www.muslimuz

www.muslimuz

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кимда ким банкка қўйган пули кўпайишини истаса, бунинг чорасини излайди. Худди шунингдек, кимки аёли билан ўзаро муҳаббати янада кучайишини истаса, бунинг сабабларини қидириши лозим бўлади. Қуйида ўша воситалардан 10 тасини келтириб ўтамиз.

1. Ўзаро ҳадялар улашиш.

Масалан, уйқуга ётиш олдидан чиройли атиргулни ёки чиройли рангли қоғоз (откритка)га гўзал сўзлар ёзиб, аёлингизнинг ёстиғи устига қўйиб қўйсангиз, бу нарса жуфтингизга қанчалик ижобий таъсир этишини кўрасиз. Эр аёлига ҳадяни кулгу ва табассум ҳамда ёқимли сўзлар билан берадиган бўлса, унинг қалбида эрига нисбатан кучли меҳр уйғонади. Ўз навбатида аёл ҳам эрига қўлидан келганича унинг меҳрини жўштирадиган бирор ҳадя беришга интилмоғи керак. Зеро, халқимизда “Қарсак ҳам икки қўлдан чиқади” деган мақол бор.

2. Ўзаро гаплашиб ўтириш учун алоҳида вақт ажратиш.

Суҳбат чоғида ҳам бир-бирларининг сўзини бетоқатлик, бесабрлик ва катта эҳтимом билан эшитишга уринишлари керак. Албатта, бунда самимийлик йўқолмаслигига жиддий эътибор қаратиш лозим. Зеро, Умму Заръ розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом Оиша розияллоҳу анҳонинг узун сўзларини эътибор билан, жим туриб эшитганлар.

3. Эрнинг аёлига ва аёлнинг эрига ўтли қараши.

Эр-хотин ўртасидаги расмий муносабатлар, яъни эрнинг ўз вазифаларини бажариши ва аёлнинг ўз вазифаларини бажариши ёки бир-бирларига севишларини изҳор қилишларининг ўзи муҳаббатни кучайтиришга кифоя қилмайди. Баъзида гап-сўзсиз, имо-ишоралар, қарашлар, овоздаги ўзига хос оҳанглар, кўзнинг муҳаббатга лиммо-лим ўтли нигоҳи ҳам ишни битириши мумкин. Буларнинг ҳаммаси кўнгил, руҳият орқали амалга ошириладиган ишлардир.

4. Ишга кетаётганда илиқ хайрлашув ва ишдан қайтганда илиқ кўришув.

5. Аёлни мақтаб туриш. Уни ҳамма нарсадан қизғонишини одоб билан изҳор қилиш.

6. Баъзи ишларда аёлга кўмаклашиш.

Масалан, уйдаги шахсий кутубхона китобларини тартибга келтириш, баъзи таомларни пиширишда ёрдамлашиш, болаларга тегишли нарсаларни биргаликда амалга ошириш ва ҳоказо. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйларида оналаримизнинг ишларига ёрдам берар, кийимларини ўзлари тикар эдилар.

7. Ширин сўз.

Эр ҳам, хотин ҳам бир-бирларига шундай сўзларни топиб гапирсинларки, натижада ўрталаридаги муҳаббат яна ҳам кучайсин. Масалан, бир-бирига севишини айтсин, “Сиз менга Аллоҳнинг неъматисиз” каби сўзларни айтиш айни муддаодир.

8. Суҳбат учун ҳеч ким халақит бермайдиган тинч жой танлаш.

Бунда хатто болаларнинг овозлари, шовқин-сурони ҳам эшитилмасин. Албатта, тўла хотиржамликни ҳис қилиб суҳбатлашиш эр-хотин ўртасидаги ўзаро ишонч ва меҳрни янада жонланишга ҳисса қўшади.

9. Ўртадаги муҳаббат меъёрида бўлишига эътибор бериш.

