muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам оила аъзолари билан биргаликда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 162-сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз бериш жараёнида қатнашдилар.
Таъкидлаш жоизки, бу йилги сайловлар ҳар қачонгидан кўра фаоллик билан янада файзли ўтди. Муфтий ҳазратлари ҳам оила аъзоларимиз билан Мирзо Улуғбек туманидаги 162-сайлов участкасига бирга келиб, ўзларига маъқул топган номзодларга овоз бердилар. Шундан сўнг, муфтий ҳазратлари ушбу участка масъуллари билан суҳбат қуриб, мамлакатимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик ва сайлов жараёнлари муваффақиятли ўтишини тилаб, эзгу дуолар қилдилар.
Ўз навбатида айтиш керакки, бу йилги сайловларни муваффақиятли ўтишига уламолар, имом-домлалар ва мударрислар ҳам муносиб ҳисса қўшдилар. Бугунги овоз бериш жараёнларида диний соҳа ходимлари, айниқса, имом-хатиблар ҳам фаол иштирок этиб, барчага намуна бўлганларини алоҳида қайд этиш керак.
Дарҳақиқат, сайловлар олдидан депутатликка номзодлар дилидаги шижоат, тайёргарлик жараёнидаги жўшқинлик сайловчиларни ҳам фаолликка ундади. Сайловолди дастурларидаги миллийликка алоҳида эътибор қаратиш, ёшлар таълим-тарбиясини мустаҳкамлаш ва ижтимоий соҳани янада ривожлантириш билан боғлиқ режалар катта аҳамиятга эгадир.
Маълумки, охирги йиллардаги диний-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришлар ва хайрли ислоҳотлар натижасида янги масжид-мадрасаларнинг очилиши, мўмин-мусулмонларга кенг имкониятлар берилиши Яратган Парвардигорнинг юртимизга берган улуғ неъматлари бўлди.
Бугунги сайловларда мўмин-мусулмонларимизда келажакка бўлган ишонч ва мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси янада кучайгани яққол намоён бўлди.
Аллоҳ таоло мамлакатимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз фаравонлигини янада зиёда айласин.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ғайбуллоҳ домла Мадалимов
Тошкент вилояти "Фатҳ" жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 22 декабрь мамлакатимизда муҳим воқелик: халқ вакилларига, яъни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашларга сайлов куни.
Сайловларда иштирок этиш – ҳар бир фуқаронинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқи саналиб, бунда киши юрт тақдири йўлида ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги тамойиллари мужассамдир.
Барча юртдошлармиз қатори имом-хатиблар, диний соҳа ходимлари ҳам мазкур жараёнда фаол қатнашиб, юрт келажаги, халқ равнақи йўлида ўзлари муносиб топган номзодларга овоз бермоқдалар.
Юқори савияда ташкил этилаётган янги сайловлар адолат ва ҳаққонийликда ўтиб, жамиятимиз ривожи йўлида кўплаб хайрли ташаббусларни амалга оширувчи вакилларни тақдим этишига тилак билдирамиз.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Эртага - 22 декабрь куни Олий Mажлис, шахар ва туманлар депутатлиги учун сайловлар бўлиб ўтади. Сайловларда овоз беришда иштирок этадиган сайловчилар қуйидагиларни билиши лозим:

  •  овоз бериш эрталаб соат 8:00 дан кечки 20:00 га қадар давом этади;
  •  сайловчида фуқаролик паспорти ёки янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши лозим;
  •  қайси сайлов участкасида овоз бериш ҳақида маълумотга эга бўлмасангиз elections.uz/uz/site/polling-station манзилига кириб, туғилган сана ва паспорт рақамини киритган ҳолда эртага овоз берадиган сайлов участкангизни аниқлаб олинг;
  •  сайлов бюллетенини яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчининг ёлғиз ўзи тўлдириши шарт;
  •  овоз бериш танланган номзоднинг фамилияси тўғрисида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «➕» ёки «✔️» ёхуд «✖️» белгисини қўйиш лозим;
  •  сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли;
  •  овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди;
  •  бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин.

Қўшимча саволлар, эътироз ёки шикоятлар бўлса Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказининг мунтазам ишлаб турган умумреспублика 1197 телефон рақамига бепул қўнғироқ қилиш мумкин.

Сайловларда иштирок этинг, ўз келажагингиз учун бефарқ бўлманг!

