بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Соғлом она ва бола ҳар бир оила ва ота-онанинг эзгу орзуси, қувончи, қолаверса, бутун жамият ва мамлакатнинг таянчидир. Шу боис мамлакатимизда амалга оширилаётган барча эзгу ишлар негизида соғлом авлодни вояга етказиш мужассам.
Мустақил юртимизнинг Биринчи Президенти “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли юртнинг фарзандлари соғлом бўлур” - деган ҳикматли ибораси истиқлол йилларида халқимизнинг шиорига айланди. Фарзандларнинг соғлиги эса оналар соғлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам, юртимизда оналар ва болалар саломатлигига катта эътибор қаратилмоқда. Буни юртимизда йилларга муайян ном берилишида ҳам кўришимиз мумкин.
Ушбу хайрли анъананинг 2000 йилни “Оналар ва болалар йили”, 2005 йилни “Сиҳат-саломатлик йили”, 2014 йилни “Соғлом авлод йили” га бағишлангани ва 2016 йилни “Соғлом она ва соғлом бола йили” деб эълон қилингани юртимиз келажаги, халқимиз фаровонлиги йўлида оналар ва болалар саломатлигига қанчалик юксак эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Дарҳақиқат мустақил давлатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида, ҳатто узоқ аҳоли марказларида ҳам оналар ва болалар соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида туғруқхоналар, шифохоналар, оилавий поликлиникалар, болалар шифохоналари ва сиҳатгоҳлар барпо этилган. Уларда тажрибали, малакали шифокорлар она ва бола соғлиги йўлида фидокорона меҳнат қилмоқдалар.
Азиз намозхонлар! Ислом таълимоти кишилик жамиятида ўз ўрнини топиб, унинг дунёвий ва диний ҳаётида амалий суратда татбиқини топган илк саодат асридан бошлаб ёш авлод сиҳат-саломатлигига ва таълим-тарбиясига катта аҳамият бериб келади. Бу таълимот ва унинг йўл-йўриқлари жамият асосининг пойдевори, уммат истиқболи бўлган ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларини талаб қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси шарифлари айни шу маънога далолат қилади:
("لَأَنْ يُؤَدِّبَ الرَّجُلُ وَلَدَهُ خَيْرٌ مِنْ اَنْ يَتَصَدَّقَ بِصَاعٍ" (رواه الترمذى
яъни: «Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир» (Термизий ривояти).
Фарзанд таваллуд топишидан аввал ота-оналарнинг ўзлари фарзандларига намуна бўлишлари учун турли салбий қусурлар ва иллатлардан сақланмоқлари, руҳиятларини доимо пок тутишга ҳаракат қилишлари зарур. Бу ҳақда халқимизнинг буюк маърифатпарвар тарбиячиси Абдулла Авлоний шундай дейди: “Тарбия қилувчилар табиб кабидирки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл иллатига “яхши хулқ” деган давони беради. Ортидан “поклик” деган давони бериб катта қилмоғи лозим бўлади. Бу сўзлар замирида юксак тажриба самараси ўлароқ, тарбияни тарбиячи ўзидан бошламоғи зарурлиги келиб чиқади. Зеро бола эшитганларидан кўра кўпроқ кўрганларига эргашади. ”
Кишилик жамиятининг бир қисмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётда турмуш юмушларининг кўп қисми улар зиммасидадир. Она – бу тарбиячи, уй бекаси, хонадонимиз кўрки ва чиройидир. Аёл – биринчи навбатда онамиз, қолаверса жуфту ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса демак, жамият соғлом бўлади. Чунки, келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни кекса онахон-момохонларимиз ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлишлиги бугунги кун аёлларининг соғ-саломат ва солиҳа бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир. Ҳикматларда: "Ҳар бир буюк шахснинг ортида аёл бор" дейилган.
Аёл киши аввало, Она сифатида қадрланади. Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:
(" اَلْجَنَّةُ تَحْتَ اَقْدَامِ الْاُمَّهَاتِ " (رواه الخطيب
яъни: “Жаннат – оналар оёғи остидадир”, - деб марҳамат қилганлар.
