muslim.uz
Қорилар мусобақасидан лавҳа: Муҳаммад Юсуф Ҳамидов
Эртага ҳаммани “Ҳазрати Имом” масжидига чорлаймиз!
Қуръон мухлислари, эртага 15 февраль куни Республикамиздаги марказий масжид ҳисобланган Тошкент шаҳрида жойлашган “Ҳазрати Имом” жоме масжидига Қуръон мусобақасининг туман-шаҳар босқичлари ўз якунига етади.
Ўтган бир ой давомида юртимиздаги хушсавт қориларимиз халқимизни Қуръон тиловати билан баҳраманд этишди. Мўмин-мусулмонларимизнинг қувончу шодликлари жуда ҳам чексиз бўлди. Юртимизга файзу барака, илоҳий раҳмат ва мағфират ёғилди.
Эртага “Ҳазрати Имом” жоме масжидида қорилар мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтади. Барчани 2018 йилги Қуръон мусобақасининг туман-шаҳар босқичининг тантанали равишда ўз якунига етишини кузатишга чақирамиз. Айни пайтда жоме масжидда тайёргарлик ишлари авжида.
Мусобақанинг якуни эртага ўта ҳаяжонли, қалбларни эзилтирадиган ва келгуси мавсумни орзиқиб кутадиган даражада ўтишига ишончимиз комил. Шунингдек, Учтепа, Чилонзор туманларидаги аёл-қизлар қатнашчилари учун “Бисёр” тўйхонасида қорилар мусобақаси бўлиб ўтади
Шундай экан азизлар, бир ғайрат қилиб “Ҳазрати Имом”га ташриф буюринг, агар имконингиз бўлмаса, якуний лаҳзаларни muslim.uz портали орқали жонли кузатинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тиланчилик хусусида шариат ҳукмини биласизми?
Баъзан бозорларда, маҳаллаларда, кўп қаватли уйлар атрофида қўл-оёғи бутун, соғлиги жойида, тоғни урса, талқон қиладиган кишиларнинг тиланчилик қилиб юрганларини кўрамиз. Шундай қилишлари тўғрими?
Тўрт мучаси соғлом бир кунлик егулиги бор кишининг тиланчилик қилишини динимиз қаттиқ қоралайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, агар қамчинг ерга тушиб кетса ҳам”, дейиш билан инсонлардан беҳожат бўлишга чақирганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Инсонлар наздида энг яхши инсон инсонлардан беҳожат бўлганидир ва инсонлар ғазабини келтирадиган инсон уларга муҳтож бўлган инсондир. Аллоҳ наздида энг яхши инсон Унга муҳтож бўлган кишидир. Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган инсон бошқаларга муҳтож бўлиб, Яратгандан беҳожат кишидир”.
Инсонлардан беҳожат бўлиш учун тинмай меҳнат қилиш ва ҳалол ризқ қидириш керак.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (Мулк, 15).
Аллоҳ таоло ҳатто ҳайит, байрам кунлари ҳам меҳнат қилиш ва ризқ қидиришга буюрган:
“Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Жума, 10).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир кишини пешона тери билан кун кечиришга ундаганлар ва ўзлари ҳам меҳнат қилишни яхши кўрганлар.
Ривоят қилинишича, кунларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар билан ўтирганларида улардан бир киши ҳақида гап кетади: “У кундузлари рўза тутади ва кечалари зикр қилади”, дейишади ва бундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурсанд бўлиб, унга ўхшашни буюрадилар, деб ўйлашади. Лекин Расулуллоҳ: “Сизлардан кимнинг озиқ-овқати ва кийим-кечаги етарли?”, деб сўрадилар. Улар: “Барчамизники”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар ундан яхшисизлар”, дедилар. Буни эшитган саҳобалар меҳнат қилишга ва “арава”ларини ўзлари тортишга аҳд қилишди.
Мўмин киши тадбиркор бўлиши керак. Жамиятдаги ишсиз кишиларни иш билан таъминлаш ҳам улуғ савоб. Машойихлар айтганидек: “Хоҳлаб турган нарсангдан беҳожат бўл, унинг тенги бўласан. Хоҳлаган нарсангга муҳтож бўлсанг, унинг асири бўласан. Хоҳлаганингга яхшилик қил, амири бўласан”.
Бировга қарам, муте бўлишдан, одамлардан тама қилишдан сақланайлик.
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)нинг ҳаётларида бўлиб ўтган воқеани эслаш фойдадан холи эмас. Али (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Кунларнинг бирида оч қолиб, Мадина кўчаларига чиқиб иш қидирдим. Тупроқ йиғиб, челакда сув ташиб, хурмоларни суғораётган аёлга дуч келдим. Унга ўн олти челак сув ташиб бердим ва қўлларим қавариб кетди. Кафтимни ёзиб унга қавариқларни кўрсатдим. У менга ўн олтита хурмони санаб берди. Мен хурмоларни олиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келдим ва бўлиб ўтган ишни айтиб бердим. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) хурсанд бўлдилар ва мен билан хурмо едилар”.
Пайғамбарлар ҳам ризқларини меҳнат қилиб, пешона тери тўкиб топишган. Тарихдан маълум, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгорлик, Довуд (алайҳиссалом) темирчилик ва Идрис (алайҳиссалом) хаттотлик билан шуғулланганлар.
