Аудио

Намоз сабоқлари: Дуо қабул бўладиган вақт ва ҳолатлар (Аудио)

 

Дуо қилувчи йил кунлари ичидан Арафа кунини, ойлар ичидан Рамазон ойини, қадр кечасини, ҳафта ичидан Жума кунини, тун соатларидан саҳар вақтини ғанимат билиши лозим. Аллоҳ таоло: “Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар”, деб марҳамат қилган (Зориёт, 18). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Аллоҳ таоло ҳар кеча, кечанинг охирги учдан бири қолганида “Ким менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилай, ким Мендан сўрайди, Мен унга (сўраган нарсасини) берай, ким Мендан кечирим сўрайди, Мен уни кечирай”, дейди(Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) бундай дегани ривоят қилинади: “Сафлар Аллоҳ йўлида жипслашганида, ёмғир ёққанда, фарз намозлари адо этиладиган вақтларда осмон эшиклари очилади. Бу пайтларда дуо қилишни ғанимат билинг”. Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳи) айтади: “Намоз энг яхши вақтга белгиланган. Шунинг учун намозлардан сўнг дуо қилишни қўйманг”.

Пайғамбар (алайҳиссалом): “Азон ва иқомат орасидаги дуо рад қилинмайди” (Абу Довуд, Термизий ривояти); “Рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди” (Термизий, Ибн Можа ривояти), деганлар.

Ҳақиқатда, вақтлар ҳолатлар сабабли шарофатга эга бўлади. Зотан, саҳар вақтида қалб соф, ихлосли ва чалғитадиган нарсалардан холи бўлади. Арафа, жума кунлари эса ҳимматлар бирлашадиган, қалблар Аллоҳ азза ва жалла раҳматига бир бўлиб юзланган вақтлардир. Сажда ҳам дуо ижобатига яқин ҳолатлардан. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини ривоят қилади: “Банда Раббисига энг яқин бўладиган ҳолати сажда қилган вақтидир. Бас, шу вақтда дуони кўпайтиринг” (Имом Муслим ривояти). Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Мен руку ёки сажда қилган вақтимда Қуръон ўқишдан қайтарилдим. Рукуда Раббни улуғлангиз, саждада эса дуони кўпайтиринг, у вақт дуоларингиз ижобат бўлишга яқин вақтдир” (Имом Муслим ривояти).

 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 3379 times

Видеолавҳалар

Top