гапга айтадиган жавобим шуки, “Агарда бу замон талаби бўлса, Президентимиз кутаётган бухорийлар, насафийлар, термизийлар-у замахшарийларни бу замонда, бу юртдан чиқишидан умидингизни узаверинг”.

Албатта ҳар бир йигит катта ютуқларга эришишни, мол дунёси кўп бўлишини, жамиятда ўз ўрнини топишни  ёки ўзининг бошқа мақсадларига етишни истайди. Бу нарсаларнинг ҳаммасига фақат қийинчиликларга қарамай доимо ҳаракатда бўлиш, Аллоҳдан ёрдам сўраш ва вақтни ғанимат билишлик билан етишилади. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Бизнинг йўлимизда жидду жаҳд қилганларни тўғри йўлга бошлаб қўямиз. Ва албатта Аллоҳ муҳсинлар билан биргадир”. Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ: “Бир-бирингизга илм ўргатинглар” деган сўзлари билан йигитларни илм  мажлисларини қуришга қизиқтирдилар. Зеро, илм мажлисларини фаришталар ўраб олишади ва мажлис аҳлига салавотлар айтишади. Толиби илмлар яна шуни билишлари лозимки, ўзлари яхши тушунмаган ва бефойда масалаларда баҳс қилиб вақтларини бекорга кетказишлари улар учун зарардан бошқа нарса эмас.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтмоқчимизки, илм йўлида қийинчилиг-у машаққатларга бардош беролмайдиган инсон Аллоҳдан кўп нарса кутмасин.  Зеро, осонликча келган ош томоққа тиқилади.  Аллоҳ ҳаммамизга ўз баракаларидан ато қилсин! Омин!

Манбалар асосида Мирза Ғолиб” жоме масжид имом-хатиби
Муҳаммадхон Султонхонов тайёрлади
. 

http://nasihat.uz

Read 3458 times

Мақолалар

Top