muslimuz

muslimuz

Шу кунларда Россия Федерацияси Свердловск вилояти мусулмонлари диний бошқармаси “Марказий муфтийлик” қароргоҳида муфтий Абдулқуддус Ашарин бошчилигидаги Урал мусулмонларининг Ўзбекистон Республикаси делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди, деб ёзади “IslamNews”.

  Ўзбекистондан ташриф буюрган делегация вакилларидан Ўзбекистон Республикаси мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими мудири ўринбосари Иброҳим Иномов, Андижон вилоятидаги “Ғиштли” жоме масжиди имом-хатиби Ботиржон Тожибоев, Россия Федерацияси, Екатеринбург шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консули вазифасини бажарувчиси Самандар Юлдашев ва Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги консули Улуғбек Ҳаллаков мазкур йиғилишда қатнашдилар. Йиғилишда мезбонлар томонидан Свердловск вилояти Халқаро ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг 1-халқаро бўлими этно-иқтисодий алоқалар ва конфессиявий муносабатлар бош мутахассиси Павел Кох ва Свердловск вилояти ички сиёсат бошқармасининг экстремизмнинг олдини олиш бўйича ишларни ташкил этиш бўлими бошлиғи Иван Падерин иштирок этди.

Ўзбекистон делегацияси Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Урал мусулмонларига салом ва дуоларини етказишди. Ўзбекистон имом-хатиблари делегациясининг Урал мусулмонлари диний идораси таклифига биноан диндошларига ёт ғоялар ташвиқотига қарши профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича Екатеринбургга ташрифи билан бошланган бугунги ҳамкорликдан мамнунлигини билдирди.

Муфтий Абдулқуддус Ашарин меҳмонлар учун Марказий муфтийлик қароргоҳи бўйлаб ташриф уюштирди ва Екатеринбургда марказий жоме масжиди қурилиши режалари ҳақида сўзлаб берди.

 Томонлар Ўзбекистондаги қадамжоларга сафар қилиш орқали зиёрат туризмини ривожлантириш, Ўзбекистон ва Урал мусулмонлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма таълим тадбирлари бўйича истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати.

lundi, 24 juin 2024 00:00

Қайтим

Бу воқеа муборак Рамазон кунларининг бирида бўлган. Ифторлик вақтига яқин қолганда, Адҳам нон сотиб олиш учун новвойхонага борди. У ерда нав­батда турган инсонлар кўп эди. Бир вақтнинг ўзида харидорларга нон узатиш ва уларнинг пулларини санаб олиш осон эмасди. Адҳамнинг ҳам навбати келди. Чарчаган сотувчи унга ортиқча қайтим берди. Адҳам иккиланиб бир қўлидаги пулларга, бир сотувчига қаради. Новвой унга: “Тинчликми болакай?” деди. Адҳам эса: “Ҳаммаси яхши”, деди-да, нонларни кўтарганча уйига югуриб кетди. Кечки овқат вақтида у бироз ўйчан кўринарди. Кечқурун кимдир ғойибдан унга: “Нега бундай қилдинг? Нега бировнинг ҳаққига хиёнат қилдинг?” дегандек туюларди.

Адҳам бўлиб ўтган воқеаларни онасига айтиб беришга қарор қилди-ю, аммо онаси бу иши сабабли қаттиқ койишидан қўрқди. Туни билан мижжа қоқмади. Саҳарлик пайти унинг кўзи девордаги тақвимга тушди. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳа­дисларини ўқиди:

البِرُّ حُسنُ الخُلُقِ ، والإِثْمُ ما حاكَ في صدْرِكَ ، وكرِهْتَ أنْ يَطلِعَ عليه الناسُ

“Яхшилик гўзал хулқдир. Гуноҳ бу – қалбингни қийнаган ва сен бошқалар уни билиб қолишидан қўрқадиган амалдир (Имом Муслим ривояти). 

Адҳамнинг юзлари қизариб кетди. Гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисни айнан у учун айтгандек эди. У тўғри новвойхонага борди ва новвойдан узр сўраб, ортиқча қайтимни қайтариб берди. Адҳам тўғри иш қилиб, ўзини гуноҳдан сақлаб қолганидан мамнун эди.

Заҳар

Ҳусайн амаки шаҳардан қишлоққа аъло кайфиятда қайтаётганди. Бозорга олиб борган молларининг барчасини сотди. Йўлда эса эшагини ўтлатиш ва ўзи ҳам бироз мизғиб олиш мақсадида булоқ бошида тўхташга қарор қилди. Булоқнинг ёнгинасидаги дарахт соясида уйқуга кетишдан олдин пуллари жойида эканини текшириб, халтачасини қўйнига солди-да, уйқуга кетди.