Манба: https://kun.uz

samedi, 21 décembre 2019 00:00

Сайловга ҳамма тайёр

Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига барча вилоятларда пухта тайёргарлик кўрилди. Биргина Наманган вилояти мисолида буни кўриб чиқсак. 

Жамият ҳаётидаги бу муҳим сиёсий жараённинг демократик тамойиллар, қонунчилик талаблари асосида ташкил қилиш учун вилоятда 726 та сайлов участкаси ташкил этилиб, уларда участка сайлов комиссияси тўлақонли фаолият кўрсатиши, сайловчиларнинг овоз бериши учун Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган йўриқномалар асосида барча шароитлар яратилди. Сайловчиларга ва сайлов ташкилотчиларига қулайлик яратиш мақсадида барча сайлов участкаларига транспорт воситалари бириктирилди. 

– Дастлабки маълумотларга кўра, вилоят бўйича сайловчиларнинг умумий сони 1 миллион 703 минг 913 нафарни ташкил этиб, участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилган хатлов натижаларига кўра 1 миллион 575 минг 777 нафар фуқаро сайловчилар рўйхатига киритилди, – дейди вилоят сайлов комиссияси раиси Ш.Мирзаахмедов. – Ҳозирги кунда сайлов комиссиялари томонидан фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўла қонли таъминлаш борасида сайловчилар рўйхатига аниқлик киритиш тадбирлари давом эттирилмоқда. 

Вилоятда жами 23 мингдан зиёд ногиронлиги бор шахслар сайловчилар рўйхатига киритилган бўлиб, улардан 1474 нафари кўзи ожиз фуқаролардир. Уларнинг конституцион ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан таъминланган 726 та Брайл алифбоси трафарети сайлов участкаларига етказилди. Мавжуд сайлов участкаларида ногиронлиги бор шахсларнинг қийинчиликсиз кириши учун махсус йўлакчалар (пандус), овоз бериш кабиналари ташкил этилди ва кексалар фойдаланиши учун ҳар бир сайлов участкалари лупа билан таъминланди. 

Вилоятда 50 нафардан зиёд 100 ёшдан ўтган табаррук инсонлар истиқомат қилади. Сайлов куни участка сайлов комиссиялари томонидан уларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишлари учун зарур чора-тадбирлар белгиланган. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари қарори билан 12 декабрдан барча сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш учун шароит яратилди. Бугунга қадар 1456 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди. 

Марказий сайлов комиссиясининг кўрсатмаси асосида вилоятдаги 13266 нафар барча бўғиндаги сайлов комиссиялари аъзоларига 3 миллиард сўмдан кўпроқ компенсация тўловлари тўлиқ амалга оширилди. 

Айни пайтда вилоятда EXҲТ демократик институтлар инсон ҳуқуқлари бюросининг 2 нафар, бошқа халқаро ташкилотларнинг 3 нафар узоқ муддатли кузатувчиси ўз миссиясини бажармоқда. 

Сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнларини очиқ ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида вилоят сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган 70 нафар журналист ва кузатувчилар учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. 

Сиёсий партиялар томонидан рўйхатга олинган халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига 300 нафар туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига 1777 нафар номзоднинг сайловолди ташвиқоти тадбирлари учун тенг шароитлар таъминланмоқда. 

– Сайлов қонунчилигини тарғиб қилиш ҳамда сайловолди ташвиқоти жараёнларини ёритиш бўйича 900 дан ортиқ кўрсатув, эшиттириш ва мақолалар эълон қилинди, – дейди Халқаро матбуот маркази вилоят бўлими аъзоси У.Рўзиметов. – Вилоят сайлов комиссиясининг сайловга тайёргарлиги юзасидан амалга оширилган ишлари ҳақида оммавий ахборот воситалари иштирокида 7 марта брифинглар ташкил этилди. Шу билан бирга сайлов комиссиялар фаолияти ҳамда сайловга тайёргарлик ишлари вилоят сайлов комиссиясининг namangan.saylov.uz веб сайтига жойлаштириб борилмоқда. Сайловолди ташвиқоти материаллари Наманган шаҳри ва туманларидаги электрон таблоларда мунтазам намойиш этилмоқда.

 

ЎзА мухбири Акрамжон САТТОРОВ мақоласи асосида

Видеолавҳалар

Top