muslim.uz

muslim.uz

jeudi, 16 juin 2016 00:00

Тил рўзаси

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.

Тилнинг ҳам ўзига хос рўзаси бор. Уни билган  инсон лағвдан сақланади, узоқ бўлади. Тил рўзаси Рамазон ойида бўлгани сингари бошқа ойларда ҳам бўлиши зарурдир. Тилга Рамазон ойида таълим-тарбия бериб, дунё-охиратга манфаатли, ҳаётга фойдали нарсаларни гапиришга ўргатилади. Ўз ўрнида сўзлаб, ўз ўрнида жим туриш, вақтида сукут сақлашга одатлантирилади.

Тилниниг зарари буюк, хатари улкандир. Тил ваҳший йиртқичдек жароҳатлайди, илондек заҳарлайди, оловдек ёндиради. Қилич билан берилган жароҳат шифо топиши мумкин, тилнинг жароҳатига даво йўқдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ўз тилларига: “Эй тил, яхшиликни сўзлаб, уни ғанимат бил. Ёмон сўзда сукут қил, саломат бўласан”, деган эканлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким икки жағи ва икки сони орасидаги нарсага кафил бўлса, уни жаннатга киришига мен кафил бўламан”, дедилар. Аллоҳ таоло ғийбатдан, чақимчилик, ёлғон, уятсиз сўзлар, лағв ва ҳаром сўзлардан тилини тийган мўминга раҳматини ёғдирсин.

Салафи солиҳ уламолар Қуръон ва суннат билан одоб берардилар. Уларнинг сўзлари мулойим, нутқлари зикр, назарлари ибрат, жим туришлари тафаккур эди. Инсон Қаҳҳор сифатли Рабга дуч келишдан қўрқса, тилини зикр ва шукрга ишлатиб, беҳаё, уятсиз, ахлоқсиз ва лағв сўзлардан тияди. Шунинг учун Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Ер юзида сақлаш зарур бўлган нарса тилдир”, деган. Тақводор зотлар гапирмоқчи бўлсалар, сўзлари ортидан келадиган машаққат ва натижасини ўйлаб сукут сақлаб тураверганлар. Бошқаларга озор бериш ҳаром. Озор беришнинг турли-туман кўринишлари бор. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлса, у комил мўминдир”, дедилар (Имом Муслим). Бу ҳадисдан инсон камолотга етиши учун тил, қўл ва барча аъзолар билан озор беришдан сақланиши лозимлиги тушунилади. Бошқа аъзоларга нисбатан тил орқали ғийбат, бўҳтон, ёлғон, чақимчилик, тилёғламалик, масхара, сўкиш, беҳаё сўзлар, сирни очиш каби гуноҳлар ва озорлар кўп содир бўлади. Шуниниг учун ҳадисда тил зикр қилинган. Баъзида унинг хатаридан жим туриш билангина нажот топиш мумкин.

Тилнинг рўзаси ёмон, зарарли гаплардан тийилиши, жим туришидир. Инсон жим туриш билан ҳалокатдан сақланиш билан бир қаторда ажр-савобларга ҳам эга бўлади. Манбаларда жим тура олиш инсонга берилган нажот топиш омилидир, дейилади. Инсон ҳаётида жим туриш билан дунё ва охират саодатига эришиши мумкин. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жим туриш ҳикматдир. Жим турувчилар эса жуда камдир”, дедилар” (Имом Байҳақий). Бошқа бир ҳадисда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жим турса, нажот топади”, дедилар” (Имом Термизий).

Уламолар айтади: “Тинглаш вақтида жим туриш фазилат, синов келганида жим туриш сабрдир, дейилган”. Бишр ибн Ҳорис Ҳофий айтади: “Сўзловчи жим турувчидан кўра тақволи бўлолмайди. Ўз ўрнида сўзлаб, ўз ўрнида сукут қилган олимгина ундан афзал бўлиши мумкин”. Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Аллоҳ таолони танувчилар илмли бўлсалар ҳам жим турадилар ва изн билан гапирадилар. Шунинг учун уларда лағв бўлмайди”, дейди. Донишмандлар: “Инсон сўзлашни ўрганишига икки йил кифоя қилса, жим туришни ўрганишига эллик йил керак бўлади”, дейди. 

Барча суннатлар қаторида ўз ўрнида сукут сақлай билишга ҳам одатланмоғимиз лозим. Бунга эришишнинг осон йўли рўза тутишдир. Еб-ичишдан сақланиш билан бир қаторда кўзни номаҳрамдан, қулоқни ғийбатдан ва барча аъзоларни гуноҳдан тийиш, хусусан, тилни бўҳтон, чақимчилик, мазаҳ қилиш каби маъсиятлардан тийиш рўзанинг савобини мукаммал қилади. Ушбу Рамазон ойи мазкур амалларни бажариб жим туришни ўз одатимизга айлантириб олишимизга қулай фурсатдир. Эй рўзадорлар, тилларингизни зикр билан намланг. Унга тақвони ўргатинг ва гуноҳлардан покланг. Эй Раббимиз, бизга тўғри сўзловчи тил, саломат қалб ва чиройли хулқ бергин! Рамазон ойида барчамизнинг мақсадларимиз ҳосил бўлсин.     

