www.muslimuz

www.muslimuz

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Бу ҳадисни барчамиз яхши биламиз. Саҳиҳ, ишончли ҳадис. Уламолар ушбу ҳадис тўғрисида “Бу ҳадис – Исломнинг устунларидан бири”, “Бу ҳадис – Исломнинг қоидаларидан бири”, “Бу ҳадис – Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир” деган гапларни айтишган.

Ҳадисдаги “мўмин бўла олмайди” дегани “комил мўмин бўла олмайди” деган маънодадир.

Шу даражада улуғ ҳадис, ўзи ҳам, маъноси ҳам, ундан чиқадиган ҳукмлари ҳам улуғдир. Хўш, биз унга қанчалик амал қиламиз?!

Қани, инсоф билан айтайликчи, ўзимиз учун яхши кўрган нарсани мусулмон биродаримиз учун ҳам илинамизми, раво кўрамизми?!

Автобус ўриндиғида кетяпсиз. Тик турган одам йўқ. Аммо ҳамма ўриндиқлар банд. Шу пайт бир мусулмон киши автобусга чиқди. Ўтириб кетишни истайсиз, ўзингизга ёқади. Дарҳол ўрнингиздан туриб, ўзингизга ёққан нарса – ўтириб кетишни ўша янги йўловчига илинасизми, унга жой бўшатасизми?!

Жума куни масжидга келдингиз. Ҳамма ичкарида, салқин жойларда ўтирибди. Сиз салқинда ўтирганларнинг сўнггиси бўлиб турибсиз. Ёнингизга бир намозхон диндошингиз келиб ўтирди. У ўтирган жой офтоб нури тушиб турган, иссиқ тафтини уриб турган жой эди. Салқинда ўтириш мазза. Дарҳол жойингизни у билан алмашасизми?!

   Уйдаги таом ортиб қолди. “Эртага ермиз” деб совутгичга қўйдингиз. Эртаси куни янги таом пиширилгани сабабли сотувгичда овқат борлиги эсингиздан чиқиб қолди. Орадан бир неча кун ўтгач ўша овқатга кўзингиз тушиб қолди. Олиб, иситиб емоқчи бўлдингиз, “Икки кунлик овқатни ейманми?” деган нарса хаёлингиздан ўтди-да, емадингиз, аммо ташлаб юборишга кўзингиз қиймаяпти. Шу таомни, яъни ўзингиз ейишга ботинолмаган таомни қўшнингизга берасизми ёки унга янги пиширилган таомдан чиқарасизми?!

Бирор нарса харид қилиш, ойлик маошни олиш ва ҳоказо ўринларда ўз навбатингизни сиздан кейинги кекса, кутишга, кўп тик туришга мадори етмайдиган кишига берасизми ёки кекса одам тургани билан ишингиз бўлмайдими?!

Бу каби саволларни кўплаб келтириш мумкин. Мақсад саволни кўпайтириш эмас, балки шу каби саволларга жавобимиз қандай бўлиши кераклигини ўрганишдир.

Агар сиз юқоридаги саволларга “Ҳа, илинаман, раво кўраман” деб жавоб берган бўлсангиз, бунинг учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтинг!

Бордию бу саволларга жавобингиз “Афсус, бундай қилмайман” деган жумла бўлса, у ҳолда Аллоҳ таолодан кечирим сўранг, Унга тавба қилинг.

Бу ҳадисга амал қилсак, жамиятда ўзаро аҳиллик, биродарлик, инсонпарварлик ва одамлар орасида меҳр кучаяди, ўзимиз ҳам комил мўмин бўламиз.

Азизлар, юқоридаги буюк ҳадисга амал қилиб, комил мўмин бўлайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ҳадисга амал қилувчилардан ва комил мўминлардан айласин, омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон

9 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабида бўлиб ўтаётган 2019-2020 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари жараёнларига ташриф буюрдилар.
Муфтий ҳазратлари “Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис” ҳамда “Араб тили” фанларидан ижодий имтиҳонларни кузатиб, ушбу фанлардан энг юқори балл тўплаган ёшлар билан мулоқот ўтказдилар. Муфтий ҳазратлари ёшларнинг билимларини яна бир бор синовдан ўтказдилар.

