Фотолавҳалар

“Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” халқаро илмий-амалий анжуманига қатнашган хорижлик меҳмонлар бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ва Ҳазрати Имом мажмуаси билан янада яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.

Нуфузли меҳмонларни идора раҳбарлари ва ходимлари кутиб олдилар.

Дастлаб Идоранинг катта мажлислар залида қисқача суҳбат бўлиб ўтди. Унда кечаги анжуман таассуротлари билан ўртоқлашилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов йиғилганларга анжуман тафсилотлари ҳақида сўзлаб берганидан сўнг муфтий ҳазратларига сўз берди.

Анжуманнинг аҳамияти борасида сўз юритган муфтий ҳазрат, жумладан, бундай дедилар:

– Ислом инсонларни ҳамжиҳатликка, дўсту биродарликка ундайди. Қуръони каримда тинч-хотиржам ҳаёт кечириш зарурлиги юздан ҳам кўп уқтирилган. Бундан аён бўладики, бировга озор бермаслик, инсонларнинг тинч яшашига дахл қилмаслик ҳам ибодат экан. Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Золим ва мазлум биродарингизга ёрдам қўлини чўзинг”, дедилар. Саҳобаи киромлар: “Ота-онамиз Сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Мазлумга ёрдам қилиш кераклигини тушундик. Аммо золимга нега ёрдам қиламиз?” деб сўрашди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Золимни зулмдан тўхтатинг, ана шу сизнинг унга кўрсатган ёрдамингиз бўлади”, дедилар.

Бугунги кунларда ўтказаётган анжуману тадбирларимиз айнан ана шу мақсадга хизмат қилади. Биз мўмин-мусулмонлар қўлни қўлга берсак, эзгу ишларга бош қўшсак, зулму ситамлар ўз-ўзидан барҳам топиб кетади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига хўш келибсиз!

Кавказ мусулмонлари идораси раиси, МДҲ динлараро кенгаш ҳамраиси, Кавказ халқлари Олий диний кенгаши раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода анжуманнинг юксак савияда ташкил этилганини айтиб ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирди ва мўмин-мусулмонларга, улар қаторида бошқа дин вакилларига ҳам шундай ажойиб шароит яратиб берган давлат ва давлат раҳбари омон бўлсин, дея дуо қилди.

Туркия Республикаси Диний бошқармаси раиси Доктор Али Эрбаш гапини жуда ҳам катта ҳаяжон билан бошладики, бу ҳаяжон залда ўтирганларга ҳам таъсир қилди:

– Мен Ўзбекистонга биринчи марта келдим, аммо ҳамма одам кўзимга таниш кўриняпти. Чунки бу макон – ота юртим. Бир замонлар ёвқур аждодларимиз ана шу муқаддас заминда от чоптириб юрганлар. Мен сиз азизларга Туркиядан саломлар олиб келдим. Туркияликларнинг Ўзбекистонга келганларининг ҳам, келмаганларининг ҳам келгиси келади. Сизнинг гўзал чеҳрангизнинг таниш кўринишининг яна бир сабаби, мўъжаз кутубхонамдаги Бухорий, Термизий, Самарқандий, Мотуридий, Насафий асарларини ўқиганимда кўз олдимда айнан шу юртнинг, шу юртда яшайдиган шарафли халқнинг сиймоси гавдаланар эди.

Биз кеча турли давлат вакиллари тўпланиб кўплаб масалаларни муҳокама қилдик. Бунинг учун устоз Усмонхон ҳазратларига ҳамда Пошшозода ҳазратларига беҳад миннатдорчилик билдираман.

Мана шу даврада ҳозир бўлган азизлар, биз барчамиз “Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир” ҳадисига мувофиқ пайғамбарларнинг ворисларимиз, Бизга мерос бўлиб ўтган ана шу омонатни садоқат билан бажаришни барчамизга насиб айласин!

Шундан сўнг меҳмонлар идора ва мажмуа билан танишмоқни бошладилар. Уларга ЎМИнинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи  Акмалхон Шокиров йўлбошловчилик қилмоқда.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 4284 times
Top