www.muslimuz
ФОТОЛАВҲА: “Гулистон” масжидида Муфтий ҳазратлари ташрифларига тайёргарлик давом этмоқда
Хабар берганимиздек, бугун, 24 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Сирдарё вилоятидаги “Гулистон” масжидига жума намозига ташриф буюриб, сирдарёлик мўмин-мусулмонларга мавъиза қилиб берадилар.
Айни пайтда “Гулистон” жомесида Муфтий ҳазратлари жума маърузаларини тинглаш ва жума намозини адо этиш учун келаётган минглаб сирдарёлик мўмин-мусулмонларга жой ва шароитлар ҳозирланмоқда.
Муфтий ҳазратларининг ташриф ва суҳбатларини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боришингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @vaqfuz | @diniysavollar
Инфографика: Пиротехника офат келтиради, ёхуд мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас!
“Пиротехника офат келтиради, ёхуд мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас!” номли инновацион дастурлар ва замонавий методларни ўз ичига олган ИНФОГРАФИКА тайёрланди.
Инфографикада пиротехника воситаларининг моддий ва маънавий зарарлари, унинг саломатликка салбий таъсири, Ислом динида инсонни қўрқитиш, зиён етказиш қаттиқ қораланиши, шундай буюмларни қонунга хилоф тарзда ишлаб чиқариш, сотиш ва тарқатиш ҳамда улардан фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлишига оид маълумотлар ифода қилинган.
Шунингдек, тарбия ишига мутасадди бўлганлар ва ота-оналарга муҳим тавсиялар баён этилган.
Мобил қурилмалар орқали ҳам фойдаланиш учун инфографиканинг PDF шакли, мавзуга оид видеороликлар ва мазкур фаолият билан шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланган тегишли кодекслар моддаларининг QR кодлари берилган.
Сиз азизлардан ушбу инфографикани кенг тарқатиш орқали нохуш воқеа-ҳодисаларнинг олдини олишга чақирамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хушхабар: “Сунани Термизий” ҳадислар тўплами шарҳи илк бор ўзбек тилида нашр этилди
Буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизийнинг “Сунани Термизий” ҳадислар тўплами ва унинг шарҳи илк бор ўзбек тилида китобхонлар эътиборига ҳавола қилинмоқда.
Китобда ҳадислар ўқувчиларга тушунарли тарзда шарҳ қилиш билан бирга мавзуга оид кўплаб ихтилофли масалалар ва уларнинг ечими батафсил баён қилинган. Зеро, бугунги замонда Ислом динининг забардаст олимларидан бўлган Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари айтганларидек: “Сунани Термизий асари Пайғамбаримизнинг ҳадислари жамланган ва уларнинг фиқҳий ҳукмларига катта эътибор қаратилган тўплам сифатида ўрганилиши керак”.
Бугунга қадар китобнинг уч жилди нашр қилинди. Қолган қисмлари ҳам тез фурсатда азиз ўқувчиларга тақдим қилинади, иншоаллоҳ.
Аллоҳ таолодан ушбу китобни халқимиз диний билимини ошириш йўлидаги хизматлар қаторида қабул қилсин!
Мурожаат учун:
+998991013003,
+998946434060,
+998903256414
Ўзбекистон ва Беларус Диний идоралари вакиллари онлайн мулоқот ўтказди
Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Халқ дипломатияси маркази ташаббуси билан Ўзбекистон ва Беларус мусулмонлари идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича онлайн мулоқот ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Фатво бўлими мудири ўринбосари Саиджамол домла Масайитов ва Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғофуров, шунингдек, Беларус мусулмонлари марказий жамияти раиси Абубакр Шабанович ва Халқ дипломатияси маркази раҳбарлари иштирок этди.
Самимий мулоқот чоғида Иброҳимжон Иномов юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Саиджамол домла Масайитов Диний идора фатво бўлими фаолияти, соҳадаги янгиликлар, мўмин-мусулмонларнинг диний саволларига жавоб берадиган “Колл марказ”, Fatvo.uz сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари, телеграм бот каналлари ҳақида маълумот берди. Уйғун домла Ғофуров юртимиздаги диний таълим муассасалари, улардаги ўқув жараёнлари, соҳада қўлланилаётган замонавий услуб ва методлар тўғрисида гапириб берди.
Мулоқот якунида ўзаро тажриба алмашиш, имомлар малакасини оширишда ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Диний соҳа ходимларининг муҳим вазифалари баён этилди
Шу йил 16-18 декабрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бошчилигида бир гуруҳ диний соҳа раҳбарлари Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида фаолият юритаётган туман-шаҳар бош имом-хатиблари, отинойилар, маҳалла оқсоқоллари ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг ҳудудий вакиллари иштирокида самимий мулоқотлар ўтказдилар.
Муфтий ҳазратлари учрашувларда бугунги кунда имом-хатиб зиммасидаги долзарб вазифаларни сидқидилдан бажариш баробарида ўз устида мунтазам ишлаши, билим ва касб маҳоратини ошириб бориши, жамиятда ихтилофли масалалар келиб чиқишининг олдини олиши, бузғунчи тоифаларга илмий асосда раддиялар бериши, никоҳ ўқиш тартиби ва одобларига риоя этиши, аҳоли билан кўпроқ мулоқотда бўлиши, янги пайдо бўлаётган иллатларга қарши курашиши лозимлигига урғу қаратдилар.
Шунингдек, имом-хатибларни нотиқлик, фақиҳлик ва нуктадонлик каби илм ва қобилиятларини ривожлантириш, дин пешвосига мос ва хос либос кийиш, жума маърузаларини содда ва халқчил тарзда жамоатга етказиш каби жиҳатларга эътибор қаратиш зарурлигини айтиб ўтдилар.
Муфтий ҳазратлари келгусида Фатво бўйича фаолиятни янада такомиллаштириш, мўмин-мусулмонларнинг шаръий масалалардаги барча саволларига жавоб беришни қамраб олиш ва хотин-қизлар муаммоларига ҳам алоҳида эътибор берилишини баён этдилар.
Учрашувларда сўзга чиққан нотиқлар сўнги йилларда Янги Ўзбекистонга муносиб мутахассис бўлиш учун бугунги замон билан ҳамнафас бўлиш, ижтимоий тармоқлардаги халқимиз орасини бўлиш, тушкунлик ва ношукрликка ундовчи ғаразли чиқишларга муносабат билдириш, дунёдаги воқеа-ҳодисалар, айниқса, Яқин Шарқ ва қўшни мамлакатлардаги нотинчликларни чуқур идрок этиш, ноқонуний ва ношаръий никоҳнинг зарарини кенг тарзда тушунтириш, халқимиз, айниқса, ёшларни илм-маърифатга бўлган рағбатини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, диний соҳа ходимлари ёшлар таълим-тарбиясига катта эътибор қаратиши, уларни зарарли таъсирлардан асраши, юз йиллар давомида ота-боболаримиз орзу қилган, биз эришган неъматларга шукр ҳиссини шакллантириш, оилавий ажримлар олдини олиш, хусусан, фарзанд тарбиясида бобо-момолар панду насиҳатларига амал қилиш каби муҳим вазифаларга эътибор қаратиш кераклиги алоҳида қайд этилди.
Мулоқотларда мамлакатимизда мўмин-мусулмонларга берилаётган имкониятлар кун сайин яхшиланиб бораётгани, масжидлардаги шароитлар ҳавас қиладиган даражада бўлаётгани, юртимиз бўйлаб Қуръон ва тажвид курслари фаолияти кенгаяётгани эътироф этилди.
Учрашувлар самимий мулоқот ва ишчан руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати