www.muslimuz

www.muslimuz

 

2022 йил 11 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда эпидемиологик вазият хавотирли тус олаётгани, сўнгги бир кунда кунлик касалланиш ҳолатлари сони 600 дан ошгани, яна 4 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берди.

Шу йил 7 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги юртимизда коронавируснинг “Omicron” штамми аниқлангани, эҳтиёт чоралари кучайтирилиши хақида хабар қилиб, унда Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани, ушбу касалликка қарши зарур чоралар кўришни давом эттириш лозимлиги қайд этилгани айтилди.

Хусусан, Республика махсус комиссиясининг қарори билан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилмоқда. Бунда барча ташкилот, корхона ва муассасаларда, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасаларнинг кириш қисмида ниқобда бўлиш, ижтимоий масофани сақлаш, тана ҳароратини ўлчаш амалиётига қатъий риоя этилиши таъминланади.

 

Касаллик тарқалган пайтда мусулмоннинг вазифалари

Турли хил тез тарқалувчи вабо каби эпидемия рўй берган пайтда мусулмон киши ўзини қандай тутиши керак. Бундай ҳолатларда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора-тадбирларини кўриши лозим. Вабо каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади.

 

Вакцина олишнинг ҳукми қандай?

Мазкур саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати бундай жавоб беради: “Маълумки, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари қарийб икки йиллик кузатишлар ва изланишлардан кейин коронавирус – COVID-19 касаллигидан сақланишнинг энг самарали воситаси вакцина олиш экани тўғрисида хулосага келдилар.

Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим кўрсатмалардир. Мана шу жиҳатларга зарар етадиган ҳолатларда шариатимиз зарарни даф қилиш сабабларини қўллашга буюради. Шундай экан вакцина олиш зарурати бир неча жиҳатлар билан таъкидланади.

Биринчидан, динимиз кўрсатмаларига кўра, Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг шифосини ҳам берган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Аллоҳ таоло ҳар бир касалликка шифосини туширгандир” (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ҳадисда шундай баён қилинади: Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан аъробийлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули, даволанайликми?”, деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом: “Ҳа, эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар. Чунки Аллоҳ ҳар бир касалликка даво яратгандир”, дедилар.  (Имом Бухорий ривоятлари).

Иккинчидан, баъзи кишилар касал эмаслигини рўкач қилиб, вакцина олишга бепарво бўладилар, ваҳоланки шариатимизда беморликдан аввал ундан сақланишга буюрилган. Бу ҳақда уламоларимиз шундай деганлар: “Касалликдан сақланиш уни даволашдан яхшироқдир” (“Ал-Фиқҳул исломий ва адиллатуҳу” китоби). Демак, бемор бўлмаган кимсалар ҳам касаллик тегишининг олдини олиши ва шунга сабаб бўладиган муолажаларни қилиши динимиз талабидир.

Учинчидан, динимиздаги асосий қоидалардан бири ўзига ҳам ўзгага ҳам зарар бермасликдир. Бу ҳақда Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, вакцинани олишимиз биринчи навбатда ўзимизнинг соғлигимиз, қолаверса, яқинларимизнинг соғлигини сақлашга сабаб бўлади.

Тўртинчидан, ҳозирги кунда Умра зиёрати сафарини режалаштираётган кишилардан ҳам биринчи навбатда вакцина билан эмланган бўлиши талаб қилинмоқда. Қолаверса, дунёнинг ҳар қандай давлатига бормоқчи бўлган кишидан вакцина билан эмланганлик сўралмоқда.

Хулоса шуки, ҳозирда давлатимиз томонидан фуқароларимизга етказиб берилаётган вакциналарни олишимизга динимиз рухсат беради. Эмланиш шаръан жоиз, чунки бу даволанишнинг бир кўринишидир. Валлоҳу аълам”.