       Баҳриддин ПАРПИЕВ

 

Рамазон ойи ўзининг файзу баракоти ила бошимизга соябон бўлиб келди. Тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сураётган жонажон юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар қатори сирдарёликлар ҳам Рамазон ойини хурсандчилик билан кутиб олиб, бу ойнинг файзу баракоти ва саховатидан баҳраманд бўлишмоқда.

Ойларнинг султони, баракаси улуғ ойнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган фазилатларидан баҳраманд бўлиш учун солиҳ амалларни қилишга ҳаракат қилайлик. “Рамазон ойи – инсонлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган Қуръон нозил қилинган ойдир...” (Бақара, 185).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар умматим Рамазон хислатини билганида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини орзу қилар эди. Албатта бу ойда яхшиликлар жамланади, ибодатлар қабул бўлади, дуолар ижобат бўлади, гуноҳлар кечирилади, жаннат уларга ошиқ бўлади”, деганлар.  “Жаннат тўрт хил кишиларга муштоқдир: Қуръон ўқувчига, тилини сақловчига, очларни тўйдирувчига ва Рамазон ойининг рўзасини тутувчига”, дейилади бошқа бир ҳадиси шарифда.

Чин дилдан, ихлос билан тутилган рўза боис гуноҳлар авф этилади. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: Кимки бу ойда рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳнинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг гуноҳлари кечирилади (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу муборак ойда рўза тутиш билан инсон ўз нафсини тарбиялайди. Нафси устидан ғолиб келиб, руҳи енгил тортади. Фақат рўза тутувчигина бунинг руҳий лаззатини ҳис эта олади. Рўзада инсоннинг руҳи нафсини жиловлайди. Бу илоҳий тарбия ойида рўзадор киши ёлғон гапириш, ғийбат, туҳмат, чақимчилик ва уруш-жанжал каби иллатлардан сақланиб, доимо тилини ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Зеро, кимки рўзадор бўлатуриб, ёлғончилик, чақимчилик ва ғийбатдан тўхтамаса, унинг оч-наҳор юриб рўза тутганидан фойда йўқ.

Рамазон ойи маънавий покланиш ва ахлоқни сайқаллаш ойи. Рўзадор киши ўзини нафақат еб-ичишдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Афсуски, бу ҳақиқатни унутиб қўйиб, рўзадор бўлишига қарамай кун бўйи беҳуда, ёлғон ва ғийбат гап-сўзлар, номаъқул ишлар билан машғул бўладиган ёки одамлар билан талашиб-тортишадиганлар ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, бундай ишлар рўзанинг савобини кетказади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ёлғон гапиришни, унга амал қилишни тарк қилмаса, унинг рўза тутиб, ейиш ва ичишдан тийилишига Аллоҳ муҳтож эмас”, – деганлар. Бошқа бир ҳадисда «Агар бирортангиз рўзадор бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, “мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин» дейилган.

Ҳар бир инсон яхши амалларни адо этар экан, унинг Аллоҳ ҳузурида қабул бўлишини умид қилади. Бунинг учун, аввало, ҳар бир амални ихлос билан бажариши лозим.

Рўзадорнинг одобларидан яна бири саҳарлик қилишдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Саҳарлик қилинглар. Албатта саҳарликда барака бордир, деганлар. Бу ҳадис саҳарлик қилишнинг аҳамиятини янада оширади. Эринмасдан доимо саҳарлик қилиб рўза тутишликка одатланиш лозим. Саҳарлик қилишдан мақсад, кундузи тутадиган рўзага тайёргарлик кўриб, бақувват бўлиб олмоқдир. Агар саҳарлик қилинмаса, киши кундузнинг рўзасини тутишга қийналади. Шу билан бирга тақвимда белгиланган саҳарлик вақтига қатъий риоя қилиш, кечикиб турган вақтларда оз бўлса-да сув ичиш ёки таом ейишдан сақланишга алоҳида эътибор бериш керак.

Рамазон ойига хос ишлардан яна бири ифторликдир. Ифторлик бир қараганда кечки таомланишдек. Аммо шу оддий таомланиш рўзадор шахс учун буюк фазилатлар, хурсандчилик ва хайру барака омилига айлантирилган. Имом Бухорий келтирган ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бордир: бири ифторлик вақтида, иккинчиси эса охиратда Парвардигорга йўлиққан вақтда”.