Улуғ мураббий устоз Абдулла Авлоний: “Баданнинг саломат ва қувватли бўлмоғи инсонга энг керакли нарсадир. Чунки ўқимоқ, ўқитмоқ ва ўргатмоқ учун инсонга кучлик, касалсиз жасад лозимдур. Фикр тарбияси учун маҳкам ва соғлом вужуд керакдир” деб таъкидлаган. Бу айниқса, оналар учун муҳим омил бўлиб ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам динимизда аёл-қизлар, оналар ва болалар соғлигига алоҳида эътибор берилади. Зеро, фарзанднинг соғлиғи онанинг соғлиғи билан боғлиқ. Агар она соғлом бўлса, фарзанди ҳам соғлом дунёга келади. Бу эса жамиятдаги долзарб мавзулардан бири бўлиб ҳисобланади.
Буюк бобо-калонимиз Соҳибқирон Амир Темур шундай дейди. “Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлик-саломатлигини, жисмонан камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насл-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан ҳоли бўлсагина, эл-юртга катта тўй-томоша бериб, тўй тушурдим”
Муҳтарам жамоат! Ҳар бир ота-она балоғатга етган ўғлини уйлантириб, қизини турмушга узатади ва Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд ато этишини тилайди. Зеро, соғлом, баркамол ва солиҳ фарзандгина ўз ота-онаси, халқи, Ватанинг бахт-саодати йўлида хизматга шай, жонфидо бўла олади. Солиҳ, пок зурриёт сўраш ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:
هُنَالِكَ دَعَا زَكَرِيَّا رَبَّهُ قَالَ رَبِّ هَبْ لِي مِنْ لَدُنْكَ ذُرِّيَّةً طَيِّبَةً إِنَّكَ سَمِيعُ الدُّعَاءِ
(سورة آل عمران/38)
яъни: “Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: «Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан». (Оли Имрон, 38).
Ислом дини оналарни, умуман аёлларни доим эъзозлаган. Туғилганларидан умрларининг охиригача улар ҳақида ғамхўрлик қилиш эркакларнинг зиммаларига юклатилган. Аёллар турмушга чиққунича оталари, никоҳдан сўнг эса эрлари қарамоғида бўладилар. Уларнинг моддий ва маънавий таъминотлари маҳрамлари зиммасига юклатилади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ إِحْسَانًا حَمَلَتْهُ أُمُّهُ كُرْهًا وَوَضَعَتْهُ كُرْهًا...
(سورة العنكبوت/8)
яъни: Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир.
Ушбу оятларда оналарнинг ҳомиладорлик пайтда қанчалик машаққатга тушишини зикр қилиняпти. Аёллар агар юқорида айтилганидек, ҳомиладор ёки эмизикли бўлса, динимизда уларнинг ва фарзандларининг саломатлигига зиён етмаслиги учун ҳатто ибодатларда енгиллик берилган.
(قَالَ النَّبِيُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمْ إِنَّ اللهَ تَعَالَى وَضَعَ عَنِ الْمُسَافِرِ شَطْرَ الصلاة وَ عَنِ الْمُسَافِرِ وَ الحاملِ أو المرضعِ الصومَ أو الصيامَ (رواه الترمذي
яъни: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, Аллоҳ таоло мусофирдан намознинг ярмини, мусофир, ҳомиладор ёки эмизикли аёлдан рўза ёки рўзаларни кечиктирди (орқага сурди).
Ушбу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳомиладор ва эмизикли аёлларга рўза тутадиган бўлса, ўзи ва фарзандига зарар етадиган бўлса, уларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида тутмай туриши жоиз эканини айтиб ўтмоқдалар.
Бу борада “Ҳидоя” китобида шундай келтирилади: “Ҳомиладор ва эмизувчи аёл ўзига ёки гўдагига зарар етишидан қўрқсалар рўзаларни (харажни даф қилиш учун) очаверадилар ва қазосини тутадилар. Зиммаларига каффорат лозим бўлмайди. Чунки у узр туфайли очилди. Уларга фидя ҳам вожиб эмас”.
