muslimuz

muslimuz

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла Расулиллаҳ ва аъла аалиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн

 Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Биродарим Юнус (алайҳиссалом)нинг дуоси ажойибдир, аввали таҳлил, ўртаси тасбиҳ ва охири гуноҳга иқрор бўлишдир. Ким ғам, ташвиш, мусибатга учраган ҳамда қарздор бўлса бир кунда уч марта шу дуони ўқиса, албатта, ижобат бўлади” (Дайламий ривояти. “Муснадул Фирдавс”. 3428).

Таҳлил: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”.

Тасбиҳ: “Субҳаналлоҳ”.

Гуноҳга иқрор бўлиш: “Лаа илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназ золимийн” – Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта мен золимлардан бўлдим.

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга бирон ғам-ташвиш, касаллик ёки қийинчилик етса, “Аллоҳу Роббий, лаа шарийка лаҳу” деса, у ташвиш ундан арийди», деганлар (Имом Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло барча мусулмонларга офият ато этсин, ҳидоятида бардавом қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

Динимизда илм йўлидаги талабаларга доимий ғамхўрлик қилиш, уларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини таъминлаш жамиятнинг қолган аъзолари зиммасидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Ҳанафий мазҳабининг машҳур фақиҳи Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Ал-уқуд ад-дуррийя фи танқиҳ ал-фатово ал-ҳомидийя” китобида: “Талаба илм олиш учун йўлга чиқса, унинг моддий шароитини таъминлаш мусулмонлар зиммасига лозим бўлур”, деганлар.

 Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам талабаларнинг нафақат ўқув машғулотларида илм олишлари, балки дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, яшаш шароитлари ва эҳтиёжларидан бохабар бўлиб туриш институт раҳбариятидан оддий ўқитувчигача ҳар бир масъул ходимнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Институтда ижарада ёки яқин қариндоши билан яшаётган талабалар маълумотлар базаси шакллантирилган бўлиб, алоҳида режа асосида ректор, проректорлар, кафедра мудирлари, ўқитувчилар, мураббийлар ижарада яшовчи талабаларнинг уйларига ташриф буюради.

Куни кеча Тошкент ислом институти ректори М.Муҳаммадсиддиқов, проректор У.Ходжаев, ишлар бошқармаси бошлиғи Ҳ.Аманов, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Олимов Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида ижарада яшовчи талабаларнинг уйларида бўлиб, уларнинг яшаш шароити, кайфияти, ҳол-аҳволидан хабар олдилар, дастурхон атрофида суҳбатлашди. Шунингдек, талабаларга ижара манзилларида ёнғин хавфсизлиги ва бошқа тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишлари тўғрисида тушунчалар берилди.

Институтда саховатли ҳомийларни жалб қилган ҳолда ижарада яшовчи талабаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур ўқув адабиётлари, эҳтиёжга қараб, уй жиҳозлари етказиб бериш йўлга қўйилган.

Шунингдек, ижарада турадиган талабалар билан гуруҳ мураббийлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла масъуллари ҳамкорлигида учрашувлар ўтказилмоқда.

Тошкент Ислом институти

Матбуот хизмати

 

Касб тақозоси билан элнинг иссиқ-совуғида хизматда бўламиз. Элчилик, баъзан тўй-ҳашам, баъзида жаноза бўлиб туради. Шундай пайтларда одамларимиз динимизга алоқаси бўлмаган анча-мунча удумларни қилишга уринишади. Чунки халқ орасида “кўпдан қолма” деган тушунча шаклланган. “Ҳамма шундай қилади”, “Урф шунақа”, “Кўп қатори биз ҳам...” деган гаплар тез-тез айтилади. Аммо ҳар ишда оммага эргашиш доим ҳам тўғри бўлавермаслиги ҳақида бот-бот такрорласак ё кишиларни Аллоҳ таоло амр қилган ибодатларга чорласак-да, афсус, “кўпчилик намоз ўқимайди, ҳамма аёллар ҳам рўмол ўрамайди ёки ҳамма диндор эмас. У дунёда мен ҳам ўшалар қатори ҳисобимни берарман”, қабилида хато фикрлайдиганлар топилади.

