Ўзбекистон янгиликлари

Конференция қатнашчилари мотуридия таълимотини кенг тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади
Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция якунланди.
 
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур халқаро конференцияда йигирмага яқин давлатдан уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этди.
 
Мазкур анжуманда иштирок этиш учун мамлакатимизга Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб ташриф буюрди.
 
7.jpg
 
Якуний ялпи йиғилишда қайд этилганидек, икки кун давомида асосий ва иккита шўъба мажлисларида қирқдан ортиқ маъруза тингланди.
 
Маърузаларда Имом Абу Мансур Мотуридий шахси ва ақидавий қарашлари, мотуридийликнинг мафкуравий асоси, мотуридия калом мактабига оид янги манбалар, ушбу таълимотнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.
 
Жумладан, Покистон бош муфтийси, Карачи ислом университети президенти Муҳаммад Рафиъ Усмоний ўз маърузасида ҳозирги кунда интернет тармоғи орқали мотуридийлик таълимотига аёвсиз ҳужумлар уюштирилаётгани билимсизлик натижаси эканини қайд этди.
 
5.jpg
 
Малайзия ислом илмлари университети профессори Камолиддин Нуриддин Маржуний мотуридия таълимоти аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилиш, унинг рақибларига раддия беришда улкан фазилатларни намоён этиб бораётгани, унинг таассубдан йироқлиги, мўътадиллиги, ислом ғояларини бағрикенглик тамойилига мос тушунтириши билан барчага ўрнак бўлиб келаётгани таъкидлади.
 
Туркия ислом илмлари академияси мудири Аҳмад Саъд Иброҳим Абдурраҳмон Усмон Даманҳурийнинг айрим ёшлар ўзини шариат билимдони қилиб кўрсатган кишиларнинг ҳақиқатни ёлғон билан қориштириб тарғиб этиши натижасида аҳли сунна вал жамоадан бўлган ашъарийлик ва мотуридийлик таълимотларидан йироқлашиб бораётгани, оқибатда ибратли маънавий меросдан узилиб қолаётгани ҳақидаги фикрлари ҳам қатнашчиларга манзур бўлди.
 
Анжуман якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди.
 
9.jpg
 
Ушбу тавсияларда Имом Мотуридийнинг бой илмий мероси, ибратли ҳаёт йўли билан боғлиқ ўрганилмаган жиҳатларни тадқиқ этиш, аллома асарларидаги инсонпарварлик, бағрикенглик ҳамда адашган тоифаларга қарши раддия бериш борасидаги қимматли маълумотлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласига алоҳида урғу берилган. Хусусан, аллома асарлари библиографиясини яратиш, китобларни кўпроқ нашр этиш, уларда илгари сурилган ғоя ва қарашларни содда тилда ёшларга ўргатиш, махсус сайт яратиб, Имом Мотуридий илмий мероси ва мотуридия таълимоти ҳақида маълумот бериб бориш, кутубхона ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
 
Анжуман қатнашчилари Ал-Азҳар университети талабалари ва тадқиқотчилари ўртасида Имом Мотуридий асарлари ва мотуридия таълимоти бўйича анъанавий танлов ўтказиш, танлов ғолибларининг Ўзбекистонга илмий-ижодий сафарларини уюштириш ташаббусини билдирди.
 
Самарқандда катта шукуҳ билан ўтган халқаро конференция иштирокчилари бағрикенг, меҳмондўст ўзбек халқига, оламшумул ислоҳотлар билан дунё ҳамжамиятининг эътиборини қозонаётган, эътирофига сазовор бўлаётган ҳамда халқ манфаатлари йўлида улкан ислоҳотларни амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик билдирдилар. 
 
Ялпи йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.Қосимов, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб иштирок этди.
 

Ғ.ХОННАЗАРОВ, Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА

 
 
Read 2149 times

Янгиликлар

Top