Фотолавҳалар

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” халқаро илмий-амалий анжуманида сўзлаган маърузасида Ўзбекистонда виждон ва эътиқод эркинлиги таъминланиб, диний бағрикенглик тобора мустаҳкамланаётгани, қисқа вақтда Қорақалпоғистонда Имом Эшон Муҳаммад масжиди, Хоразмда Охун бобомасжиди, Тошкентда Сузук ота масжидини катта мажмуа шаклида бунёд этилаётгани, Сурхондарёда Имом Термизий, Қашқадарёда Абу Муин Насафий мажмуаларининг қайта қурилаётгани, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш бошлагани катта туҳфа бўлгани ҳақида сўз юритдилар.

Айниқса, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани аждодларимизнинг бой маънавий мероси бутун ислом оламида кенг ўрганилишига имконият беришини таъкидладилар ҳамда Ҳазрати Имом мажмуасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академиясининг очилиши ва мамлакатимиз ҳудудларида ақида, калом, фиқҳ, тафсир ва ҳадис мактабларининг ташкил этилиши диёримиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби алломалар етишиб чиқишига катта ишонч уйғотишини айтдилар.

Муфтий ҳазратлари нутқини: “Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азиз меҳмонларни диёримизнинг энг мўътабар масканлари бўлган Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари  бўйлаб, азиз-авлиёлар хоки поклари қўним топган жойларни зиёрат қилишга таклиф этаман”, деган таклиф билан якунладилар.

Муфтий ҳазратларининг таклифларига биноан анжуманга ташриф буюрган эътиборли меҳмонлар кеча Ҳазрати Имом мажмуасига зиёратга келиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ҳазрати Имом жоме масжиди билан танишдилар. сўнгра Ҳазрати Усмон Мусҳафини, Бароқхон мадрасасини, Қаффол Шоший ва Зиёвуддин Эшон Бобохон мангу қўним топган масканларни зиёрат қилдилар. Тошкент Ислом институтига бориб ўқитувчи ва талабалар билан самимий суҳбат қурдилар. Ундан кейин эса “Минор” жоме масжидига бордилар. Кечаги куннинг энг муҳим воқеаси хорижлик меҳмонларнинг Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви бўлди.

Бугун тонгдан меҳмонлар муфтий ҳазрат бошчилигида «Афросиёб» тезюрар поездига ўтириб Самарқандга қараб йўлга тушган эди. Улар куннинг биринчи ярмида Самарқандга етиб боришди. Уларни вилоят раҳбарлари ва олиму уламолари, навқирон ёшлар ҳамроҳлигида катта хурсандчилик билан кутиб олишди. Нуфузли меҳмонлар “Регистон плаза» меҳмонхонасига жойлашди ва вақтни ғанимат билиб Имом Бухорий ҳазратларининг зиёратига ошиқдилар.

Жума намозини ушбу муборак масканда ўқидилар. Сўнгра Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат этишди.  Энди эса шаҳардаги диққатга сазовор жойларни кўздан кечирмоқдалар.

Дамин ЖУМАҚУЛ


Read 4768 times
Top