Мақолалар

Тинчлик неъматининг қадри

Масжидда аср намозини адо этаётган эдик. Дафъатан, кўча тарафдан ғала-ғовур, бақир-чақир овозлар эшитила бошлади. Шовқиннинг тобора кучайиб келаётганидан жанжаллашаётган кишиларнинг масжид томон яқинлашаётганини англаш мумкин эди.  Ҳаммамизнинг хаёлимиз бўлиниб, қалбимизга ваҳима ва қўрқув оралади. Минг ҳаёллар билан намозни адо қилдик. Бақир-чақирларнинг кучлилигидан намоздан сўнг айтиладиган тасбеҳлар ва тиловати Қуръон шу намозда қолдирилди. Чунки ваҳиманинг кучидан бу нафл ибодатлар ҳеч кимнинг юрагига сиғмади. Жамоат шошилганча ташқарига чиқиб кета бошлади. Ташқарига чиққач эса бир тўда маст-аласт ёшларнинг бир-бири билан жанжаллашиб муштлашаётганига гувоҳ бўлдик. Кимдир милицияга қўнғироқ қилди, яна кимдир уларни ажратишга ҳаракат қилди. Хуллас,  қисқа фурсат  ичида бу жанжаллар бартараф этилди ва ҳамма ўз йўлига тарқалди.

Бу воқеа кимга қанақа таъсир қилди билмадим-у, лекин мен учун катта дарс бўлди. Бир умрга унутилмас сабоқ бўлди. Чунки бу қисқа фурсатда мен тинчлик деган неъматнинг қадри нақадар баландлигини ҳис этдим. Сабаби, шу чоқда мен ибодат лаззатини, ҳаловатини унутган эдим. Нафақат мен, балки бутун бошли жамоатнинг қалбига намоздан кейинги зикрларнинг лаззати, тиловати Қуръонларнинг лаззати сиғмай қолди.

Беихтиёр хаёлимга Асри саодатдаги ўша машҳур “Ҳудайбия сулҳи” кела бошлади. Ўшанда мусулмонлар ва Макка мушриклари ўртасида ўн йил муддатга тузилган бу тинчлик шартномасини ёзаётганларида маккаликлар вакили бўлган Суҳайл ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Муҳаммад, сен айтаётган бу “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм ва Муҳаммадур Расулуллоҳ” калималарини қоғозга ёзмаймиз, дея ушбу икки жумлани ўчиришни талаб қилган эди. Бу ҳолатни кузатаётган саҳобаларнинг жахли чиққанича, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан мушрикларнинг бу шартига кўнмасликларини сўрашган эди.  Расулуллоҳ (с.а.в.) эса набавий ахлоқ ила, тинчликка бўлган харисликлари сабабли уларнинг бу шартига кўниб, бу икки муборак жумлани ўз қўллари ила ўчирган эдилар. Ўшанда Сарвари коинотнинг бу амаллари баъзи бир саҳобаларда норозилик кайфиятини уйғотган эди. Улар ўз фикр доираларидан келиб чиқиб, бу икки муборак калиманинг ўчирилишини гўёки катта бир мусибатдек қабул қилиб, ҳаттоки Расулуллоҳга (с.а.в.) уруш таклифини ҳам билдирган эдилар.

Бироқ Росули акрам (с.а.в.) илоҳий таълимотга эга эдилар. У зотнинг бирор амаллари беҳикмат эмас эди. У зотинг ушбу тинчлик сулҳини имзолаш учун қилган барча ҳаракатларининг самараси сулҳдан кейинги тинчлик замонида яққол билина бошлади. Гарчи бу сулҳ бор-йўғи икки йил давом этган бўлса-да, ушбу икки йилда Ислом динининг ривожи учун катта йўл очилди. Мусулмонлар ўз ахлоқи ва гўзал турмуш тарзи билан ўзгаларга ибрат бўлиб, одамларда Исломга рағбат уйғотди. Расулуллоҳдан (с.а.в.) илм ва Қуръон ўрганиб,  ўзгаларга таълим бера бошлади. Натижа эса жудаям сезиларли даражада ўзгарди. Ҳижратнинг олтинчи йилида бўлган бу тинчлик сулҳи тузилаётган пайтда атиги бир ярим ёки икки мингга яқин мусулмон бор эди. Икки йилдан сўнг эса Росулуллоҳ (с.а.в.) Макка фатҳига ўн мингта мусулмон билан кириб келдилар. Уруш ва жанжаллар билан ўтган йилларда то Ҳудайбия сулҳигача икки минг атрофида мусулмон омон етиб келган бўлса, тинчлик сулҳи тузилгандан сўнг бу кўрсатгич икки йилда беш баробар ўсди. Гарчи, саҳобалар наздида Расулуллоҳ (с.а.в.) зоҳиран икки калимани ўчириш эвазига тинчлик сулҳини тузган бўлсалар-да, бироқ айнан шу сулҳ бу икки муборак калиманинг олий бўлишига хизмат қилди. 

