www.muslimuz
Самарқанддаги нуфузли халқаро анжуманнинг иккинчи куни ҳам самарали ўтмоқда
Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳридаги Форумлар саройида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур нуфузли тадбирда 20 га яқин мамлакатлардан 70 га яқин уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.
Тадбирда мамлакатимизда сўнгги йилларда асрий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, хусусан, эзгулик ва яхшиликка асосланган ислом динининг асл моҳиятини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Ислом дини ривожида беқиёс ўрин эгаллайдиган Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган мазкур анжуманда муҳокама этиладиган мавзулар исломнинг асл моҳиятини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши, конференция якуни бўйича қабул қилинадиган ҳужжатлар эса ислом маданияти ва цивилизациясини янада тараққий эттиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Халқаро конференциянинг иккинчи кунида якуний ялпи йиғилиш ўтказилди. Унда иштирокчилар томонидан илгари сурилган таклифлар бўйича шакллантирилган тавсиялар муҳокама қилинди. Анжуман якунида иштирокчилар билдирган таклиф ва мулоҳазалар асосида ишлаб чиқилган тавсиялар қабул қилинди.
Уларда Имом Мотуридийнинг бой илмий мероси, ибратли ҳаёт йўли билан боғлиқ ўрганилмаган жиҳатларни тадқиқ этиш, алломанинг асарларидаги инсонпарварлик, бағрикенглик ҳамда адашган тоифаларга қарши раддия бериш борасидаги қимматли маълумотлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласига алоҳида урғу берилган.
Кун давомида анжуман иштирокчилари Имом Мотуридий ва Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаларини зиёрат қилади ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишади. Шунингдек, қадим Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини ҳам томоша қилиш имконига эга бўладилар.
Муаллиф: Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)
Конференция қатнашчилари мотуридия таълимотини кенг тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади
Ғ.ХОННАЗАРОВ, Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА
Мотуридия таълимоти – жаҳолатга қарши маърифат курашидир
Самарқанд шаҳрида 3 март куни “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон – дунё цивилизацияси ва ислом равнақига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти. Ушбу ҳақиқатни кейинги йилларда аждодларимизнинг бебаҳо меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида самарали фойдаланиш, дарслик ва ўқув қўлланмалар, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларда ҳам кўриш мумкин.
Бу каби амалий ишлар Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур халқаро конференция ҳам ушбу йўналишдаги ишларнинг амалий ифодасидир.
Ушбу халқаро анжуманда иштирок этиш учун юртимизга Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, ушбу давлат бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб бошчилигидаги делегация, шунингдек, Босния ва Герцеговина, Германия, Иордания, Индонезия, Малайзия, Покистон, Россия, Туркия, Украина, Швейцария, Қирғизистон ва Қозоғистон каби мамлакатлардан 70 га яқин уламо, исломшунос олим, нуфузли таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари ташриф буюрди.
Конференциянинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.Қосимов, Ўзбекистон Ресупубликаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва бошқалар янгиланаётган Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ва таг замирида халқимизни рози қилиш мақсади мужассам бўлган ислоҳотлар диний-маърифий соҳада ҳам ўз аксини топаётганини таъкидлади. Бу янгиланиш ва ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиб, ижобий баҳоланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияси қабул қилингани бунинг ёрқин исботидир.
Юртимизда кейинги уч йилда экстремистик ва террористик тузилмаларнинг бузғунчи ғоялари таъсирига тушиб қолган 20 мингдан зиёд фуқаро махсус ҳисобдан чиқарилди. Турли жиноятларни содир этган, лекин хатосини тушуниб етганларни афв этиш юзасидан Президентимизнинг 9 та фармони қабул қилинди ва 4 мингдан ортиқ киши жазони ўташ жойларидан озод этилди. Жаслиқда жойлашган жазони ўташ муассасаси бутунлай тугатилгани ҳам инсонпарварлик сиёсатининг амалий ифодаси дейиш мумкин.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Меҳр” ва “Меҳр-2” инсонпарварлик операциялари доирасида Яқин Шарқ минтақасидаги қуролли можаролар давом этаётган ҳудудлардан 261 нафар Ўзбекистон фуқароси юртимизга олиб келинди. Айни пайтда уларни жамиятга интеграциялаштириш жараёнлари давом этмоқда.
