Мақолалар

“Жоҳиллар жим турганида эди...”

Баъзи кимсалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросхўрлари бўлган уламоларни ўзларининг ғийбатлари учун муҳокама мавзуси қилиб ол ади. Улар уламолар ҳақидаги ўзларининг танқидий гапларига худди катта муаммони ҳал қилаётгандек тус беради.

Бундай мавзуларда гаплашганда мусулмон киши ўта эҳтиёткор бўлмоғи лозим. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Сизлар уламоларнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинг! Агар улар сизнинг зарарингизга гувоҳлик берса, сизни дўзахга ағдариб юборади. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло уларнинг қалблари ва кўзларига ҳақни кўрсатиб қўяди”, деганлар.

Аллоҳ таоло Ўз валийларининг қалбларига шундай фаросатни берар эканки, улар диққатлик билан назар солсалар, кимнинг қандай инсон эканини англаб олишлари мумкин экан. Яна улар ўзларининг тажрибалари ҳамда одамларнинг хулқ-атворларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг ким эканини билиб олишлари ҳам мумкин экан. Шунинг учун уларнинг гувоҳлиги аҳамиятли ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўзи ҳақида илм эгалари ва тақводор мўминлар қандай гумонда эканига эътибор қаратиши лозим! Қилаётган ишларимизни бутун дунё фосиқлари маъқуллаб, олқишлаб, қўллаб-қувватлаб турса-да, лекин биргина диёнатли олим унга салбий баҳо берса, олимнинг сўзи эътиборли ҳисобланади. Олимнинг сўзи шунчалик эътиборлики, ҳатто масжид имомининг имоматига бутун қавм қарши бўлиб турганида, қавмдан биргина диёнатли олим унинг имоматини қўллайдиган бўлса, кўпчиликни ташкил қилган қавмнинг гапи эмас, балки биргина олимнинг гапи эътиборга олинади.

Шундай экан, олимлар биз ҳақимизда ёмон фикрга бориб қолишидан эҳтиёт бўлайлик! Уларни муҳокама қилишдан ва танқид остига олишдан сақланишимиз лозим. Улар ҳақида айтадиган танқидларимиз икки ишдан бири; ғийбат ёки туҳмат бўлади. Иккиси ҳам ўзимизнинг зараримизгадир.

Гоҳида интернет саҳифаларида уламоларга тош отиб, уларни танқид қилаётган айрим илмсиз кимсаларнинг ёзган танқидларига кўзим тушиб, уларга ачинаман. Чунки уларнинг келтираётган далиллари, қўллаётган иборалари ҳамда бераётган саволлари уларнинг қай савияда эканидан дарак бериб туради. Уламолар ҳақида танқидий гапиришдан эҳтиёт бўлиш лозим.

Тўғри, олимлар ҳам адашиши мумкин. Аллоҳ ва Унинг Расулидан бошқалар маъсум бўлмаганлари сабабли уларнинг айрим сўзлари ва фатволарининг рад қилиниши эҳтимолдан холи эмасдир. Лекин уларга раддия беришга кимлар ҳақли?! Улар томонидан содир этилган баъзи хато-камчиликларни худди ўзлари каби забардаст олимлар илм омонатдорлиги жиҳатидан етарли далил-исботларини келтириб, одоб ва ҳурмат-эҳтиром билан тўғрилаб туришади. Ҳаким зотлардан бири айтган экан: “Агар хатога йўл қўйган ҳар бир кишидан воз кечиб юборилаверса, уларнинг қилган яхши ишлари ҳисобга олинмаса, илм-фан, саноат ва адолат йўқолиб кетади, шунингдек, уларга олиб борадиган воситалар ҳам ишдан чиқади”.

Шунинг учун катта олимлар сукут қилиб турган масалаларда илмсиз кишилар турли танқидий фикрларни айтавермасликлари лозим бўлади. Аслида илми йўқ кишилар мунозара майдонига тушмасликлари лозим. Чунки илмсизлик билан қилинган мунозаралар сабабли улар шайтоннинг ўйинчоғига айланиб қолади. Уларнингфойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади. Шунинг учун Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Агар жоҳиллар сукут сақлаганида эди, одамлар ўзаро келишмовчиликка бормаган бўлар эди”, деганлар.

Агар илми йўқ кимсалар уламоларга тош отишдан ва уларни танқид қилишдан тўхтамасалар, дунёда қилган яхши амалларини Қиёмат куни ўзлари хуш кўрмаган кишиларнинг номаи аъмол китобларида кўрганларида қай аҳволга тушишларини ўйлаб қўйсинлар!

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ,

“Аҳмаджон қори” масжиди имом ноиби

http://nasihat.uz

Read 3272 times

Мақолалар

Top