muslimuz

muslimuz

vendredi, 05 janvier 2024 00:00

Меҳнатга яраша мукофот

Мактаб даврларидаги имтиҳонларимиз онам олиб берадиган совғалар билан эсда қолган. Ҳар гал имтиҳон топширадиган кунимиздан олдин ёки топширганимиздан кейин натижалар қандай бўлишидан қатъи назар онам барчамизни бозорга олиб чиқар ва кўнглимизга ёқадиган ҳадялар олиб берар эдилар. Кимдирга кийим, кимдирга пояфзал, яна қайси биримизгадир анчадан бери орзу қилиб юрган ўйинчоғи... ҳаммамиз ўзимизда йўқ севинардик.

Бозордан келганимиздан кейин онам бизга “Бу совғаларни сизларнинг қилган меҳнатларингиз, илм олиш йўлидан қилган ҳатти-ҳаракатларингиз учун олиб бердим” дердилар. Шу гаплари онгимизда муҳрланиб қолган. Бундан ташқари унча-мунча оналар айтмайдиган яна бир ажойиб гаплари бор эди: “Эркак киши бир ишга киришдими, албатта уни охирига етказмай қўймаслиги керак. Натижа қандай бўлиши муҳим эмас, муҳими кишининг ҳаракати ва жидду-жаҳд билан меҳнат қилишидир”.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

Биринчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, Раззоқ Зот бўлган Аллоҳ таоло ҳузуридан сенга битилган тақдирга рози бўл. Бу йўлда таваккал қилиб иймонингга ярашадиган бир мақомга эга бўл. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам“Агар сиз ҳақиқатан ҳам тўлиқ иймон билан Аллоҳга таваккул қилганингизда эди, тонгда оч чиқиб, оқшомда тўқ ҳолда уясига қайтадиган қушларни ризқлантиргани мисоли Аллоҳ сизни ҳам мутлақо ризқдан насибадор қилган бўлар эди”дедилар (Имом Термизий ривояти).

Иккинчи қоида. Эй мусулмон тижорат­чи, Аллоҳ таоло жорий этган ҳалол ва ҳаром чегараларга риоя қилиб, шубҳали нарсалардан юз ўгиргин. Токи номус ва ҳамиятингга доғ тушмасин.

Учинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, ризқ талабида эрта тонгдан ҳаракат қилиб, уйингдан чиқишинг, қуёшни уй­ғотишинг лозим. Шунда асл баракага эга бўласан. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ай­тади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: Ё Аллоҳ, умматим учун эрта тонгни баракали қил” (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа, Имом Термизий, Имом Даромий, Имом Аҳмад ривоятлари), деб дуо қилганларини эшитдим».

Тўртинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, олишда ва сотишда, қарз беришда ва олишда доимо осонлик ва қулайликни асос қилиб ол. Шунда тижоратингни хо­тиржам бир тарзда амалга оширган ҳолда Аллоҳнинг раҳматига эришасан.

Бешинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, сотаётган молингнинг сифатини туширадиган ва қийматини камайтиради­ган бир қусур мавжуд бўлса, буни харидорга очиқчасига айт. Акс ҳолда, фойдангга ҳаром аралашиб, ўзинг бировларнинг лаънатига қолиб кетишингга сабаб бўл­масин. Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай огоҳлантирганлар“Ким­ки қусури бор молини сотаётгани ҳа­қида харидорини воқиф этмаса, доимо Аллоҳнинг ғазаби ва фаришталарнинг лаънати остида бўлади” (Имом Ибн Можа ривояти).

Олтинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, фоиз борасида жуда ҳушёр бўлишинг, фоиз олмаслигинг ва бермаслигинг, фоиз аралашган жойда турмаслигинг ва бу хусусида ғоятда эҳтиёт би­лан йўл тутишинг лозим. Шун­да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйилган қовоқ­лари ва оғир танбеҳларига рўба­рў бўлмайсан. Жобир ибн Аб­дуллоҳ розияллоҳу анҳудан ри­воят қи­линади: “Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам фоиз берганни, уни олганни, буни қайд этган китобни, яъни уни қоғозга ту­ширувчи кишини ва бунга гу­воҳлик қилган шоҳидларни лаъ­натладилар ва уларнинг барчаси у гуноҳга тенг шерикдир, дедилар”.

Еттинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, қиладиган ишингни собитлик ила бажармоғинг, сабрли бўлишинг ва ҳисоб-китобда яқин замонни эмас, балки узоқни кўзлаб ҳаракат қилмоғинг лозим. Шунда муваффақиятга эришасан. Ойша розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам айт­дилар: “Аллоҳ таоло сизлардан бир киши учун бир томонни – нарсани ризққа сабаб қилиб қўй­са, бу ўзгаргунча ёки қийинлаш­гунча уни тарк этмасин, яъни ундан воз кечиб кетмасин” (Имом Ибн Можа ривояти).

Саккизинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, дунё моли кўзни қа­маштирувчи ва ёқимли экани­ни, аммо Аллоҳ таоло ҳузурида фоний ва қийматсиз эканини ҳеч қачон унутмагин. Шунда ҳирс ва тамагирлик домига тушиб, дунё талабида ҳаддан ошмайсан.

Тўққизинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, молингни лойиқ бўлган баҳодан ошириб сотиш учун нотўғри йўлларга кириб қол­маслигинг ва харидорларни асло алдамаслигинг лозим. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақиқий уммати бў­лиш бахтини қўлдан чиқармаган бўласан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам“Алдаган киши биздан эмасдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ўнинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, жаннатда энг яхши дўстлар билан қўшни бўлиш саодатига эришай десанг, ўз ишинг ва тижоратингни тўғрилик асоси устида бино этишинг ва ҳеч қачон ҳақиқатдан айрилмасли­гинг лозим. Тўғрисўз ва ишончли тижоратчилар набийлар, сид­диқлар ва шаҳидлар билан бирга бўладилар.

Манбалар асосида Қамаши

тумани бош имом-хатиби

Оқилхон АҲМЕДОВ тайёрлади.

Оқилхон Аҳмедов 1977 йили Қамаши ту­манида туғилган. 1999 йили “Мир Араб” мад­расасини, 2021 йили Тошкент ислом инс­ти­тутини битирган.

2002 йилдан буён “Алишер Навоий” жоме масжиди ва Қамаши тумани бош имом-хатиби бўлиб ишлаб келмоқда. 

 

vendredi, 05 janvier 2024 00:00

Бекорчидан Худо безор

 

Инсон ҳаётда ўз ўрнини топиши, бахтли ҳаёт кечириши, эл-юрт ора­сида ҳурмат-эътибор қозониши учун ти­нимсиз меҳнат қилиши зарур. Аммо умр­ни мазмунсиз ўтказиб, бирор эзгу ишга қўл урмай, на ўзига, на жамиятга фойда келтирмасдан яшаши жуда аламлидир.

Афсуски, бугун ёшлар орасида бекорчилик оқибатида хулқи бузилиб, вақтини исроф билан ўтказаётганлар етарлича. Бежиз халқимиз: “Бекорчидан Худо безор”, демаган. Кўп ҳолларда ёшлар интернетдан кўнгилочар восита сифатида фойдаланиб, эртаю кеч умрини елга совурмоқда. Турли маънисиз ўйинлар домига шўнғиб, ўзларининг саломатликларига ҳам жиддий зарар етказишмоқда. Ахир умр, ёшлик, соғлик ғанимат эмасми? Буларни исроф қилиш эса оғир гуноҳдир.

Бекорчилик иллати қайси халқда илдиз отса, уни заифлаштиради, қайси шахсда учраса, уни хор қилиб, обрўсидан айиради. Афсуски, ке­йинги пайтда айрим ёшлар ана шу иллатга ружу қўйиб, манқуртликка, оғир гуноҳларга, жиноятлар содир этишга мубтало бўлмоқда.

Ваҳоланки, бу ҳаëт доимий ҳаракатда, ўзга­риш, янгиланишда. Ақли расо, мўмин киши вақ­тини беҳуда сарфламайди. Доим дунë ҳаёти ëки охират учун фойдали ишлар пайидан бўлади.

Шу боис ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Наф­сингни фойдали нарсалар билан машғул қил, акс ҳолда, уни зарарли нарсалар эгаллаб олади”, деб огоҳлантирган.

Шунинг учун фарзандларимизни бекорчи бўлиб қолишларига йўл қўймаслигимиз, балки уларни билим олиш, китобхонлик, турли тўгараклар, спорт билан банд қилишимиз зарур. Шундагина улар маърифатли, меҳнатсевар, ўз касбини пухта биладиган, халқимизга, динимизга фойдали инсонлар бўлиб етишади.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме

масжиди имом-хатиби

jeudi, 04 janvier 2024 00:00

Қиёматнинг турлари

Қиёматнинг аломатлари – қиёматнинг ҳақ экани ҳамда яқинлигига далолат қилувчи воқеа-ҳодисалардир. Улар турли кўринишда бўлиб, учга: кичик, ўрта ва катта қиёматга бўлинади.

Ҳар бир инсоннинг ўлими бу – кичик қиёмат. Чунки вафот этган одам учун қиёмат бошланган бўлади.

Ўрта қиёмат эса бу – бир авлод одамларининг ўлими. Буни Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис тасдиқлайди: “Баъзи аъробийлар қўрс бўларди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Қиёмат қачон бўлади?” деб сўрашарди. У зот алайҳиссалом уларнинг энг кичигига қараб: “Агар мана бу яшаса унга қарилик етмай туриб, қиёматингиз қойим бўлади” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). (Ровий) Ҳишом: “Яъни ўлимингиз”, деган.

Юқорида таъкидланганидек, ҳар бир кишининг ўлими унинг “қиёмати”дир. Бу ерда ана шу маъно назарда тутилган.

Дарҳақиқат, ёши катта одамлар бирин-кетин бу дунёни тарк этади. Бунга ҳаётда кўп бора гувоҳ бўламиз.