Бу жуда муҳим масала. Бир-бирини жуда қаттиқ ҳам севмасин, жуда бегоналашиб ҳам кетмасин. Ҳамма ишда мўътадиллик яхшидир. Зеро, муҳаббатга муккасидан кетишдан қайтарилган. Ўртада масофани сақлайман деб узоқлашиб ҳам кетмаслик керак. Зеро, ўртадаги масофани сақлашда қанчалик чуқур кетилса, муҳаббатга шунча путур етади. Кўпгина оилавий муаммолар ҳам аслида мана шу бегоналашувдан келиб чиқади. Пайғамбар алайҳиссалом “Дўстингизни енгилроқ севингки, куни келиб у душман бўлиб қолиши ҳам мумкин. Душманингизга ҳам енгилроқ адоват қилингки, куни келиб у дўст бўлиб қолиши мумкин” деганлар.

10. Эр-хотин бир-бирига оғир дамларда далда бўлиши.

Масалан, аёл касал бўлиб қолиши ёки ҳомиладорлик даврида унга моддий ва маънавий суянч кераклигини эр доим ёдида тутиши керак. Шунингдек, эрининг бирор сабаб билан кайфияти тушкунлигини, аёлининг меҳрига, далдасига муҳтожлигини фаросатли аёл дарҳол сезиб, қўлидан келган ёрдамини бериши, бундай пайтда эрининг ёнида туриши матлубдир. Шеригининг дардига ҳамдард бўлиш, уни қийнаётган муаммодан қийналиш ўртадаги муҳаббатни мисли кўрилмаган даражада ошириб юборади.

Нозимжон Ҳошимжон

Фаластинлик шаҳидлар оилаларидан 1000 кишининг ҳаж зиёратини амалга ошириши учун квота ажратилди. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг расми SPA агентлигига таяниб Азон интернет нашри хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, фаластинликлар қирол Салмоннинг меҳмони бўлади. Улар махсус самолётларда Саудия Арабистонига олиб келинади. Фаластинликларнинг ҳажга келишини ташкиллаштириш бўйича Саудия Арабистонининг Миср ва Иорданидаги элчихоналарига кўрсатма берилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили жами 2 миллион 371 минг 675 киши ҳаж зиёратини амалга оширган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бирлашган Араб Амирликлари аҳолиси муқаддас байрам бўлган Қурбон ҳайити муносабати билан кўп кунлик дам олиш имкониятига эга бўладилар.

Август ойида Амирликларда давлат ва нодавлат секторда фаолият олиб борувчи хизматчилар учун тўрт кунлик дам олиш жорий этилди. ansar.ru нашрининг ёзишича дам олиш кунлари 10-13 август кунларига тўғри келади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркиянинг Сивас шаҳрида ҳилол ва юлдуз кўринишидаги масжидда қурилиш ишлари ниҳоясига етай деб қолди.

“Анадолу” агентлигига таяниб Азон интернет нашрининг хабар беришича, Туркияда бундай кўришга эга ягона масжиднинг қурилиши 2017 йилда бошланган бўлиб, ишлар шаҳар ҳокимлигининг ёрдами ва хайр-эҳсонлар билан амалга оширилди.

Юқоридан қараганда, масжиднинг ҳилол ва юлдуз шаклида эканлиги яққон кўринади. Юлдуз кўринишидаги ёпиқ майдонда бир пайтнинг ўзида 3,5 минг, ҳилол кўришишидаги ҳовлида эса 5 минг киши намоз ўқиши мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

9 июль куни Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Муҳаммад Тақиий Усмоний ҳазратларининг акаси, Покистон Бош муфтийси Муҳаммад Рафиий Усмоний ҳазратлари билан учрашдилар.

Мулоқот давомида Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ва ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон – Покистон давлатлари уламолари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, диний таълим бериш соҳасида устозлар ва талабалар алмашинувини ташкил этиш борасида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Сафар ва суҳбат жараёнлари ҳақида сайтимизда батафсил ёритамиз.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top