Мамлакатимизда миллий ва диний қадриятларни тиклаш, асраб-авайлаш, буюк алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, жамиятда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўзига хос амалий механизмлар – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадисшунослик олий мактаби, ҳадис, калом, тасаввуф, ақида, фиқҳ илмий мактаблари фаолияти йўлга қўйилди.
Асосий мақсад, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий каби аллома аждодларимиз меросини илмий ўрганишни янада фаоллаштириш, муқаддас динимизни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшларни инсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдир.
Диний алломалар билан боғлиқ зиёратгоҳларни ободонлаштиришга катта эътибор қаратилаётгани халқимизга хос азалий анъаналарни ифода этади. Жумладан, Бухорода Етти пир, Қаршида Абу Муин Насафий, Термизда Султон Саодат ва бошқа қадамжолар таъмирланиб, уларга келаётган маҳаллий ва хорижий меҳмонлар учун қулай шароитлар яратилди. Ўзбекистон тарихида илк бор халқаро “Зиёрат туризми” форуми ҳамда “Нақшбандий туризм фестивали 2019” халқаро тадбири ташкил этилгани қувонарли, албатта.
Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясидаги алоҳида ўрни ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳага оид ислоҳотларнинг эътирофи сифатида Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти – АЙСЕСКО томонидан Бухоро шаҳри “2020 йилда ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан мамлакатимизда қатор халқаро анжуманлар, кўргазмалар, тақдимотлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Ўзбекистонда 2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланди. Эндиликда бу борада қилинадиган ишлар кўп асрлик ибратли анъаналаримизни янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлади. Зеро, илму маърифат асосий бойликдир. Илмга асосланган тараққиёт эса бугун “рақамли иқтисодиёт” билан узвийликни талаб этмоқда.
Ялпи мажлисда Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Имом Абу Мансур Мотуридий диний-маърифий меросини чуқур ўрганиш, унинг муқаддас динимиз мусаффолигини ҳимоя қилиш йўлидаги кураши, мусулмон одоб-ахлоқ қоидаларини, жумладан, мўътадиллик, кечиримлилик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тушуниб яшашга интилишдек олижаноб фазилатларни асраб-авайлаш, халқаро жамоатчиликка етказишда бирлашиш лозимлигини таъкидлади.
“Ҳидоятга бошловчи имом” ва яна қатор улуғ сифатлар билан тарихга кирган, жаҳолатга қарши маърифат воситасида курашган буюк теолог Абу Мансур Мотуридийнинг ибратли ҳаёти, бой илмий меросини ўрганишга бағишланган халқаро анжуман ислом динининг асл қадриятларини асраб-авайлаш ҳамда мусулмон давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Анжуманда Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга қўшган муносиб ҳиссаси учун Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййибга Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвони берилди.
Шайх Аҳмад Таййиб жаноблари муқаддас Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси бўлиш юксак шараф эканлигини таъкидлаб, кўрсатилган юксак ҳурмат ва эътибор учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдирди.
Ялпи мажлис давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳани ривожлантириш, ислом дини тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, улар қолдирган бебаҳо мероснинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини тарғиб этишга бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғафур Аҳмедов, Эътиборли уламолар кенгаши бош котиби, профессор Абдуллоҳ Абдулғани Сархан, Мусулмон донишмандлари кенгаши бош котиби Султон Файсал Румайсий, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари маслаҳатчиси Абдураҳмон Муса, Ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Назир Муҳаммад Айяднинг маърузалари тингланди.