Юқумли касаллик билан хасталаниш ҳолатлари ортиб бораётган, унга қарши эҳтиёт чоралари кучайтирилаётган вақтда ҳар бир мўмин-мусулмон Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиб, тиббиёт ходимларининг жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, касалликнинг олдини олиш мақсадида соҳа мутахассислари томонидан тавсия этилган вакциналар билан тўлиқ эмланиш каби Республика махсус комиссияси томонидан жорий этилган янги тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиб, ўзимиз, яқинларимиз, қолаверса, юртдошларимизнинг соғлигини сақлайлик. Зеро, уламоларимиз айтганларидек: “Касалликдан сақланиш уни даволашдан яхшироқдир”.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Шу йил 7 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Минор” жоме масжидида оила мустаҳкамлиги ва юрт тинчлиги ҳақида мавъиза қилдилар

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом дини номи билан машҳурдир. Бу номни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр қилган.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло: ﴾وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِيناً﴿ “Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим”, дейди (“Моида” сураси, 3-оят). 

Ислом сўзининг луғавий маъноси “ихлос”, “офатлардан саломат бўлиш”, “сулҳ ва омонлик”, “итоат ва бўйсиниш” каби маъноларни англатади.

Шундан ҳар бир мусулмон ва муслима Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом динига мансуб, ихлосли, турли офатлардан саломат бўлган, сулҳли, омонатли, итоатли ва Аллоҳга бўйсунган шахс дегани бўлади.

Иймон сўзи луғатда омон бўлиш ва тасдиқлаш маъноларини билдиради. Уламолар истилоҳида иймон – Аллоҳ таолодан келган нарсани тасдиқлаб, унга иқрор бўлишдир. Шундан мўмин ва мўмина Аллоҳ таолодан келган ақидага оид нарсаларни тасдиқлаб ва уларга иқрор бўлиб, турли ёмонликлардан омонда бўлган шахсдир.

Ислом ва Иймон тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетган, бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Аммо иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, Иймон ишониш-эътиқод назарий масалаларга, Ислом эса бўйсиниш-амалий масалаларга хосдир.

Ислом асослари шаҳодат, намоз, закот, рўза ва ҳаждан иборат. Иймоннинг асослари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхши-ю ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ишониш, тасдиқлашдан иборатдир.

Улуғ ақоид илми олими Умар Насафий ўзининг китобида: “Иймон ва Ислом бирдир. Қачонки, бандада тасдиқ ва иқрор мавжуд бўлса, мен ҳақиқатда мўминман, демоғи тўғри бўлади”, деган.

Айни дамда мўмин-мусулмонлар ўртасида фитна-фасод чиқариш, Аллоҳ қатъият билан қайтарган амаллардан эканини ёдда тутишимиз лозимдир.

 Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло фитна ҳақида бундай амр қилади: «Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир» (“Анфол” сураси, 25 оят).

Бақара сурасининг 191-оятида: «...Фитна эса қотилликдан ҳам ашаддийроқдир...», 217-оятида эса: «...Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...», деб яна такрорланади.

Замонамиз олимларидан Али Собуний бу оятни қуйидагича тафсир қилган: “Мусулмонни динида фитнага солиш (тинчлигини бузиш) Аллоҳ наздида қотилликдан каттароқдир” (“Тафсир ал-вазиҳ ал-муяссар”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бани Исроил қавми маъсиятлар қилиб ҳаддидан ошганда, уламолари уларни қайтарса ҳам ўз билганларидан қайтмадилар. Шунда уламолари уларнинг мажлисларида ўтиравердилар ва бирга еб-ичдилар. Шунда Аллоҳ уларнинг қалбларини бир-бирларига мойил қилиб қўйди ва уларни Ўз элчилари Довуд ва Исо (алайҳимуссалом)нинг тиллари билан лаънатлади. Бунга сабаб итоатсизликлари ва тажовузкорликларидир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суянган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар ва айтдилар: “Йўқ, жоним измида бўлган Зотга қасам, сизлар шу кабиларни ҳаққа бурмагунингизча азобдан омонда бўлмайсиз” (Имом Термизий).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиснинг охирида, агар мусулмон одам гуноҳ ва фитналардан қайтмасдан, аксинча, уларга қўшилиб кетса, лаънатга дучор бўлишига ишора қиляптилар.

Демак, фитналар тўзғиб турган пайтда мусулмон киши амал қилиши лозим бўлган Ислом одоблари қуйидагилар:

– Қуръон ва суннатга эргашиш, иккисини маҳкам ушлаш;

– Аллоҳ таолодан фитна ва унга яқинлаштирадиган ҳар бир нарсадан узоқ қилишини, фирқачилик, ихтилоф, енгилтаклик ва дин ақидаларига хилоф иш ёки бузуқ таълимотдан сақламоғини сўраб, дуо қилиш;

–  уламолар этагини ушлаб, уларнинг илмларидан манфаат олиб, ўтган солиҳ кишиларнинг йўлларини тутиш;

– юмшоқлик, шошмаслик, камтарин ва ҳалим бўлиш, ғазаб ва шошқалоқликдан узоқлашиш.