Рўзадорларга ифторлик беришнинг фазилати ҳақида ҳадисларда “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, уларнинг ажрларидан бирор нарса камаймайди”, дейилган.

Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсинки, Рамазон ойида кўпчилигимиз рўзадорларга ифторлик қилиб беришга ошиқамиз. Бу билан ифторлик қилиб берувчига ваъда қилинган мукофотларга эришиш учун хонадон аҳли ҳаракат қилади. Ифторликни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, меъёрида қилингани мақсадга мувофиқ бўлади. Дастурхонларга ортиқча зебу зийнат бериш, дабдабалик, риёкорлик, кибр билан ифторликни ўтказишдан сақланиш лозим. Баъзан мусибат етган хонадон эгалари кўплаб одамларни чақириб ифторлик номи билан худойи қилишади. Худойига келганларнинг ичида эса саноқли одамларгина рўзадор бўлишади. Бундай ҳолатларда хонадон эгалари қийин аҳволга тушиб қолмасликлари учун рўза кунларидаги маракаларни ифторликда ихчам ва ортиқча сарф-харажатларсиз ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, Аллоҳ исроф қилгувчиларни дўст тутмайди.

Рўза тутиб очликни ўзида ҳис қилган киши камбағал, бева-бечоралар ва фақир-мискинларнинг ҳолини чин дилдан ҳис қила бошлайди ва уларга нисбатан қалбида меҳр-мурувват ва саховат туйғуси янада кучаяди.

Рамазон сахийлик, меҳр-мурувват, хайр-баракот ойи. Бу ойда бошқа ойдагилардан кўра кўпроқ атрофимиздаги муҳтож кимсаларга ёрдам қўлини чўзишимиз, етимлар бошини силаб, кексаларнинг ҳолидан хабар олишимиз лозим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Рамазон ойида эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар.

Муҳтарам Юртбошимизнинг «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарори бу борада барчамизнинг масъулиятимизни янада ошириб, ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларга саховат қилиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга ундайди.

Аллоҳ таолодан Рамазон ойини азиз ва жаннатмакон диёримиз учун хайрли ва баракали қилишини, халқимиз учун улкан фазилат ва манфаатлар фурсати қилиб беришини тилаб қоламиз.

 

Мўминжон УСМОНОВ

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби

Инсон яралибдики,  бир жамоа бўлиб яшаб келади. Инсоният тарихида  ҳеч ким якка ҳолатда бирон-бир натижага эришган эмас. Аммо гоҳида инсон ёлғиз қолишни, босиб ўтган ҳаёт йўлини  мушоҳада қилишни  хоҳлайди. Бу – табиий ҳолат. Бироқ бу мақолада айтилаётган   ёлғизлик  баъзи инсонларнинг  жамиятдан ажралиши, яъни  диний экстремистик оқимлар тарафидан  байрамлар, дунёвий илмни ўрганиш учун мактаб, коллежларга бормаслик ва бошқа миллий  урф-одат, анъана, тадбирларга қатнашмасдан, фақат ўзларининг “йиғилиш”ларига, баъзи миссионерларга ўхшаб дунёдан ажралиб, ойнаи жаҳонни кўришни ман этиб, шу билан бирга яна бир қанча тадбирларни четга суриб, ўзларининг “махфий йиғилиш”ларига қатнашга ундаши оқибатида вужудга келган жамиятдан ажралишдир. ХХ асрнинг охирлари  ХХI асрнинг бошларида ўзларини ҳаммадан, ҳаттоки, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотрудий, бор умрларини Ислом динига бағишлаган олиму уламоларимиздан ҳам ақлли деб билаётган қўштирноқ орасидаги баъзи ёшлар ота-оналарини юзини ерга қаратмоқда.

Агар ёшларимиз сарвари коинот Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: “Динда чуқур кетманглар, адашасизлар”, деб айтган насиҳатларига амал қилишганида эди, чет элларда баъзи нобакорларнинг ёлғон ваъдасига учиб сарсон-саргардон бўлиб, ўз ватанига, халқига, қолаверса, ота-онасига қарши чиқиб, улкан гуноҳга ботмаган бўларди.