Бу ҳолатни дарахт устида бир қароқчи кузатиб турар эди. Унинг кўзлари хурсандчиликдан ёниб кетди. У Ҳусайн амакининг ухлаганига ишонч ҳосил қилгач, секингина дарахтдан сирғалиб тушди. Сўнгра чўнтагидан қамиш пояси ва заҳар солинган қутини чиқарди. Қамишнинг ғовак пояси ичига заҳарни солди-да, аста уйқудаги Ҳусайн амакининг олдига яқинлашди. Мақсади уйқудаги кишининг ичига заҳарни пуфлаб ўлдириш ва пулларини ўзлаштириш эди. У энгашиб заҳарни пуфлашни бошлаган ҳам эдики, тўсатдан Ҳусайн амаки аксириб юборди. Қамишдаги заҳарнинг барчаси катта тезликда қароқчининг оғзига қайтиб кирди. Унинг ёмонлиги ўзининг бошига етди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган ушбу ҳадислари нақадар ҳақиқат:

من ضارّ ضارّ الله به

“Бошқаларга зарар берадиган кишига Аллоҳ ҳам зарар беради” (Имом Аҳмад ривояти). 

Охунжон АҲМЕДОВ

таржимаси

 
 

Саудия ва Хитой компаниялари Маккада илк бор учувчисиз ҳаво таксисини муваффақиятли синовдан ўтказди.

Намойиш Саудиянинг турли соҳалардаги илғор технологияларни интеграциялашувига ихтисослашган “Front End” компанияси Хитойнинг автоном ҳаво воситаларини ишлаб чиқувчи “Ehang” компанияси билан ҳамкорликда ўтказди, деб ёзади “IslamNews” “Drone Life” га таяниб.

“Дрон такси” синови Ҳаж вақтида саёҳат тезлиги ва самарадорлигини ошириш учун ишлаб чиқилган. Икки йўловчига мўлжалланган ҳаво таксиси муваффақиятли ҳавога кўтарилиб, керакли масофани босиб ўтди ва қўнди. Синовлар одамлар кўп бўлмаган жойларда ўтказилди.

Саудия Арабистони фуқаро авиацияси бош бошқармаси президенти Абдулазиз Ад-Дуайлижнинг айтишича, учувчисиз ҳаво такси синови Қиролликнинг авиация саноатига технологик инновацияларни олиб киришда муҳим қадам бўлди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсин, муборак ҳаж ибодатини эсон-омон, сиҳат-саломатликда адо этдик. Бунинг учун Аллоҳга чексиз шукроналар айтсак, бизга керакли шароитларни ҳозирланган барча мутасаддиларга ўз миннатдорлигимизни билдиришимиз зарур. 

Ҳаж амалини эмин-эркин, тўла-тўкис адо этишимиз учун Мадина ва Макка шаҳарларига бориб жойлашгунимизга қадар катта ҳурмат ва иззатда бўлдик. Биз учун тикилган махсус кийимлар, «Ҳаж» қўлланмаси, шифокорлар кўриги, замонавий махсус автобуслар, замонавий меҳмонхоналар ва у ерда яратилган шарт-шароитлар ҳамда ошпазларимиз томонидан тайёрланган миллий таомлар, барча-барчаси муқаддас масканларда эмин-эркин ибодатларини адо этишимиз учун муҳайё қилинди.

Бунинг учун, аввало, юртимиз раҳбарига, Муфтий ҳазратлари ва барча масъуллар, хизматда турганларга чексиз ташаккурлар айтамиз. 

Тошкент 35-гуруҳ ҳожилари жамоаси

 

Аллоҳнинг муҳаббатига ва Ўзига яқин бўлишга олиб борувчи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, тақводорларнинг завқи ва солиҳларнинг одати бўлган бу намозни кўпчилик эътибордан четда қолдиради.

Кимки ушбу намозни ўқиса мусибат ва ташвишлардан, ғам-ғуссалардан қутилади, қашшоқлик кўрмайди, ҳар бир дардига шифо топади. Охиратда эса Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ва мағфирати ила Жаннатига киритур: “Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритурмиз. Унда абадий – бардавом қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Аллоҳдан ростгўйроқ зот борми?” (Нисо сураси, 122-оят).

Савол: Бу қандай намоз? У қандай адо этилади?

Шайх Маҳмуд Убайдий айтади: “Бу тунги намоз бўлиб, у фарз намозлардан кейинги энг яхши намозлардан бири ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Қолаверса, Аллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандалари қаторида тунги намозни ўқийдиганларни алоҳида мадҳ этган: “Улар тунларни Роббиларига сажда қилиб, бедор ўтказадилар” (Фурқон сураси, 64-оят).

Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир. Роббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир. Улар кечалари оз ухлар эдилар” (Зориёт сураси, 15-17-оятлар).

Шунинг учун ушбу намозни тарк этмаслик ва эътибордан четда қолдирмаслик керак”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечанинг қиёмини лозим тутинг. Чунки у сизлардан олдин ўтган солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбат, ёмонликларга каффорот, гуноҳлардан қайтарувчидир”, дедилар.

Бошқа ҳадисда Набий алайҳиссалом: “У жисмдан дардни кетказувчидир” деганлар.

Агар ушбу мақолани ўқиб бўлсангиз, Аллоҳ таолони зикр қилинг (Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи) ва яқинларингиз билан баҳам кўринг.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Page 3 sur 265
Top