Бир неча йиллардан бери араб давлатларида давом этаётган хунрезлик, қотиллик каби қонли воқеаларга теран назар солинса, бу фитналар замирида Ислом одобларига амал қилмаслик, уламолар насиҳатларига қулоқ солмаслик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик неъматларини қадрламаслик каби кўплаб иллатлар ётибди.

Яна фитна пайтида аҳамият бериш лозим бўлган энг муҳим қоида: воқеалар жараёнига ўта диққат билан ёндашиш ва текшириш, унга бирор хулоса беришдан олдин яхшилаб ўрганиш ҳамда шу соҳанинг билимдон кишиларидан сўрашдир. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)» (“Исро” сураси, 36-оят).

Кимнинг йўлбошловчиси Аллоҳнинг Китоби, Расулининг суннати, уламоларнинг ижмоси бўлса, ўзи яшаётган жамиятни яхши кўрса, раҳбарларга итоат қилса, шу билан бирга огоҳ ва ҳушёр бўлса, Аллоҳ таоло уни фитна бўлаётган пайтда тўғри ва ҳақ йўлга муваффақ қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Келажакда фитналар бўлади. У фитналар келганда, ўтирган киши турган кишидан яхшидир, турган киши юрган кишидан яхшидир, юрган киши (унга қараб) югурган кишидан яхшидир. Ким фитнага қизиқиб, унга интилса, (фитна) уни ўзига тортиб олиб ҳалок қилади. Ким ундан қочиб қутуладиган жой (имкон) топса, ўша ердан паноҳ топсин (фитнага аралашмасин)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Аллоҳ таоло барчамизни турли кўринар-кўринмас фитналардан сақласин! Юртимизда тинчлик-хотиржамлик бардавом бўлсин, ўзаро тотувлигимиз, иноқлигимиз янада мустаҳкам бўлсин!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу йил 5 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Саудия Арабистонидаги “Abu Sarhad” ҳамкор ширкати раҳбари Абусарҳад Носир Абдуллоҳ жаноблари билан “Умра – 2022” мавсумини амалга ошириш бўйича шартнома имзоладилар.

Юртимизда умра сафарини ташкил этиш чораларини кўриш, ҳудудларда COVID пандемиясидан аввал навбатда турган фуқароларнинг имкониятларини ўрганиш, рўйхатларни қайта шакллантириш, авиақатновлар жадвалини ишлаб чиқиш ва зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари бошланди.

Шунингдек, умра зиёратини юқори даражада ташкил этиш учун кўп йиллик тажриба эга бўлган “Abu Sarhad” ҳамкор ширкати орқали Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратчилар учун қулай шароитларни ҳозирлаш, Икки Ҳарам масжидига яқин бўлган меҳмонхоналарни танлаш, замонавий транспорт ва бошқа хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш каби ишлар амалга оширилади.

Таъкидлаш зарурки, шу кунларда Тошкент халқаро аэропортида норасмий шахслар алдовига учиб, ноқонуний йўллар орқали сафарга отланган кишиларнинг сохта ҳужжатлари сабабли муборак сафар охирига етмай қолган ҳолатлари аниқланмоқда. Шу боис, мўмин-мусулмонларни умра каби ибодат масалаларида жуда эҳтиёт бўлишлари ва бу борада ваколатли ташкилот бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси орқали муборак сафарларни адо этишларига чақирамиз.

 Қисқа фурсатларда умра сафарлари бошланиб, ҳудудлардаги навбатлар асосида белгиланган тўловларни амалга оширган, тегишли вакцинани олган ва Саудия Арабистонининг карантин талабларини бажарган фуқаролар тартиб билан муборак сафарга жўнатилади, инша Аллоҳ.

Умра сафарларининг бошланиш санаси ва биринчи рейснинг учиш вақти ҳақида қўшимча хабар қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz

Видеолавҳалар

Top