muslimuz

muslimuz

Лондондаги энг йирик масжидлардан бири Туркия ва Суриядаги табиий офат қурбонлари учун катта миқдорда хайр-эҳсон йиғди.

Биринчи кунларданоқ Шарқий Лондон масжиди зилзила қурбонларига Islamic Relief ва Diyanet UK каби хайрия ташкилотлари билан ҳамкорликда гуманитар ёрдам учун ресурсларни қидиришни бошлади.

Шарқий Лондон масжидида жума куни хайрия жамғармасига 60 000 фунт (72 000 доллар) йиғилди, дея хабар бермоқда Anadolu агентлиги.

"Хайрия йиғиш кампанияси жума намозидан сўнг, Islamic Relief билан ҳамкорликда, ташкилот директори Туфаил Ҳусайннинг ҳиссиётларга тўла мурожаатидан сўнг бўлиб ўтди.
"Мен Буюк Британиядаги опа-сингилларимиз ва биродарларимизнинг ҳамдард бўлишларидан жуда таъсирландим", - деди Туркиянинг Британиядаги элчиси Умит Ялчин.

Келгуси ҳафталарда Лондон масжиди Туркия ва Суриядаги зилзилаларнинг оқибатларини бартараф этиш учун маблағ тўплашни давом эттиради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзининг фақат ташқи кўринишини ўйлайдиган, ички дунёсини унутган одамнинг нафси касалдир. Бундай касалликка дучор бўлган одам камтар ва самимий мўмин сифатида кўринишни хоҳлайди, аслида ундай эмас, балки ўзини шундай кўрсатишга ҳаракат қилади, холос.

 Муолажа услуби

Агар инсон ўз ички дунёсини гўзал қилиш ҳақида қайғурса, тартиб-интизомга амал қилса, шунда унинг руҳий нури ёришади ва унинг ташқи қиёфаси ҳам гўзаллашади.

Инсоннинг ички дунёси гўзал бўлса, уни ҳар қандай безак ва ҳашаматсиз чиройли қилади. Атрофида таниш-билишлари, яқинлари ва дўст-улфатлари кўп бўлмаса ҳам, кўпчилик одамлар уни ҳурмат қилишади. Зеро, Аллоҳ таоло ички дунёсини ислоҳ қилувчининг ташқи кўринишини ҳам ислоҳ қилиб қўяди.

Ал-Муҳосибий раҳимаҳуллоҳ инсон руҳий оламига бепарво бўлмаслиги ҳақида бундай деган: “Аллоҳнинг ғазабидан сақланинг ва охиратда хор бўлишдан қўрқинг! Аллоҳ таоло олдида қадр-қимматингизни йўқотишдан ва У Зотнинг ибодатларингизни қабул этмай қўйишидан қўрқинг! Инсон ўзига ва қилаётган амалларига Аллоҳ таолонинг муносабатини эътиборга олмаган одамнинг Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қадри йўқ”. 

 Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси

 

lundi, 13 février 2023 00:00

Ислом ила яшнаган ўлка

Ислом – Сомалининг давлат дини. Турли манбаларда келтирилишича, мамлакат аҳолисининг 99 фоиздан ошиқроғи Ислом динига эътиқод қилади. Мусулмонларнинг аксари суннийлар. Мамлакатнинг 2012 йилда қабул қилинган муваққат конституциясида Ислом Сомали Федератив Республикасининг давлат дини ва Ислом шариати миллий қонунчиликнинг асосий манбаи сифатида белгиланган.

Шунингдек, муваққат конституцияда шариат аҳкомларига мувофиқ келмайдиган ҳар қандай қонун лойиҳаси қабул қилинмаслиги белгилаб қўйилган.

Ислом Африканинг мазкур мамлакатига VII асрда кириб кела бошлаган. Ўшанда дастлабки мусулмонлар бу ерга Арабистон яриморолидан келишган эди.

Ушбу маконда Исломнинг тарқалиши ва мустаҳкамланишида маънавий раҳнамолар – Шайх Мадару, Абдураҳмон аз-Зайлий, Авайс ал-Баравий, Муҳаммад Гулиду ва бошқа устозларнинг роли катта бўлган.

Сомали тарихи Ислом кириб келганидан сўнг янги, аниқ белгиланган йўналишга тушиб олди. Бир неча асрлар давомида ушбу заминда бир неча этник гуруҳлар яшаган ҳамда уларни умумий тил ва маданият боғлаб турган. Улар хушбўй (атторлик) ишлаб чиқарувчи эдилар ва қадимий мисрликлар ҳамда Рим империяси билан савдо алоқаларини ривожлантирганлар. Бироқ уларнинг қадимий ақидалари аста-секин Исломга ўрнини бўшатиб берди ва XIII юзйилликка келиб юрт аҳолисининг ҳаммаси мусулмон бўлди.