Хўш, ҳар ишда кўпчиликка эргашиш қанчалик тўғри? Бунга динимиз уламолари умумий қилиб бундай жавоб беришган: “Хато ва бидъат ишлар ўрнак бўлолмайди. Гарчи уларни кўпчилик қилаётган бўлса-да, янглиш тўғри бўлиб қолмайди. Шунингдек, тўғри ва яхши амаллар доим кўпчилик билан бўлмайди. Яъни, кўплар тўғри йўлни билмаслиги ҳам мумкин. Бу ҳақида Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони каримдан қуйидаги оятларни келтириш ўринли: 

“Ер (юзи)даги кўп кишилар (сўзи)га итоат қиладиган бўлсангиз, Сизни Аллоҳ йўлидан янглиштирадилар” (Анъом сураси, 116-оят); “...одамларнинг аксарияти оятларимиздан ғофилдирлар” (Юнус сураси, 92-оят); “Уларнинг аксарияти фақат гумон ортидан эргашадилар” (Юнус сураси, 36-оят); “Уларнинг кўплари ёлғончилардир” (Шуаро сураси, 223-оят); “...сизларнинг кўпларингиз ҳақиқатни ёмон кўрувчидирсиз” (Зухруф сураси, 78-оят); “Энг тўғри дин шу (ислом)дир, лекин кўп одамлар (буни) билмаслар” (Рум сураси, 30-оят)...

Тарихга назар ташласак, Нуҳ алайҳиссаломга эргашиб, кемасига чиқиб қутилганлар, кемага чиқмай ҳалок бўлганларга қараганда жуда оз эди (Ҳуд сураси, 40-оят). Демак, имон келтириб, тўғри ва солиҳ амал қилувчиларгина нажот топади. Фурсат эса кутиб турмайди.

Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,

Қамаши туманидаги

“Чим” жоме-масжиди имом-хатиби

lundi, 13 février 2023 00:00

Энди қайтариб олмайман!

Бир куни Усмон розияллоҳу анҳу бир киши билан бир нарсани савдолашди. У айтди: «Эй биродар, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Сотишда енгил, олишда енгил бўлган кишини Аллоҳ раҳм қилсин”. Усмон (розияллоҳу анҳу) сотувчига: “Сенга яна ўн минг қўшиб бераман”, дедилар. У киши бу ишни ўша муборак дуога дохил бўлиш учун қилди”.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) бир боғни айланиб юриб, бир ракатга кеч қолди. Шунда: “Шубҳасиз у садақадир”, дедилар. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг молини йўлда ўғирлаб, тунаб кетишди. У киши султонга бормоқчи бўлди. Сўнг ўтириб ўзига деди: “Бу молимни тарозимдан чиқариб ташлашни истамайман”.

Рабиъ ибн Хайсамдан ривоят қилинишича, унинг ғазотга минадиган оти бор эди. Ўттиз мингга баҳоланар эди. Бир кеча у намоз ўқиётганда ўғри тушиб отини ўғирлаб кетди. Ўғри кетгунича у намозини бузмади. Ўғри шериклари олдига борганда улар отни таниб: “Шўринг қурсин, бу Рабиънинг оти-ку, бизни дуоибад қилишидан олдин уни қайтариб бер”. Шунда ўғри йиғлаб, отни қайтариб олиб борди. Борса, у эндигина намозини тугатган экан. Ўғри у тарафга юрганди, Рабиъ сакраб туриб, отни ушлаб: «Бу менинг тарозимга чиққан нарса, уни энди олмайман», деб ўғрига қайтариб берди.

Манбалар асосида
Аслиддин РАҲМАТУЛЛАЕВ
тайёрлади

Лондондаги энг йирик масжидлардан бири Туркия ва Суриядаги табиий офат қурбонлари учун катта миқдорда хайр-эҳсон йиғди.

Биринчи кунларданоқ Шарқий Лондон масжиди зилзила қурбонларига Islamic Relief ва Diyanet UK каби хайрия ташкилотлари билан ҳамкорликда гуманитар ёрдам учун ресурсларни қидиришни бошлади.

Шарқий Лондон масжидида жума куни хайрия жамғармасига 60 000 фунт (72 000 доллар) йиғилди, дея хабар бермоқда Anadolu агентлиги.

"Хайрия йиғиш кампанияси жума намозидан сўнг, Islamic Relief билан ҳамкорликда, ташкилот директори Туфаил Ҳусайннинг ҳиссиётларга тўла мурожаатидан сўнг бўлиб ўтди.
"Мен Буюк Британиядаги опа-сингилларимиз ва биродарларимизнинг ҳамдард бўлишларидан жуда таъсирландим", - деди Туркиянинг Британиядаги элчиси Умит Ялчин.

Келгуси ҳафталарда Лондон масжиди Туркия ва Суриядаги зилзилаларнинг оқибатларини бартараф этиш учун маблағ тўплашни давом эттиради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top