Рўза фарз ибодат, шариат арконларидан бири бўлсада ҳомиладор аёлга рўза тутмасликка рухсат берилиши исломда оналарнинг саломатлигига қанчалик юксак эътибор берилганининг яққол намунасидир. Чунки соғлом онадан соғлом бола дунёга келади.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда оналарга фарзандларни эмизишга буюриб шундай марҳамат қилади:
{ وَالْوَالِدَاتُ يُرْضِعْنَ أَوْلَادَهُنَّ حَوْلَيْنِ كَامِلَيْن }
яъни: "Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар..."(Бақара сураси, 233)
Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали чақалоқни икки ёшгача эмизиш болага ва онанинг саломатлигига нақадар фойдали эканига ишора қилиб, оналарга эмизиш таълимини ўргатмоқда.
Оятнинг маъноси хабар, яъни, дарак гап маъносида бўлсада, аслида амр (буйруқ)ни ифода қилади. Чунки, эмизишлик гўдакнинг онадаги ҳаққидир. Бунга амал қилиб, икки йил гўдакни она сути билан боқиш, уни эмизиш нақадар зарурлиги ва фойдали эканлиги барчамизга маълум.
Фарзандни соғлом бўлиб вояга етишида жисмоний тарбиянинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ишларда бўлганидек бу борада ҳам ўзлари бутун умматга ўрнак бўлганлар.
Шунинг учун ҳам, азиз юртимизда болаларнинг жисмонан бақувват, соғлом бўлиб ўсиши учун кенг шароит яратилмоқда. Ҳатто чекка-чекка қишлоқларда ҳам турли замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган кўркам спорт иншоотлари барпо этилиб, ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилинмоқда.
Бу борада дунёда ягона бўлган уч босқичли тизим жорий қилиниб, барча ёшларнинг Республикамиз бўйлаб ўтказиладиган мусобақаларда иштирокини таъминланмоқда. Бу ишларнинг самараси ўлароқ, ёш спортчиларимиз жаҳон ареналарида ҳам юртимиз байроғини баланд кўтариб, Ўзбекистон довруғини бутун дунёга таратмоқдалар. Барчамиз Бразилияда бўлиб ўтган 2016-йилги ёзги олимпиада ўйинларида фаол иштирок этган спорчиларимиз тимсолида буни яққол кўрдик. Шонли спортчиларимиз юртимиз байроғини яна юқори кўтаришди.
Муҳтарам намозхонлар! Фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим бўлади. Зеро, ўзида илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш уйғотиб, ўқиб-ўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади.
Давлатимиз томонидан ёшларни баркамол этиб тарбиялаш бўйича катта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Юзлаб мактаблар, лицей ва коллежлар қурилди ва қурилмоқда. Уларнинг илм ўрганишларига, даволанишларига, яхши дам олишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Ўз навбатида ота-оналар ҳам фарзандларини кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, вақтларини беҳуда ўтказмасликка, гўзал хулқ эгаси бўлишга чақиришсин.
Дарҳақиқат, она ва фарзандлари баркамол, жисмонан соғлом, ақлан етук бўлиши жамиятнинг бахт-саодатидир. Айни вақтда Ҳақ таолонинг ҳам талабидир. Аллоҳ таоло муҳтарама оналаримизни соғ-саломат айласин, азиз фарзандларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақласин. Омин!
ЖУМА ТЕЗИСИГА ИЛОВА
Муҳтарам жамоат! Барчамизга яхши маълумки, 2016 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кунидир. Мустақил она юртимизнинг тенг ҳуқуқли барча фуқаролари қатори мўмин-мусулмонлар ҳам ўзларининг Конституцион ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда мазкур сайловда, иштирок этадилар.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муносиб кўрган номзодга овоз берадилар. Бу билан улар Президент мамлакатимиз тинчлиги, осойишталиги, халқимизнинг бахт-саодати, мамлакатимизда яшовчи барча миллат ва элатларларнинг ўзаро иттифоқлиги ва жиппислигининг асосий кафолати эканлигини яна бир бор намойиш этадилар.
Муҳтарам жамоат! 2016 йил 4 декабарь якшанба куни бўладиган сайловга фаол иштирок этайлик!