muslim.uz

muslim.uz

Мўминларга Рамазон ойи ва ундаги амалларни севдирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Рамазон ойини тоату ибодат, солиҳ амаллар билан ўтказишни ўргатган Расулимиз алайҳиссаломга салавоту саломлар бўлсин!

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ўн икки ойнинг султони, раҳмат ва мағфират ойи бўлган рамазон ойи эшик қоқмоқда. Аллоҳ таоло бу ойни яхшилик ва тақво ойи қилди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бу ойда барчани фаол бўлишга, бу ойнинг ҳар бир куни, соатини ғанимат билишга чақириб, бу ойни тоату ибодат, кўнгил сўраш, бошқаларга ёрдам қўлини чўзиш ва раҳм-шафқат ойи эканини баён қилганлар.

Рамазон – бу рўза ойи! Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини интиқлик билан кутар, унинг яқинлашганини кишиларга эслатиб турар ва саҳобаи киромларни у билан табриклаб, муносиб тайёргарлик кўришга чорлар ҳамда, “Сизларга Рамазон кириб келди, муборак ой. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди”, дердилар.

Рамазон рўзаси мусулмон одамга, ақлли инсонга, балоғатга етганга, соғлом ва муқим одамга, ҳайзу нифосдан пок аёлга фарздир. Мусулмон бўлмаган, ақлидан зойил бўлган мажнунга, балоғатга етмаган ёш болага рўза фарз эмас.

Бемор соғайганидан сўнг қазо рўза тутиб беради. Шунингдек, мусофир юртига келганидан кейин, узрли аёллар ҳайзу нифосдан тозалангандан сўнг тутмаган рўзанинг қазосини тутиб берадилар. Ҳомиладор ёки эмизикли аёллар ўзларига ва болаларига зиён етмайдиган бўлганда, рўза тутадилар, ўтказиб юборган рўзаларининг эса қазосини тутадилар. Шайхи фоний, улуғ ёшдаги кексалар рўза тутишга қийналадиган бўлсалар, рўза тутмай қўя қоладилар. Унинг ўрнига фидя берадилар. Қийналмайдиган бўлсалар, рўзаларини (ёки қазосини) тутадилар. Шунингдек, тузалмайдиган беморлар фидя берадилар. 

Рамазон – тарбия ойи! Бу ой ҳурматидан жаҳаннам эшиклари ёпилади. Инсонларга Аллоҳнинг чексиз раҳмати ёғилиб, уларга яхши имкониятлар яратилади. Улардан оқилона фойдаланиб, рамазон ойини ибодатда ўтказган ҳар бир банда дўзаҳдан озод қилинади.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқин келди. Бу ойда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ой рўзасини фарз, тунлардаги ибодатларни суннат қилди. Бу ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда етмиш фарзни адо этган каби бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг жавоби жаннатдир. Бу кўмак ва ёрдам ойидир. Бу ойда мўминниг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади, дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан эса ҳеч нарса камаймайди».

Рамазон тинчлик элчиси, гўзал ахлоқ ва яхши одоб фурсатидир. Биров билан тортишиш, жанжаллашиш асли яхши иш эмас. Рамазонда бундай амаллардан янада узоқроқ бўлиш, ҳатто биров сўкса ҳам, ҳақорат қилса ҳам, унга рўзадорлигини айтишдан бошқа жавоб қайтарилмайди.

Рамазон – Қуръон ойи! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга тўлиқ ўқиб берар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар.

У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди. Рамазон ойида бошқа нафл ибодатларни қўйиб, фақат Қуръон билан машғул бўлганлар. Имом Зуҳрий Рамазон кирса: “Бу ой фақат Қуръон ўқиш ва (ифторда) очларни тўйдириш ойидир”, – дердилар.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи Рамазон ойи кирса, ҳадис дарсларини тўхтатиб, Қуръон билан машғул бўлар эдилар. Шунингдек, Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳам Рамазон ойи келса, барча нафл ибодатларни қўйиб, Қуръонга юзланар эдилар.

Рамазон – саховат ойи! Динимизда бошқа ойларга нисбатан Рамазон ойида хайр-саховатга алоҳида эътибор беришга тарғиб қилинади. Сабаби бу ойда қилинган амалга жуда кўп ажру мукофотлар берилади. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг саховатларини мадҳ этиб шундай деганлар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетар эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда ёмғирли шамолдан ҳам сахийроқ бўлардилар (яъни, ёмғирли шамол барчага баробар фойда келтиргани каби, У Зотнинг саховатларидан ҳам барча баҳраманд бўлар эди” (Муттафақун алайҳ).

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар ишда ўзимизга намуна билган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу муборак ойда қилган амалларига ҳам эргашиш, бу борада ҳам У Зотни ўзимизга намуна қилишимиз лозимдир.

Фурсатдан фойдаланиб, ўз номимдан ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги, вилоятимиз уламолари ва имом-хатиблар номидан барчаларингизни моҳи Рамазон ойи билан табриклайман. Илоҳо, бу ойда тутажак рўзаларимиз, қиладиган тоату ибодатларимиз, хайру саховатларимиз ҳамда дуо-ю илтижоларимизни Аллоҳ қабул қилсин! Жонажон ватанимизни тинч-осойишта, халқимизни фаровон айласин!

Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, мўмин-мусулмонлар ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазонни ниҳоятда кўтаринки руҳда, завқу шавқ билан кутиб олмоқдалар. Рамазон фазилатларга бой ойдир.

