Мақолалар

Болага таом ейиш одобини ўргатинг!  

Мусулмон киши ота-онаси, аҳли аёли ва фарзандларини ҳалол ризқ билан таомлантиришга эътибор бериши зарур. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз!» (Моида, 88), деб марҳамат қилган.

1.Таомдан олдин қўл ювиш. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладиларки: “Таомланишдан олдин қўлни ювмоқликда бир савоб бўлса, таомланиб бўлгач ювмоқликда, икки ҳисса савоб бор (Ҳоким ривояти).

Шу мазмундаги бошқа бир ҳадисда эса: Таомланишдан олдин ва ундан кейин қўл ювишлик фақирликни кетказади ва бу амал пайғамбарларнинг суннатидир (Табароний ривояти).

  1. Дастурхон атрофида қулай ҳолатда ўтириб, то туриб кетгунга қадар бир аснода, яъни ётиб олмай ёки ёнбошлаб олиб овқатланмаслик. Зеро, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ишларни қатъиян ман қилганлар. Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, “Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Мен ёнбошлаган ҳолимда таом емайман, дедилар” (Бухорий ва Термизий ривояти).

Бундай ҳолатлар нафақат беодоблик, балки соғлиққа зарарли ҳам экани ҳозирги тиббиёт олимларнинг чуқур изланишларидан сўнг маълум бўлмоқда. Мисол учун, япон олимлари инсон тик турган ҳолда овқатланишга ёки суюқлик ичишга одат қилган бўлса, у албатта, ҳаёти давомида кўричак касалига мубтало бўлиши аниқ, деб хулоса берган. Чунки инсон тик турган ҳолатида кўричак оғзи тепага, яъни, овқат келиш йўлига қараб очилиб турса, ўтирган ҳолатда ичаклар тўпланиб, кўричак пастга қараб турар экан ва натижада унга ҳеч нарса тушмай, инсон у касалдан ўзини-ўзи сақлар экан.

Ҳадиси шарифда Сарвари олам: Албатта, мен ҳам оддий бир бандаман. Бандадек овқатланаман ва бандадек ўтираман, деб марҳамат қилганлар.

  1. Бўкиб қолгунча овқат ейиш ҳам хунук одат ҳисобланади. Зеро, қорин қанча тўқ бўлса, одамнинг шунча дангасалиги тутади. Хоҳ ибодат масаласида бўлсин, хоҳ риёзат иши бўлсин. Ваҳоланки, қориннинг учдан бир қисми овқат учун, бир қисми суюқлик учун ва яна бир қисми нафас олиш учун керак, шу қоидага амал қилувчи кишилар табибга мурожаат қилишларига ҳожат қилмайди. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон тўйиб овқат емаганлар.

Ас-Сияр ал-Халабия соҳиби ҳазрати Умардан ривоят қилиб айтади, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар: Биз шундай қавмдирмизки, очликни ҳис қилмагунча таомланмаймиз, таомланганда ҳам тўйиб емаймиз!”

  1. Оилада ҳамма жамул-жам бўлиб овқатланса барака бўлади. Ҳар ким ўз ҳолига ўз хонасига кириб еса, ундай ҳолатлар оқибати яхшиликка олиб келмайди.

Анас ибн Молик айтадиларки:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч ёлғиз овқатланмас эдилар”.

Шу маънодаги яна бир ҳадиси шарифда: Таомнинг яхшиси кўпчилик билан баҳам кўрилганидир, дейилган.

Албатта, мусулмон киши ҳар бир ишни бошлашдан аввал “бисмиллоҳ” билан бошлагани каби, таомга қўл чўзиш баробарида “бисмиллаҳир роҳманир роҳим” деб бошламоғи керак.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бирингиз таом еса, Алоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унитиб қўйса, “Бисмиллаҳи аввалаҳу ва охираҳу” десин”,  дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Ўнг қўл билан овқатланиш ҳам суннат. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Қайси бирингиз таом еса, ўнг қўли билан есин. Сув ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади”, дедилар (Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Муҳими, таомни ҳеч қачон камситмаслик керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон марта овқатни айбламас эдилар. Мабодо овқат кўнгилларидек бўлмаса, емай қўярдилар. Аммо овқат яхши бўлмабди ёки бу овқатни мен хуш кўрмас эдим, каби сўзларни асло айтмасдилар.

Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси шарифларида: Нонни эъзозланглар, чунки у Аллоҳ таолонинг осмон баракотларидан бўлиши билан бирга, ернинг баракотли неъматларидан ҳам ҳисобланади, деб марҳамат қилган эканлар.

Овқатланиш одобларидан яна бири, овқатни қайноқ ҳолда емасликдир. Шунингдек, овқатланаётганда кўп суюқлик ичмаслик ҳам тавсия этилади. Чунки бу ошқозонга қийинчилик ҳосил қилади.

Таомдан сўнг эса дуо қилиш ҳам суннат амалларидан ҳисобланади. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон дастурхонлари йиғиштирилса: “Аллоҳга кўп, пок, муборак ҳамд бўлсин. Ундан ўзга кифоячи йўқ. У тарк қилинган ҳам эмас. Ундан беҳожат ҳам бўлинмас”,  дер эдилар (Термизий ривояти).

Сунан соҳибларининг ривоятида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон ўз таомларидан фориғ бўлсалар: Бизни таомлантирган, сероблантирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин, дер эдилар”  дейилган.

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2790 times

Мақолалар

Top