Узоқ ўтмишга назар солсак, фирқа-фирқа бўлиб ажралиб кетиш оқибатида инсонларнинг бошига қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) фирқаларга бўлиниш оқибатини эслатиб: “Менинг умматим 73 фирқага бўлингайлар ва улардан биттасигина нажот топиб омон қолур, қолганлари эса дўзах аҳлидирлар”, деб огоҳлантирган эдилар. Нажот топган фирқа бу –“Аҳли Сунна вал-жамоа”, яъни пайғамбаримиз суннатларига эргашувчи ва мусулмонларнинг кўпчилиги ортидан юрувчилардир. Бугунги кунда мусулмонларнинг аксари,яъни 92,5 фоизи “Аҳли Сунна вал-жамоа”га мансубдир. Ҳозирги кунда у ер-бу ердан қўзиқориндек пайдо бўлаётган динни ниқоб қилиб олган фирқалар ёки оқимлар ажралиб қолганлиги сабабли ғанимларимиз ноғорасига ўйнаб, ўз юртига қарата тош отишмоқда. Халқимизда “Ажралганни бўри ер” деб бежизга айтилмаган. Аслида  юртига душман бостириб келса, ватанини ҳимоя қилиши, қолаверса, она Ватани учун жонини фидо қилиши керак эмасмиди?

Ҳозирги кунда чет элга ишга кетган юртдошларимизнинг ўзга юртлардаги яшаш тарзи хавотирга солмоқда. Чунки улар жамиятимиздан ажралиб, ўзга юртда яшамоқда. Уларнинг ётиш-туришлари, овқатланишлари, соғлиқларига эътибор беришлари қай ҳолатда? Агар улар расмий идоралар орқали кетган бўлса, бунга хавотир йўқ, албатта. Аммо норасмий йўллар билан ёки таниш-билишлари орқали кетган бўлса, одам савдоси балосига гирифтор бўлмаганмикан, мустақил Ўзбекистоннинг тинчлигини, тараққиётини, фаравонлигини кўролмайдиганлар қўлига тушиб, онги заҳарланмаётганмикан, деган саволлар кўндаланг бўлмоқда.

Хулоса ўрнида бир ҳақиқатни айтмоқчиман. Норасмий йўл билан чет элга ишга кетганлар ичида фарзандларининг роҳатини кўрмасдан, ота-она, яқин қариндошларининг розилигини ололмасдан  ёш умрларини хазон қилиб вафот этганларнинг жанозаларида турганда одам ич-ичидан эзилиб кетади. Сўнгги вақтларда аёлларимизни чет элга чиқиб ишлашлари ўтиб кетган ота-боболаримизнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган бўлса керак. Момоларимиз  борига қаноат қилиб яшаб ўтганлар. Ҳеч қачон у йўқ, бу йўқ деб нолимаганлар. Аслида аёл зоти Аллоҳнинг яратган гўзал хилқати бўлиб, Имом Бухорий, Имом Термизий, Алишер Навоийга ўхшаган улуғ зотларни дунёга келтириб, тарбиялаб, етук инсон бўлишида жонбозлик кўрсатишгани тарихдан маълум ва машҳурдир. Аммо ҳозирги кунда аёлларимиз  ўз масъулиятларини унутиб, фарзанд тарбиясига лоқайд бўлишаяпти. Бунинг оқибатида етук инсон тарбиялаш бу ёқда турсин,  балки жиноят содир этишга моил фарзандларни жамиятимизга етказмаяптимиканлар? Ана шундай вақтларда, “Эй одамлар ўз юртингизда, фарзандларингизни тарбиялаб етук инсон қилиб, ота-она ва оила-аъзоларингизни бағрида тинч-омон, борига шукр қилиб яшанг”, деб айтгинг келади.

Махмуджон АБДУСАИТОВ

Бўстонлиқ туман бош имом-хатиби в.б  

jeudi, 16 juin 2016 00:00

Энг саҳий мамлакат

Дунё миқёсида ўзга мамлакатларнинг ривожи учун энг кўп ҳисса қўшган диёр бу – Бирлашган Араб Амирликларидир.

Мазкур араб давлати бошқа ҳудудларга ёрдам бериш мақсадида йилига 5 миллиард доллар ажратади. Бу маблағ эса давлат бюджетининг 1,26 фоизини ташкил қилади. Саҳоват ишлари бўйича тузилган рўйхат пешқадамлигини Амирликлар иккинчи йил кетма-кет эгаллаб келмоқда.

 Азизхон ҲАКИМОВ

тайёрлади.

 

jeudi, 16 juin 2016 00:00

ИҲТ йиғини

Габон Республикаси пойтахти Либревил шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ахборот вазирларининг халқаро анжумани бўлиб ўтди. Йиғилиш тинчлик ва тараққиёт йўлида оммавий ахборот воситаларининг ҳозирги кундаги аҳамиятига бағишланди. Унда Ислом дини, мусулмонлар ҳаёти ва турмуш тарзининг хориждаги оммавий ахборот воситаларида ёритилиши масаласи кўрилди. Шунингдек, анжуман иштирокчилари ИҲТга аъзо баъзи давлатларда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг матбуот шўъбаларини очиш, уларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш зарурлигини айтишди.

 

Азизхон ҲАКИМОВ

 

Top