Ҳақиқатан, ушбу илм даргоҳида энг қобиятли ва иқтидорли ёшлар кириш имтихонларида иштирок этаётганларига яна бир бор гувоҳ бўлинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

mardi, 09 juillet 2019 00:00

Охират тадориги учун

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Сунан”ларида қиёмат сифати бобида  Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади: “Эй инсонлар! ҳисоб-китоб куни келишидан олдин ўзларингизни ҳисоб-китоб қилинглар! Буюк кун (қиёмат куни)га тайёрланинглар! Зеро, бу дунёда ўзини муҳосаба қилган кишига Қиёмат куни ҳисоб – китоб енгил бўлади”. Сўнгра Имом Термизий айтади: “Маймун ибн Меҳрондан шундай ривоят қилинади: “Банда токи ўзини ҳисоб- китоб қилмагунича  тақво соҳиби бўлмайди”.

         Имом Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Мўмин киши доимо ўз нафси устидан ғолиб келувчидир. Уни Аллоҳ азза ва жалла учун тергаб туради”.

         Имом Муновий раҳматуллоҳи алайҳи “Файзул қадийр”да қуйидагиларни келтиради: “Устозларимиз гапирган гаплари,  қилган ишларига кўра ўзларини ҳисоб-китоб қилардилар ва барчасини қоғозга қайд қилардилар.Тунда қоғозларини олдиларига қўйиб, ўзларидан содир бўлган сўз ва амалга назар солардилар. Истиғфор айтиш керак бўлган ўрнида истиғфор айтардилар, тавба ўрнида тавба қилардилар, шукр ўрнида эса шукр қилардилар, сўнгра уйқуга кетардилар”.

       Ҳа, уларнинг ҳаёт тарзлари нақадар буюкдир. Буларнинг барчаси-Аллоҳнинг китоби, Расулининг суннатига эргашиш ва жамоатни лозим тутиш самарасидир .

(“Рисалатул мустаршидин”китобидан. Муаллиф: Абу Абдуллоҳ Муҳасибий. Араб тилидан: Халилуллоҳ Юсуф таржимаси)  

تَهَادُوا تَحَابُّوا

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳадя қилишинглар, муҳаббатли бўласизлар”, - дедилар”.

“Ҳиба” манфаат берадиган нарсани бировга етказишдир. Ҳанафий фуқаҳолар истилоҳида: “Ҳиба - муайян молни бировга эвазсиз мулк қилиб беришдир”. Бундан вақтинчалик фойдаланиб туриш учун ёки ижарага берилган нарсалар ҳиба бўлмаслиги билинади. Шариатда ҳиба мандуб амал ҳисобланади. Қуръони Карим ва Суннатда унга бир неча далиллар бор. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 4-оятида шундай марҳамат қилади:

 

وَآتُوا النِّسَاءَ صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً ۚ فَإِن طِبْنَ لَكُمْ عَن شَيْءٍ مِّنْهُ نَفْسًا فَكُلُوهُ هَنِيئًا مَّرِيئًا

“Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингизлар!.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 177-оятида яна марҳамат қилиб айтади:

“Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буриб, (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхши кишилардир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя қилишинг, чунки ҳадя кўнгилдаги ғилли-ғашликни кетказади. Қўшни аёл аёл қўшнисига қўй туёғининг бир бўлагини бўлса ҳам беришни ҳақир санамасин”, - дедилар”.

Ҳиба ҳадя, садақа, атийя, маниҳа ва бошқа сўзлар билан ҳам аталиши мумкин бўлиб, бу номларнинг ҳаммасининг ўзига яраша хусусиятлари ҳамда тегишли ҳукмлари бор. Уларнинг маънолари ҳам бир-бирига жуда яқиндир.

