Мақолалар

Қурбонлик фазилати

Ислом оламида бешинчи аркон муборак ҳаж зиёрати адо қилинадиган зулҳижжа ойи яқинлашиб келмоқда. “Йўлга қодир бўлганлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир”, деган ояти каримага – Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ зиёратчилар ҳаж амалини бажаришга ошиқмоқдалар.

Зулҳижжа ойининг фазилатли қурбонлик кунларида қурбонликни ният қилганлар, ушбу ниятини адо қилганларга беҳисоб ажру савоблар ёғилиши бор. Ҳазрати Али к.в. Расулуллоҳ с.а.в. дан ривоят қилган ҳадисда  “Кимки қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва гуноҳларини кечиради. Қурбонликни савдо қилаётганда, айтган сўзларини тасбеҳ ўрнига қабул қилади. Қурбонлик учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳам савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта ясатади ва улар қиёматгача унинг истиғфорини айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун бир қулни озод қилганлик савоби ёзилади”, дедилар.

Муборак ҳадисдан аён бўладики, қурбонлик учун қилинадиган ҳар бир ҳаракатга савоб бўлар экан. Мана шундай совоб илинжида бўлганлар қурбонлик учун қандай жонлиқ мумкин-у, қандай жонлиқ мумкин эмаслигини яхши билишлари лозим бўлади. Қурбонликка туя, сигир, қўй, эчки каби жонлиқлар сўйилади, лекин товуқ, ғоз каби паррандалар бўлмайди. Қурбонликка аталган ана шу жонлиқлар: туя, сигир беш-етти киши номидан; қўй, эчки бир киши номидан қурбонлик қилинади. Бу жонлиқлар ориқ, касал, чўлоқ, кўр, шохи синган, қулоғининг ярмидан кўпи кесилган, нуқсонли бўлмаслиги, ҳар жиҳатдан соғлом, семиз, айблардан холи бўлиши керак.

Қурбонликни ният қилганлар жонлиқни сўядиган вақтни ҳам яхши билмоғи лозим. Қурбон ҳайити ўқилгандан сўнг жонлиқлар сўйилади ва учинчи кун аср намозигача қурбонликлар адо қилинади. Ҳайитдан илгари сўйиб қўйса, ёки уч кунни ўтказиб сўйса, қурбонлик ўрнига ўтмайди. Баъзилар қассобларнинг қурбонлик кунларида уч кун одатдагидек мол сўйиб дўконга олиб келса, қурбонликка ўтиб кетаркан? дейдики, бу мутлоқо нотўғридир. Чунки қурбонликка ният бор, жонлиқни эҳсон қилиб тарқатиш бор, лекин одатдагидек мол сўйишда ният савдо учун бўлгани боис, улар қурбонликка ўтмайди.

Қурбонликни ҳайит кунидан бошлаб, уч кун ичида адо қилганларга Расулуллоҳ с.а.в. хушхабар этиб муборак ҳадисда: “Гувоҳлик бераман, ҳар ким қурбонлик қилса, қурбонликнинг ерга томган биринчи томчи қони учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг ўтмишдаги гуноҳларини мағфират этади”, дедилар.

Парвардигоримиз юртимиз, халқимиз учун келаётган Қурбон ҳайитини баракотли қилсин, барчамизни шундай улуғ кунлар фазилатидан насибодор айласин!

Ҳазрат Жаҳонов,

“Қизбиби” жоме масжиди имом-хатиби

манба: hazratnavoi.uz

Read 4181 times

Мақолалар

Top