muslimuz

muslimuz

Cавол: Таҳоратли киши соч олдирганидан кейин таҳорати синадими? Қайта таҳорат олиш керакми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Соч олдириш билан таҳорат синмайди. Бу ҳақда “Фатовои Оламгирийя” китобида бундай дейилган:

“Киши таҳорат олиб, бошига масҳ тортиб кейин сочини қирдирса ёки тирноқларини олса, қайта таҳорат олиши ёки шу аъзоларни қайта ювиб қўйиши лозим бўлмайди”.

Агар соч олдириш асносида бошидан қон чиқса, таҳорат синади ва қайта таҳорат олинади. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Яратганга шукрки, юртимизда янги масжидларни бунёд этиш, мавжудларини замонавий шаклда қайта барпо қилиш ишлари бардавом бўлмоқда.

Вобкент тумани “Анжирбоғ” маҳалласида жойлашган “Анжир Фағнавий” жоме масжидининг янги биноси аҳоли учун жуда катта хурсандчилик олиб келиб, унда замонавий лойиҳа асосида қайтадан қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳақда Вобкент туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу хайрли тадбирда Вобкент туман бош имом хатиби Ғолиб Очилов бошчилигида имом хатиблар, нуронийлар, ҳомийлар ва масжид қурилишида ҳиссасини қўшаётган усталар иштирок этиб, масжиднинг илк ғиштини яхши тилак ва хайрли дуолари ила қўйиб бердилар. Барча иштирокчилар савоб умидида бирин-кетин пойдеворга ғишт қўйдилар.

Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайратлари билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ эканлиги Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Шу йил 15 май куни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи Ёқубжон домла Мансуров Тайлоқ туманида бўлди.

Ташриф давомида Ёқубжон домла туман бош имом-хатиби Бобур домла Нарзуллаев ҳамроҳлигида ҳудуддаги таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари амалга оширилаётган масжидларни кўздан кечирди.

Хусусан, янги биноси қарийб қуриб битказилиб, намозхонлар ихтиёрига топширилиш арафасидаги “Сада Қайрағоч” жоме масжидида бўлиб, намозхонларга янада қулай шароитлар яратиш борасида муҳим кўрсатма ва тавсияларни берди.

Шунингдек, Аллоҳнинг байтини обод қилишдек савоби улуғ ишларда меҳнат қилаётган фидоий ходимлар, уста ҳунарманд, ишбоши ва ҳомийлар ҳақига дуолар қилиниб, янги масжидни тез орада халқимизга туҳфа этилишига тилак билдирилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Шу йил 15 май куни Нукус шаҳридаги марказий “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидида Қорақалпоғистон Республикасидаги ногиронлиги бўлган фуқаролар билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда 100 дан зиёд ногиронлиги бўлган ҳамюртларга Ислом дини мазмун-моҳияти, ҳадис ва оятлардан далиллар келтириб, тушунча берилди. Ўз навбатида иштирокчилар эътибор ва эҳтиром учун ташаккур изҳор этдилар.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳраматдин домла Разов, Ўзбекистон карлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси бўлими М.Бекназарова ва бошқалар иштирок этди.

Ногиронлиги бўлган фуқароларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Эътиборли бўлиш керак:

  1. Ҳамхоналарда кексалар бўлса, қўлдан келганича уларга ёрдам бериш тавсия этилади.
  2. Биз ҳанафий мазҳабига мувофиқ ибодат қиламиз, шунинг учун ибодат вақтида бошқа мазҳабдаги аёлларнинг намозига эътибор бермаслик талаб этилади (ибодатлар масаласида элликбоши ёки ишчи гуруҳ аъзоларидан жавоб олиш мумкин).
  3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида ёки Каъбага матоларни турли ниятларда суртиш,  Уҳуд тоғи тупроғидан олиб кетиш, Уҳуд тоғига қараб намоз ўқишнинг бидъат амаллардан эканини аниқ билиш зарур.
  4. Самолётда, меҳмонхоналарда, масжидлардаги таҳоратхоналарда покизаликка қатъий эътибор бериш талаб этилади.
  5. Ибодатларни тугатиб меҳмонхонага қайтиш йўли ёддан кўтарилганда саросимага тушмаслик, яқин атрофдаги полиция ёки бирон кишига бейжик ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)ни кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.
  6. Шифокорлар доимо хизматда бўлганлиги боис ўзингизми, ҳамхонангизними тоби қочиб қолса, дарров шифокорга мурожаат қилиш зарур.
  7. Меҳмонхоналарда юк йўқолиш каби ҳодисалар кузатилса, дарҳол гуруҳ раҳбарига мурожаат қилиш керак.
  8. Тошкент аэропортига қайтиб келингандан кейин жомадон ёки юклар йўқолгани маълум бўлса, жомадон учун берилган чиптани гуруҳ раҳбари билан биргаликда аэропорт маъмуриятига топширилади.
  9. Ҳаж зиёратидан қайтиб келгандан кейин мусулмон кишига хос бўлган ишларни мукаммал бажаришда, маҳалла ва жамоат ишларида, тўй ва маъракаларни исрофгарчиликсиз ўтказиш, ёшлар тарбиясида ибрат бўлишлари тавсия этилади. Хайрли амалларда давомли бўлиш икки дунё саодатига эриштиради.
  10. Аксинча Ҳаж зиёратидан қайтгандан сўнг исрофгарчилик билан эҳсонлар қилиш мумкинмас. Айниқса “ҳожи она” мақоми шаръий масалаларда ўзича фатво бериши мумкин эмаслигини яхши англаб етиш зарур.

Аллоҳ таоло Ҳаж ибодатингизни Ҳажжи мабрурлардан қилсин ва хайрли амалларда бардавом бўлишни  насиб этсин!

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази ва Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими

 

Page 48 sur 265
Top