Катта қиёмат бу – бутун инсониятнинг ҳисоб-китоб учун қабрдан қайта тирилиши. Бу кун ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Одамлар Сиздан қиёмат (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. “У ҳақдаги маълумот фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир”, деб айтинг! Қаердан билурсиз, эҳтимол, қиёмат яқинда бўлар» (Аҳзоб сураси, 63-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан мушриклар қиёматнинг қачон қойим бўлиши ҳақида масхара юзасидан сўрасалар, яҳудийлар синаш учун сўрар эдилар. Зеро, Тавротда ҳам қиёматнинг аниқ вақти ёзилмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу каби саволларга Аллоҳнинг амрисиз жавоб қайтармас эдилар. Қолаверса, Аллоҳ таоло қиёмат куни қачон бўлишини ҳатто, ўз пайғамбарларидан ҳам сир тутгани ушбу оятдан маълум бўлади.

Аллоҳ таоло катта қиёмат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Қачонки, қиёмат воқе (қойим) бўлганда унинг воқе бўлишининг ёлғони йўқдир (у одамларни) остин-устун этувчидир. Ер ларзага келган, тоғлар титилиб (тўзиб), тўзонга айланган (бўлур). Сизлар эса уч тоифа бўлурсиз” (Воқеа сураси, 1-7-оятлар).

Бошқа сурада эса, кичик қиёмат яъни ўлим ҳақида зикр қилинади: “Бас, қачонки, (кишининг жони) ҳалқумга етганида (жон бериш пайтида), ҳолбуки, ўша вақтда сизлар (қўлингиздан ҳеч иш келмай) қараб турурсиз. Биз унга сизлардан кўра яқинроқдирмиз, лекин сизлар (буни) кўрмассиз” (Воқеа сураси, 83-85-оятлар).

Демак, қиёмат куни ҳақ ва у бир кун, албатта, келади. Биз эса ҳеч бўлмаганда кичик қиёмат, яъни ўлим билан юзма-юз келамиз. Шундай экан, биздан талаб этиладигани ана шу кунга тайёргарлик кўришдир.

Аллоҳ таоло ҳидоятида бардавом қилиб, солиҳ амалларни кўпайтиришимизга тавфиқ ато этсин!

Манбалар асосида

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

таржимаси.

Абдуллоҳ ибн Муборак ёшликларида бошланғич мактабга борганлар. Юксак қобилият ва заковат эгаси эканликлари ёшликларидан билинган. Хатиб Бағдоди[1] Абдуллоҳ ибн Муборакнинг дўстлари айтган бир қиссани келтирадилар: “Мактабга қатнайдиган ёш болалар эдик. Ибн Муборак ва мен хутба қилаётган бир кишининг олдидан ўтдик. У узоқ хутба қилди. Хутба тугагач, Ибн Муборак уни ёдлаб олдим, деди. Унинг гапини бир киши эшитиб турган экан. Қани айтиб берчи, деди. Ибн Муборак қайтариб айтиб берди. Ҳақиқатда, у ёдлаб олган экан”.

Ибн Муборак мактабдаги давридан бироз ўтиб, таълим олишдан узилиб қолади. Дўстлари билан танбур ва беъмани ўйинлар ўйнаб, вақтини беҳуда сарфлай бошлайди. Бу ҳақида “Фавоидул баҳийя”[2]да келтирилган.

Бир куни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Муборакдан тўғри йўлга киришларининг қандай бошлангани ҳақида сўрадилар. Ибн Муборак айтдилар: “Дўстларим билан боғда ўтирган эдик. То тунггача еб-ичдик. Уд ва танбур чертишни жуда хушлар эдим. Саҳарда ухлаб қолдим. Тушимда бош тарафимда, дарахт устида турган қушни кўрдим. Кейин ушбу оятни эшитдим: Имон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ (Қуръон)га мойил бўлиш (вақти) келмадими?! (Яна улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнгра (пайғамбарларидан кейинги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Уларнинг кўпи фосиқ (итоатсиз)дирлар!

Албатта! дедим ва сергак тортдим. Удни синдирдим. Ўзимдаги бор нарсадан воз кечдим. Менинг биринчи зуҳд қилишим мана шундан бошланган эди”. Бошқа манбаларда ҳам шунга ўхшаш қисса келтирилади.

Кўриниб турибдики, Ибн Муборак илм талабига кеч – ҳижрий 141 йил 23 ёшларида чиққанлар. Боиси, уламолар илм талабига бу қадар кеч чиқмас эдилар. Имом Заҳабий[3] у кишини 20 ёшларида чиққанларини келтириб ўтганлар.

Илмга юзланганларидан сўнг ҳадисда ҳам, фиқҳда ҳам тенгсиз бўлдилар. Ота касби тижорат билан шуғуллиб, устозлари Абу Ҳанифадан илм ўрганар эдилар. Кейинчалик савдода катта фойда кўрдилар.

Н.Саидакбарова,

Тошкент Ислом институти

“Ҳадис ва Ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси.

[1] “Тарихи Бағдод”, 10:165.

[2] Имом Лакнавий.

[3] “Сияри аъломун нубало”.

Видеолавҳалар

Top