Мақолалар

Илмга чанқоқ, ғайратли ёшлар

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳиматуллоҳ айтади: Касир ибн Қайс ривоят қилади: Абу Дардо розияллоҳу анҳу билан Дамашқдаги масжидда бирга ўтирган эдим. Бир киши келиб: «Эй Абу Дардо, мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳарларидан сиз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: ривоят қилган бир ҳадисни сўраш учун келдим», деди. Абу Дардо: «Тижорат учун эмас, эҳтиёж учун эмас, фақат шу учун келдингми?» деди. Ҳалиги киши: «Фақат мана шу иш учун келдим», деди. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдимки, "Ким илм талаб қилинадиган йўлни тутса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлларидан бири йўлни енгил қилиб қўяди ва Аллоҳнинг малоикалари толиби илм учун унинг қилаётган ишидан рози бўлиб қанотларини қўядилар, олим учун осмон ва ердаги ҳамма нарсалар, сувдаги балиқларгача истиғфор сўрайди. Олимнинг обиддан афзаллиги бадр (тўлин ой) кечасидаги ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор-дирҳам мерос қолдирмадилар. Илмни мерос қолдирдилар. Ким уни олса, катта насиба олибди", дедилар»

Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу: «Икки оч кўз ҳеч тўймайди: Толиби илм ва дунёни талаб қилувчи. Улар баробар эмаслар. Илм толиби Аллоҳ розилигини зиёда қилаверади, аммо дунё толиби ҳаддидан ошиши зиёда бўлаверади», деди. Сўнг ушбу оятни ўқиди: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим билимдонларгина қўрқур» (Фотир сураси, 28-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким дўзахдан озод қилинганларга қарашни яхши кўрса, илм олувчиларга қарасин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, қайси бир таълим олувчи олимнинг эшигига келса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир қадамига бир йиллик ибодат савобини ёзади ва ҳар бир қадамига жаннатда бир бино барпо қилади. Ерда юрса, унга истиғфор сўрашади. Кечаси ва кундузида гуноҳлари кечирилган ҳолда бўлади. Унга малоикалар гувоҳлик беради ва: "Ана улар Аллоҳнинг дўзахдан озод қилган бандалардир" -деб айтади».

Дарҳақиқат, бугун жонажон юртимизда айни паллада жаннатнинг йўлларидан бирини излаш йўлида ғайрат қилаётган ёшларнинг умид ва ҳадикни кўриб турибмиз. Сабаби бугун юртимиз бўйлаб, барча олий таълим муассасаларига ўқишга илм олишга кириш иштиёқида унга имтиҳон топшириш палласида туришибди. Бу йил ҳар йилги анъанага ўзгача тус кириб, ўн кун муддат ичида босқичма-босқич имтиҳон топширилмоқда. 

Бугун ёшлар ичида талаба бўлиш орзусида юрган, Аллоҳдан катта умид ва ихлос билан дуо бўлиб, турган абитурентлар ичида бизнинг шогирдларимиз ва ўқувчиларимиз ҳам борлиги қалбимизга қувонч солади. Биз ҳам келажак авлоднинг ҳаётий йўлига бир унум ва барака киришига сабабчи эканмиз. Ўз- ўзидан қалбимизда шукроналик ҳисси уйғонади.

Ҳа, биз серғайрат ёшларни кўриб бир вақтлари ўзимизнинг худди шундай қилиб юрган, олий таълим муассасаларига кириш умидида ғайрат қилиб юрган даврларимиз ёдимга тушади. Ўша даврда бугун мен каби қувониб ҳаққимизга дуо қилган йўлимизни топишимизда ўзини беминнат ҳиссасини қўшган устозларимизнинг севинчини ҳис қилмоқдаман. 

Аллоҳ таолодан чин қалбдан дуо қиламанки, бугун кўзимизни қувонтириб турган ёш шогирдларимизни, биз каби устозлари дуо қилган инсонлар қаторида қилсин. Бизни дуо қилган устозларимизнинг ҳаётларига Аллоҳнинг Ўзи умрига, ризқига баракотлар ато қилсин. Бу дунёдан ўтиб кетганларини Аллоҳ мағфиратига олсин. Бугун биз ҳам эндигина ҳаёт остонасига қадам қўйиб келаётган шогирд ва ўқувчиларимизга дуо қилиб турсак қачондир бир кун бу ёшлардан бизнинг ҳам ҳаққимизга холис дуолар қилишини умид қилиб қоламиз. Бугун олий таълим муассасаларига имтиҳон топшириш олдидан катта орзу-умидлар билан турган ёшларга Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати билан илму ладун ато қилишини, юзларини ёруғ қилиб, интилиб турган ўқишларга кириб олишини тилаб қоламиз.

 

Одилжон РАСУЛОВ,

Марҳамат туманидаги «Бозор боши» жоме масжиди имом-хатиби,

22-умумтаълим мактабининг тарих ва ҳуқуқ фани ўқитувчиси

Read 3554 times

Мақолалар

Top