“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
Таъзия
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Кутубхона бош мутахассиси Муроджон Гулямовга волидаи муҳтарамалари Ғуломова Санталат ҳожи онанинг вафотлари муносабати билан чуқур таъзия билдиради. Аллоҳ марҳума ҳожи онани мағфират қилсин, савоб амаллари билан қабрларини нурга тўлдирсин, жойларини жаннатда қилсин. Марҳуманинг яқинларига Аллоҳ сабри жамил берсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Жаннат райҳонлари”ни пулга сотганлар
“Дарҳақиқат, сизлар (фарзандлар) жаннат райҳонларисиз”
(Умар ибн Абдулазиз ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ақроъ ибн Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолди. У зот (невараси) Ҳасан ёки Ҳусайнни ўпаётган эдилар. Ақроъ “Менинг ўн нафар фарзандим бор улардан бирортасини ўпмаганман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким раҳм қилмаса, раҳм қилинмайди”, дедилар”.
Аллоҳ таоло ато этган неъматларнинг ичида бири борки, у бўлмаса, инсоннинг, хоссатан, болажон ўзбек халқининг уйида қувонч бўлмайди. У – фарзанд неъматидир. Ана шу неъмат халқ ифодасида “Болали уй бозор – боласиз уй мозор”, деб таърифланади.
Бироқ Аллоҳ таоло ушбу неъматни ҳаммага ҳам ато қилавермайди. Баъзиларни кўп йиллар кутдириб кўз ёшларини қонга айлантириб, ана ундан кейин беради. Баъзиларни эса буткул “тирноқ”қа зор қилиб қўяди. Бошқалари эса шундай буюк неъматнинг қадрига етмайди.
Куни кеча daryo.uz сайтида уч нафар аёл 20 кунлик чақалоқни сотмоқчи бўлаётганда қўлга олингани ҳақида хабар берилди. Ундан бир оз олдин турли сайтларда янги туғилган чақалоғини сотмоқчи бўлган ота-она қамалгани, 24 ёшли она 4 ёшли, 23 ёшли она 3 ёшли қизчасини, яна бир эри ташлаб кетган 30 ёшли аёл бир неча ойлик чақалоғини “боқа олмайман” деб сотмоқчи бўлгани ва 16 ёшли ўзи ҳали гўдак бўлган она ҳам ўз фарзандини сотишга уринган вақтда қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Аслида одам савдоси ҳамма замонларда энг ўткир муаммолардан бири бўлиб келган. Бироқ бу иллат бизнинг ўзи емай боласига едирган, ўзи киймай боласига кийдирган болажон халқимизда ҳеч қачон бўлмаган. Аксинча, халқимиз оғир даврларда ҳам бошқа миллатларнинг 400 мингдан ортиқ фарзандини бағрига олиб, меҳрини бериб катта қилган. Ҳозир эса баъзиларга ўзи дунёга келтирган фарзанди ҳам ортиқчалик қилаётганга ўхшайди. Нима халқимиз ўша вақтларда Аллоҳ таолонинг “Розиқ” – “Ризқ берувчи” сифатига ишонган-у, биз моддиятга шу қадар берилиб кетганимиздан ишонмай қўйдикми?
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 151-оятида: “Келинг, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: “Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг. Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз... Фаҳш – бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг... “Ушбуларни сизга амр қилдикки, шояд ақл юритсангиз”, – деб айт”, дея марҳамат қилади.
Дарҳақиқат, жоҳилият даврида одамлар фарзандларини “боқа олмайман” деб ўлдириб юборар эди. Энди эса маърифат-маданият чўққисига чиққан даврга келиб ўша баҳона билан сотишга ўтиб олишдими?! Ахир Аллоҳ таоло “уларни ҳам ризқини Ўзимиз берамиз” демоқда-ку! Бу ҳодисалар одамларимизнинг асл миллийлигидан нақадар узоқлашгани ва уларнинг диний саводи устида ҳали кўп меҳнат қилишимиз кераклигидан далолат беради.
Бунинг яна бир сабаби эса ўйламасдан зинога қўл уриб, ҳомиладор бўлиб қолишдир. Сўнг улар бу шармандаликни беркитиш учун фарзандини ё кўчага ташлаб кетиш ёки сотиб юбориб, ундан қутулишгача етиб боради. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда “Фаҳш – бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг”, деб уларнинг ёмон оқибатидан огоҳлантирмоқда.
Номусини бой берган аёлнинг жамиятда ҳеч қандай қадр қиймати қолмагани каби фарзандини сотган аёлнинг ҳам бағрида бир ўпирилиш бўлади ва уни у кейин юзта эрга тегиб чиқса ҳам, мингта бола туғса ҳам тўлдира олмайди – бағри бўм-бўш бўлиб тураверади.
Фиқҳий китобларнинг “Савдо-сотиқ” бобида шундай масала келади: “Ҳур – озод инсонни сотиш қатъиян мумкин эмас. Чунки инсон сотиладиган нарса эмас. Озод инсоннинг устидан эгалик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло Исро сурасининг 70-оятида: “Батаҳқиқ, Биз бани одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик”, деб марҳамат қилади. Бирор киши шундай савдо қилса ҳам, унинг савдоси ботил бўлади”, деб айтилади.
Ислом дини ҳур одамнинг савдосини бирор ҳолатни мустасно қилмасдан мутлақо ҳаром қилган. Зеро, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб қўйган инсонни хор қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ишлар эса гуноҳи азимдир. Ҳар бир иш учун эртага жавоб берилади. У кунда эса “Ким раҳм қилмаган бўлса, раҳм қилинмайди”. Аллоҳ таолодан уларга тавфиқ беришини сўраймиз.
ЎМИ матбуот хизмати