بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Мусулмоннинг ҳаёти фаровон бўлиши учун нафақат ўзи балки ён атрофидаги ёру дўстлари ҳам мустаҳкам имонли ва юксак илм эгаси, бағрикенг бўлиши лозим. Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 га яқин миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, алҳамду-лиллаҳ, тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳақиқатан ҳам, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда, бир ватанда, буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги – диний бағрикенгликни ёрқин намунасидир. Исломда бағрикенглик масаласи ўзининг илк давридаёқ намоён бўлди. Жаҳон динларининг ичида фақат Исломда эътиқод эркинлиги очиқ-ойдин эълон қилинган. Бу борада Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:
لَكُمْ دِينُكُمْ وَلِيَ دِينِ
яъни: «Сизларнинг динингиз ўзларингиз учун, менинг диним ўзим учундир» (Кофирун,6). Шунингдек, динимиз одамларни зўрлаб динга киритишни ёқламайди. Қуръони каримда:
وَقُلِ الْحَقُّ مِنْ رَبِّكُمْ فَمَنْ شَاءَ فَلْيُؤْمِنْ وَمَنْ شَاءَ فَلْيَكْفُرْ …
яъни: «Айтинг: «(Бу Қуръон) Раббингиз (томони)дан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин».
Дарҳақиқат, Конституциямизда ҳам бирон фуқарони бирон динга мажбурлаб киритиш тақиқланган, ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқи, эркинлиги ва кафолатлангани хусусида шундай дейилган: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди». Диний бағрикенглик тамойили Конституциямизнинг барча моддаларида ўз аксини топган десак хато бўлмайди. Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқ ва бурчлари қонунимиз доирасида аниқланиб, белгилаб қўйилган. Диний бағрикенглик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъи назар уларнинг ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашини англатади. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканлигини эътироф этмоғи лозим. Бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш муқаддас динимизнинг таълимотларидан биридир. Мурувват, диний бағрикенглик Исломнинг тамал тоши, эътиқод ва динлар тарихидаги бир янгилик бўлди. Ислом илк даврданоқ собиқ динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. Биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: “Барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар. Динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим”, деган тамойилга амал қилди.
Муҳтарам жамоат! Ўлкамизда қадимда Ислом динини бағрикенглик тамоилига асос солган ота-боболаримиз фаолиятлари каби ҳозирда ҳам масжидлар фаолият кўрсатаётгани каби насронийлар черкови, яҳудийлар ибодатхоналари ва бошқа дин вакиллари бутхоналари иш олиб бормоқда. Албатта, бу динимизнинг бағрикенглигидан далолат қилади. Буларнинг замирида эса барча миллату элатлар тинчлиги ва осудалиги ётади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ғайридинларга бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурматлаш, ҳақларига риоя қилишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан борига даъват қилишдан чарчамадилар. Расулуллоҳдан (с.а.в.): «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», деб марҳамат қилдилар.
Аллоҳ бизни ғайридинларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармаганлиги «Мумтаҳана» сурасининг 8-оятида ўз аксини топган:
لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ أَن تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ
яъни: «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас...».
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ҳақиқий ибрат-намуна эдилар. Бағрикенглик, кечиримлилик бобида у зотга тенг келадигани топилмайди. Оламлар сарвари қасос ва ўч олиш имконияти бўлатуриб ўзларига зулм ва ёвузликлар кўрсатганларни кечира олган зот эдилар.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларидан бирида ғайридин бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар. Бу ўринда саҳобаи киром ва тобеинлар ҳаммамизга ўрнак ва намуна кўрсатишган. Умар ибн Хаттоб (р.а.) ғайридинларга хайрихоҳлиги, меҳр-муруввати ва адолатпарварлиги билан Ислом дунёсидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эди. Ҳазрат Умар (р.а.)нинг Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган.
Тарихдан маълумки, Ўзбекистон ҳудуди қадимдан диний бағрикенглик борасида дунёга намуна бўлиб келган. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан Бурҳониддин Марғилоний, Абу Лайс Самарқандий, Алоуддин Косоний каби уламолар томонидан таълиф этилган асарларда ўзга дин вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш масаласига алоҳида аҳамият қаратилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 16 диний конфессияга мансуб 2 238 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улардан 2064 таси исломий, 157 таси христиан, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва Будда ибодатхонасидир. Булардан ташқари конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда. Ушбу диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият олиб бораётгани ҳам юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.
Афсуски, бугунги кунда биз жаҳоннинг турли нуқталарида, айниқса Яқин Шарқ мамлакатларида диний, миллий ва бошқа ижтимоий-сиёсий омиллар негизида юзага келган қуролли тўқнашувлар оқибатида юзлаб одамларнинг қурбон бўлаётгани, минглаб кишиларнинг ўз бошпаналаридан айрилиб, туғилиб ўсган юртларини ташлаб кетишга мажбур бўлаётгани каби аянчли жараёнларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Минг афсуслар бўлсинки, баъзи бир ёшлар дин ниқоби остида билиб-билмай мана шундай уруш ўчоқларида ўзга дин вакилларини турли қийноқлар билан азоблаб, ҳатто уларни ваҳшиёналик билан ўлдирмоқдалар. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳи салом ўз ҳадисларида;
“Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни Мени ўзининг душмани сифатида кўради”. (Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад»).
Муҳтарам жамоат! Буюк аждодларимизнинг бой маданият ва маърифат булоқларидан баҳраманд бўлган халқимиз нафақат миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик балки дину-диёнат, иймону-эътиқод, одобу-ахлоқ, меҳру-мурувват, оила, фарзанд тарбияси, ота-она ҳурмати ва иззати борасида ҳам ўзига хос кенг феъллик, саҳоват ва мўътадиллик тамойилларига амал қилиб келмоқда. Мамлакатимиз тарихан кўп миллатли ўлка бўлганлиги туфайли бу заминда турли-туман дин вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилган. Юртимиздаги бошқа ташкилотлар қатори диний жамоалар ҳам жамият тараққиётида тобора фаол иштирок этиб, халқимизнинг маънавияти ва қадриятини тиклаш, ўзлигимизни англаш, энг асосийси, мустақиллигимизнинг мустаҳкам ва боқий бўлишига ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча диндорларни тинчлик, тотувлик ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, Она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин. Омин!