Унинг барча фазилатларига тўла тўкис эришиш учун ҳаммада ҳам билим ва маълумот етарли бўлмайди. Шу сабабдан бир - халқчил тилдаги, оддий ва содда қўлланма – кундалик дастур бўлса жуда ҳам яхши бўлади. Шунда ҳар куни унга бир назар солиб қайси амалларни қай тарзда, қачон ва қанақа эътиқод билан бажаришимизни ўзимиз учун белгилаб олар эдик.

Ушбу заруратларлан келиб чиқиб, рамазон туҳфаси сифатида шу каби қўлланма тайёрланди ва жамоатчиликка тақдим этилганини мамнуният билан ёдга олмоқчиман. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари “Рамазонни ғанимат билиб, унумли ўтказайлик” номли рамазонга бағишланган рисолани муштарийларга тақдим қилди. Ҳозирча ушбу рисола юртимиз аҳли илмлари, имом хатиб ва мударрисларга холисан лиллаҳ тарқатиб берилди. Иншааллоҳ, уламоларимиз ундан истефода қилган ҳолда жамоатга ундаги муҳим маълумот, эслатма ва тавсияларни бериб борадилар.

Рислоа билан танишар эканмиз, унда дастлаб, рамазон ойининг фазилатлари зикр қилинганига гувоҳ бўламиз. Кейинги саҳифаларда эса бизни огоҳликка даъват этилган. Сергак тортишимиз, чунки рамазон кириб келаётгани, унга қай даражада тайёр эканлигимизга назар солиш кераклиги ёдга солинади. Саҳифалар орасида турли эслатмалар оддий тил билан, тушунарли тарзда берилгани рўзадорнинг кундалик амалларига аниқлик киритиб олишига кўмаклашади.

Рисолада рўзанинг фоидалари, охиратдаги мукофотлари, бу ойдаги дуолар ҳамда зикр ва вирдлар ояти карима ва ҳадиси шарифлар асосида ёритилгани, ўқиб бораётган кишида тутаётган рўза ва амалларига иштиёқи янада ошишига хизмат қилади. Гоҳида рўзадорни шайтони лаъин васваса қилиб, тутаётган рўзасини тарк эттиришга, унинг савоб ва ажрларидан ноумид қилишга уриниши бор гап.

Саҳарлик ва ифторликка доир эслатмалар ҳам ўқувчига тақдим этилган. Баъзилар эринчоқликликлари туфайли саҳарлик қилишдан бош тортадилар. Саҳарликдаги фазилат ва барака билан танишган рўзадор асло уни узрсиз тарк этмаслиги аниқ бўлиб қолади. Рамазон ойининг кундузларини соим ҳолда ўтказувчи мусулмон киши тунларини қоим бўлган ҳолда ўтказиши, таровеҳ ва хатми қуръонларнинг савоби нечоғлигига рисолани кундалик қилиб олган киши амин бўлади.

Юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларнинг рамазон ойидан унумли фойланиб қолишлари, тутаётган рўзалари ва бажараётган амалларини мукаммал бўлиши, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни қабул этиши йўлида ушбу рисола ажойиб қўлланма ва кундалик бўлишини Аллоҳим насиб этсин.

 

Зайниддин домла Эшонқулов – Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом хатиби

Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида 16 март куни рус араблаштириш мактаби асосчиси, академик “Игнатий Крачковский” таваллудининг 140 йиллиги муносабати билан турли байрам тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Санкт-Петербургдаги Россия Миллий кутубхонасида "Шарқшунослик профессори" номли кўргазма бўлиб ўтади. Унда профессор Крачковскийнинг беваси Вера Крачковский томонидан кутубхонага туҳфа этилган нашрлар ва академикнинг илмий ишлари намойиш қилинади.
Шу билан бир қаторда Вера Крачковский Россия мусулмонлари идораси кутубхонаси ихтиёрига профессор Крачковскийнинг китоблар жавонидаги 20 минг та китобни топширади.
Россия Миллий кутубхонаси раҳбари Владимир Гронскийнинг айтишича, Россия мусулмонлари диний идораси буюк рус алломаси хотираси ва унинг меросини абадийлаштиришга ҳисса қўшаётган барча ишларни қўллаб-қувватлайди. Диний идора маъмурияти эса Миллий кутубхона билан ҳамкорликда профессор Крачковскийнинг мемориал ёдгорлик хазинасини яратишда иштирок этади.
Шуниси эътиборга лойиқки, Россия Миллий кутубхонаси ўтган йилнинг ноябр ойида "Файзхонов ўқишлари" 18-халқаро илмий анжумани доирасида "Игнатий Крачковскийнинг шарқи" номли ноёб кўргазмасини ўтказган эди.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, Игнатий Крачковский (1883-1951) совет академиги ва рус араблаштириш мактабининг асосчиси, араб мамлакатлари, уларнинг тарихи ва ислом динига оид 450 дан ортиқ илмий мақола ва китоблар муаллифи саналади. Улардан энг муҳими араб ва бошқа тилларга таржима қилинган “Aраб қўлёзмалари ҳақида” ва “Aраблар орасида географик адабиёт тарихи” хотираларидир. Крачковский Қуръони карим маъноларини ҳам рус тилига таржима қилган.
Бу ҳақда “Райя” ахборот хизмати маълум қилган.

ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади.

“Садақа Аллоҳнинг ғазабини тўсади ва ёмон ҳолда ўлим топишдан сақлайди” (Термизий ривояти).

Top