Сомалиликлар Исломга кирганларидан кейин янги сиёсий тузилма – Ифат давлатини ташкил қилди. У Эфиопия билан қарамлик муносабатларини узиб, Адал султонлигига айланди ва янги султонлик Африканинг шарқий қирғоқлари бўйлаб Ислом давлатлари билан савдо алоқалари ўрнатиш орқали гуллаб-яшнади. Аммо Адал султонлиги 1541 йили Португалия Эфиопия билан иттифоқ тузиб, Сомалининг қирғоқлардаги шаҳарларига ҳужум қилиб, уларни вайрон қилганидан сўнг қулади. Ҳудудда португалларнинг мавжудлиги султонликнинг қайта тикланишига тўсқинлик қилди ва Адал кўплаб майда султонликларга парчаланиб кетди.

XVII асрга келиб португаллар минтақадан суриб чиқарилганидан сўнг усмонийлар Сомалининг шимолий қисмида ҳукмронлигини ўрнатди. Бу вақтда жанубдаги султонлик Занзибар султони билан муносабат ўрнатишга ҳаракат қилаётган эди.

Сомалининг ўша даврларда усмонийлар империяси ҳукмронлиги остида бўлган қисми аҳолиси ҳанафийлик мазҳабига амал қилади. Занзибар билан муносабат ўрнатган қисми аҳолиси эса шофеийлик мазҳабидадир. Яна унчалик кўп бўлмаган, келиб чиқиши асосан покистонлик бўлган шиалар ҳам бор. Шунингдек, аҳоли орасида қодирия ва шозилия тариқатлари кенг ёйилган.

Мамлакат пойтахти Могадишода Бутун жаҳон мусулмонлари конгрессининг Шарқий Африкадаги минтақавий бўлими жойлашган. 

Дамин ЖУМАҚУЛ
тайёрлади.

“Ҳидоят” журнали 2023 йил 1-сонидан


Hidoyat.uz  – http://Hidoyatuz.taplink.ws;

Muminalar.uz – https://t.me/muminalaruzb

Online obuna bo’ling! – https://obunahidoyat.taplink.ws

 

Саудия олимлари жамоаси Исломгача ва унинг илк даврида Арабистон ярим оролидаги энг йирик ярмарка бўлиб хизмат қилган Макка вилоятидаги қадимий бозор харобаларини топди, дея хабар беради Arab News.

Ҳабаш бозори мавсумий савдо майдончаси бўлган. Унда савдо Ражаб ойининг биринчи кунида бошланган ва саккиз кун давомида ўтказилган. Ярмарка ҳар йили эрамизнинг 813 йилигача ўтказилган.

Қирол Абдулазиз номидаги Тадқиқот ва архив фонди Бош котиби Фаҳд Ал-Самарийнинг сўзларига кўра, ҳозирда Ҳабаш бозори тилга олинган тарихий манбаларни излаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Антиқа ярмарка харобаларини қидириш бўйича экспедиция аъзоси Абдуллоҳ Ал-Заҳранийнинг сўзларига кўра, олимлар 40 йил давомида унинг жойлашган жойини аниқлашга ҳаракат қилишган ва эндигина муваффақиятга эришган. Бунинг учун улар архивларни кўтариб, ўша даврдаги карвон йўлларини тиклашлари ва кейин ўзлари шу йўллар бўйлаб боришлари керак эди.

Тарихчиларнинг фикрига кўра, Ҳабаш бозори Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг таржимаи ҳолларида қайд этилган, улар бу ерда ваҳий келмасдан илгари савдо қилганлар.

Ярмарка савдо павильонларининг жуда яхши сақланиб қолган харобаларининг топилиши олимларга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари иқтисодиёти, адабиёти ва маданиятини ўрганиш учун ноёб имконият беради. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жакартада Ўзбекистон ва Индонезия туризм, бизнес ва маданият анжумани ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир мамлакатимиз элчихонаси ва Индонезиянинг Ҳалол турмуш тарзи маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда индонезиялик зиёратчиларни Ўзбекистон сайёҳлик масканларига жалб қилиш, биргаликда чартер рейсларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли шерикликнинг бошқа масалалари юзасидан келишиб олинди.

Ўзбекистон туристик агентликлари ва Индонезиянинг ҳаж ва умра дастурларига ихтисослашган “ASITA”, “ASTINDO”, “Sapuhi”, “Amphuri” ассоциациялари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида, шунингдек, Самарқанд туризм маркази ва “Асита” туристик уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top