Ўзбекистон янгиликлари

“Анжир Фағнавий” масжидининг янги биносига илк ғишт қўйилди

Яратганга шукрки, юртимизда янги масжидларни бунёд этиш, мавжудларини замонавий шаклда қайта барпо қилиш ишлари бардавом бўлмоқда.

Вобкент тумани “Анжирбоғ” маҳалласида жойлашган “Анжир Фағнавий” жоме масжидининг янги биноси аҳоли учун жуда катта хурсандчилик олиб келиб, унда замонавий лойиҳа асосида қайтадан қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳақда Вобкент туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу хайрли тадбирда Вобкент туман бош имом хатиби Ғолиб Очилов бошчилигида имом хатиблар, нуронийлар, ҳомийлар ва масжид қурилишида ҳиссасини қўшаётган усталар иштирок этиб, масжиднинг илк ғиштини яхши тилак ва хайрли дуолари ила қўйиб бердилар. Барча иштирокчилар савоб умидида бирин-кетин пойдеворга ғишт қўйдилар.

Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайратлари билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ эканлиги Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Read 569 times

Янгиликлар

Top