Сўзга чиққанлар мазкур анжуман Аллоҳ улуғлаган ражаб ойида, тарихи буюк юртимизнинг бетакрор замини, жаҳон маданияти, хусусан, ислом дини тараққиётига улкан ҳисса қўшган Самарқандда ўтаётгани ўзига хос рамзий маънога эга эканини таъкидлади. Мотуридийликнинг башарият цивилизациясидаги ўрни, Ал-Азҳар мажмуасининг ислом мероси ва аҳли сунна эътиқодини сақлаш, тинчлик ва бағрикенгликни қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолияти ва саъй-ҳаракатлари хусусидаги маърузалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– 2007 йилдан буён Мотуридийнинг тафсир китоблари бўйича илмий изланишлар, тадқиқотлар олиб бора бошладим, – дейди Туркия ислом илмлари академияси раҳбари Аҳмад Саъд Даманҳурий. – Шундан буён фаолиятимни тўлиқ шу мавзуга бағишладим, бу улуғ аллома тўғрисида кенгроқ маълумот тўплашга киришдим. Изланишларим натижасида 200 бетлик “Саддус-суғур би сийрати аламий Ҳуда Абу Мансур” китобини ёздим. Бу асар Мотуридий шахсига доир айрим тушунмовчиликларни баратараф этиш, буюк имомнинг улкан хизматларини маълум маънода эътироф этилишига эришишга қаратилган. Мазкур анжуманда шу ва бошқа масалалар юзасидан фикрлашиб олиш имконияти туғилганидан хурсандман.
– Ислом динини мотуридия таълимотисиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, глобаллашув жараёнлари кучайган ҳозирги шароитда Имом Мотуридийнинг бундан бир неча асрлар олдин айтган фикрлари, муқаддас динимиз софлигини асраш бўйича илгари сурган қарашлари муҳим аҳамиятга эга, – дейди Қозон шаҳридаги Россия ислом университети ректори Рафиқ Муҳаметшин. – Бизнинг университетимизда ҳам бу улуғ имом асарларини таржима қилиш ва ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва бошқа диний таълим муассасалари, илмий марказлар билан яқин ҳамкорликда ишлаймиз. Умуман, азалдан Татаристондаги дин соҳаси вакиллари, уламолар ўзимиздаги мадрасаларда ўқиган бўлса-да, кейинчалик Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига келиб, ислом дини таълимотини ўрганган, билимларини оширган. Бу анъана бугун ҳам давом этмоқда.
Жамоавий пешин намози ва тушликдан сўнг конференция ўз ишини “Мотуридия таълимоти ва ҳозирги замон” ҳамда “Замонавий давлат шароитида диний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш” шўъбаларида давом эттирди.
Шўъба мажлисларида Имом Абу Мансур Мотуридий шахси ва ақидавий қарашлари, мотуридийликнинг мафкуравий асоси, мотуридия калом мактабига оид янги манбалар, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Имом Мотуридий қарашларининг аҳамияти, кибермакондаги радикаллашув жараёнлари каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Конференциянинг юқори мартабали меҳмони – Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб Самарқанддаги Имом Мотуридий ва Имом Бухорий мажмуаларини зиёрат қилди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишди.
Анжуман 4 март куни ўз ишини давом эттиради.
Ғ.Хонназаров, Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов(сурат), ЎзА
Улуғлар йўлини қай даражада тута олаяпмиз?
Ислом инсониятга энг гўзал хулқларни тақдим этган ягона илоҳий диндир. Агар башарият ушбу гўзал хулқларни ўзида мужассам эта олса, ҳатто инсониятнинг энг улуғига айланади. Аммо бу гаплар айтишга осон, амалга келганда эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бу борада салафи солиҳлар қандай йўл тутган? Улар ўзларини қандай тузатишган? Келинг, борада уларнинг ҳаёт йўлларига бир разм солайлик!
Ибн Абдулбир шундай дейди: “Баъзи аҳли илмлар айтадилар: “Билмайман” дейишни одат қил! “Биламан” дейишдан эса эҳтиёт бўл, чунки “билмайман” десанг билгунингча ўргатишади, агар “биламан” десанг, билмай қолгунингча сўрашади”.