Агар молни эвазсиз мулк қилиб беришдан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш бўлса, садақа бўлади. Агар молни бериладиган шахсни улуғлаб ва меҳрини қозониш учун олиб борилса, ҳадя бўлади. Ўлими олдидан мол улашиш – атийя бўлади. Бошқа ҳолатларда ҳиба бўлади. Соғиб ичиб туриш учун берилган ҳайвон “маниҳа” дейилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қани, бир аҳли байтга соғиб ичишга эрталаб бир исс (катта идиш), кечқурун бир исс сут берадиган соғин туя берадиган одам бормикан?Албатта, унинг ажри улуғ бўлур”, дедилар”. (Имом Муслим ривояти)

Шарҳ: Қишлоқ жойларда бола-чақали, камбағал оилалар соғиб ичадиган ҳайвонга муҳтож бўладилар. Улар ҳар қандай қийинчиликларга чидаб бўлса ҳам, уйларидан соғин ҳайвонни йўқотмасликка ҳаракат қилишади. Чунки тирикчиликларининг бир томони шунга боғлиқ бўлади. Ана шундай ҳолда бой одам бир соғин ҳайвонни соғиб, ичиб туриши учун бирор камбағал, муҳтож оилага берса, улуғ иш қилган бўлади. Унга бериладиган ажру-савоблар ҳам улуғ бўлади.

Уламоларнинг ижмоъларига биноан ҳибанинг барча турлари мустаҳаб дейилган. Айниқса, қариндошларга қилинган ҳиба жуда яхши ҳисобланади. Уламолар ҳиба ийжоб, қабул ва қабз билан амалга ошишига ҳам иттифоқ қилганлар.

Аллоҳ таоло барчамизни бир-биримизга меҳр-муҳаббатли қилсин, фарзандларимиз ва қариндошларимиз ҳаққига риоя қилгувчи бандалардан қилиб, уларга яхшилик ва хайр-эҳсон қилишда бардавом этиб, бизларга Ўз ҳузуридан кўплаб ажру-ҳасанотлар берсин!

 

Муҳаммад ибн Ҳусайн Устуршонийнинг “ Жоме’ аҳкомус-сиғор “ китобидан Джамилова Нодирабегим таржимаси

Шаъбий (р.а.) айтадилар:
“Бир аёл ҳазрати Умарнинг (р.а.) ҳузурларига келиб: “Эй амирал мўъминин, сизга инсонларнинг энг яхшиси устидан шикоят қилгани келдим. У шундай одамки, яхши амал борасида унга етадиганлари оз. Кечалари тонггача намоз ўқийдилар ва кундузлари доимо рўзадор бўладилар”, деганидан кейин уялиб, аслида айтмоқчи бўлган гапларини айтолмади ва:

“Эй мўъминларнинг амири, мени кечиринг”, - деди.
-Яхши, - дедилар ҳазрати Умар. - Аллоҳ сендан рози бўлсин. Сен у одамни жуда яхши сифатлар билан мақтадинг. У ҳақда бундан ортиқ бирор нарса гапиришингга ҳожат йўқ.
Аёл чиқиб кетгач, Каъб ибн Сурр (р.а.) дедилар:
-Эй амирал мўъминин, аёл уялиб, шикоятини сўзлай олмади.
-Аёлнинг қандай шикояти бор эди?
-Аёл эридан “завжият (яъни эр-хотинлик) ҳақ-ҳуқуқларига риоя этмаётир”, деб шикоят қилмоқчи эди.
Бу гапни эшитганларидан сўнг ҳазрати Умар (р.а.) аёлни орқага қайтариб, унинг эрига ҳам хабар юбордилар ва аёлнинг эри келгач, Каъбга:
-Ораларида сен ҳакамлик қил, - дедилар.
-Сиз шу ердалигингизда мен қандай ҳакамлик қиламан?
-Мен тушунмаган нарсага сенинг ақлинг етди. Бинобарин, уларни эшитиб, ораларида ҳукм этмоқ сенинг ҳаққингдир, - дедилар халифа.
Шунда Каъб халиги одамга:
-Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эрларга хитобан: “агар етимларга адолатли бўла олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар”, дея марҳамат қилганига кўра, кўпи билан уч кун (нафл) рўза тутишинг мумкин. Тўртинчи куни тутмаслигинг керак ва кўпи билан уч кеча тонггача ибодат қилишинг мумкин. Тўртинчи кеча аёлингнинг ёнида ётишинг лозим, - дедилар.
Эр-хотин кетишгач, ҳазрати Умар Каъбга:
-Сенинг бу топағонлигинг боягисидан ҳам гўзалдир,-дедилар ва Басрага қози этиб тайинладилар”.

''Одамийлик мулки'' китобидан

Top