Демак, тинчлик энг аввало мусулмонлар учун, илм олишни ният қилганлар учун, Аллоҳнинг фарзларини ўз вақтида хушу ва ҳаловат билан адо этмоқчи бўлганлар учун зарур. Аллоҳ таолонинг фарзларидан бири бўлган муборак ҳаж амали бандага фарз бўлишининг битта шарти бу – йўлда тинчлик ва омонликнинг бўлишидир. Агар, кишининг мол давлати ва куч-қуввати бўлса-ю,  бироқ, то Маккаи мукаррамага бориб келгунча йўлда тинчлик ва омонлик топилмас экан, бу ҳаж амали кишидан то ушбу шартлар топилгунга қадар соқит бўлади.

Ҳа, азизлар! тинчлик шундай бебаҳо неъмат. Инсонга берилган неъматлар ичида иймондан кейинги ўринда турадигани бу – тинчлик неъмати. Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида “тинчлик”, “омонлик” маъносини англатувчи “ас-силм”, “ал-амн” калималарини бир юз-у элликка яқин жойда зикр қилган. Уруш маъносини англатувчи “ҳарб” сўзи эса, бор-йўғи олти ўринда зикр қилинган, холос.

Бундан аён бўладики, Ислом динининг ривожи, ажри улуғ ибодатларнинг бош сабабчиси бу – тинчлик неъматидир. Шунинг учун уламолар бу неъматни кўзнинг нурига ўхшатишган. Чунки атрофда турли-туман, ранг-баранг неъматлар сочилиб ётган бўлса-да, кўзнинг нури бўлмаса, бу неъматларнинг бирортаси кўринмайди.

Тинчлик – оддий неъмат эмас, балки жаннат неъматларидан бир нишонадир. Аллоҳ таоло жаннатийларга айтади: “Уларга тинчлик, омонлик ила киринглар” (Ҳижр, 46).

Шунинг учун Расули акрам (с.а.в.) бу неъматнинг қадрига етишга, ундан оқилона фойдаланишга тарғиб қилиш билан бирга, Аллоҳ таолодан бу неъматни дуо ила асшрашни ҳам таълим берганлар.

Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: “Эй Расулуллоҳ, менга бир нарса ўргатингки, у билан Алллоҳдан сўрайин”, деганимда, у зот: “Аллоҳдан офиятни сўранглар”, деб айтдилар. Бир неча кун туриб, сўнгра бориб, “Эй Аллоҳнинг Расули, менга бир нарса ўргатингки, мен у билан Аллоҳдан сўрайин”, десам у зот: “Эй Аббос, эй Аллоҳ Расулининг амакиси, Аллоҳдан дунё ва охиратда офиятни сўранглар”, деб айтдилар (Имом Термизий ривояти).

Ҳа азизлар, тинчлик ва хотиржамлик, тўкин-сочинлик – Аллоҳнинг бизга берган бебаҳо неъматларидандир. Агар шукр қилсак ва қадрига етсак, бу неъматлар зиёда бўлади. Аксинча, ношукрлик ва гуноҳ сабабли, бу неъматларга завол етказиб қўймайлик. Бу ҳақда Раббимиз шундай огоҳлантирган: “Аллоҳ бир шаҳарни зарбулмасал қилади: у омонлик ва хотиржамликда эди. Ризқи ҳар макондан сероб ҳолатда келиб турарди. Сўнг у Аллоҳнинг неъматларига куфр келтирди. Бас, Аллоҳ унга, қилган ишлари учун, очлик ва хавф кийимини тоттирди”. (Наҳл, 112).

Аллоҳ таоло барчамизга икки дунё хотиржамлигини насиб этсин. АМИЙН!

Раҳимжон Марҳумов,

 Тошкент шаҳридаги “Мевазор” масжиди имом-хатиби

Read 4136 times

Мақолалар

Top