Суфён ибн Ҳусайн Воситий айтадилар: “Мен Иёс ибн Мовия Музаний Басра қозиси ҳузурида бир кишини ёмонладим. У зот жуда ҳушёр ва зийрак эдилар. Менга қарадилар-да:
– Румни ғазот қилиб босиб олдингми?
– Йўқ.
– Хитойничи? Ҳинд, Туркничи?
– Йўқ.
– Сендан Рум, Хитой, Ҳинд ва Турк омонда қолибди–ю, бир мусулмон биродаринг саломат қолмабди-да, – дедилар.
Шундан эътиборан бирорта мусулмонни ғийбатини қилишни ўзимга ор билдим (яъни бошқа ҳеч кимни ғийбат қилмадим).
Ибн Ваҳҳоб айтади: “Қачоники, бир инсонни ғийбат қилсам, бир кун рўза тутиб беришни ўзимга қасд қилдим. Вақт ўтиб, бу рўза ҳам енгил туюлиб қолди. Шундан кейин бир кишини ғийбат қилгудек бўлсам, бир дирҳам садақа қилишни қасд қилдим. Бу эса менга оғир келди. Шу билан ғийбатни тарк қилиб юбордим”.
Муҳасибий айтадилар: “Бошқалар айбини излашдан кўра, ўз ҳолингни ислоҳ қилишга киришгин. Чунки “фалончи нима айб иш қилибди”, “нима бўлибди ўзи” дея ўзгалар айбини ахтаришинг гуноҳкор бўлишинг учун кифоядир”.
Азиз дўстим! Англаганингиз каби буюклар ўзларини ана шундай тарбия қилишган. Бу борада уларнинг йўлларини қай даражада тута олаяпмиз? Сиз нима дейсиз?
Камолиддин АКБАРОВ,
Қўштепа тумани “Қорашбува” масжиди имом-хатиби
Ажримга эмас, ислоҳга шошилинг!
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллоллоҳу алаҳи васаллам: “Уйланинглар! Талоқ қўйманглар, зеро талоқдан арш силкинади, қимирлайди” дедилар.
Талоқ айтишдан эҳтиёт бўлиш керак. Баъзи ота-оналар фарзандига: “Хотинингни талоқ қилмасанг, рози эмасман” дея фарзандларини икки ўт орасига ташлашдан афсуски қўрқмай қолишмоқда. Ваҳоланки, ёшларни шундай номақбул ишларни қилиб қўйиши ёки номақбул сўзларни гапириб юборишдан аслида ота-оналар қайтариши керак эди. Талоқ айтиш билан ёки ноўрин сабаб ила ажримнинг оқибатида Аршнинг титраб кетиши ҳақида ҳадисларда огоҳлантирилганига қарамай баъзида катталарнинг ўзи ажримларни бошлаб беришаётгани аянчли ҳолат.
Оила қурган ҳар бир йигит киши мулоҳазали, сабрли бўлиши, шу билан бирга ғазабни енгадиган бўлишга одатланиши керак. Бир жону бир тан бўлган эр-хотин қалбида куртак ёзган орзу ва тасаввуротлар талоқ орқали парча-парча бўлиб кетиш ҳар он қулоқларимизда бонг уриб туриши лозим.
Шу ўринда, солиҳа аёл эрини раҳбарлигига ўзини таслим қилиб, унинг амрига итоат қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз эри амрига итоат қилувчи аёлларни мақтаганлар. Жумладан, “Қайси аёл ўз эрига тобеъ бўлиб, итоат қилса, ҳаводаги қушлар, денгиздаги балиқлар, самодаги фаришталар ва ўрмондаги даррандалар (унга) истиғфор айтади”, дея марҳамат қилганлар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Н.Маҳмудов,
Бувайда тумани “Мансурхон тўра” масжиди имом-хатиби