Ўзбекистон янгиликлари

Сайловга ҳамма тайёр

Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига барча вилоятларда пухта тайёргарлик кўрилди. Биргина Наманган вилояти мисолида буни кўриб чиқсак. 

Жамият ҳаётидаги бу муҳим сиёсий жараённинг демократик тамойиллар, қонунчилик талаблари асосида ташкил қилиш учун вилоятда 726 та сайлов участкаси ташкил этилиб, уларда участка сайлов комиссияси тўлақонли фаолият кўрсатиши, сайловчиларнинг овоз бериши учун Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган йўриқномалар асосида барча шароитлар яратилди. Сайловчиларга ва сайлов ташкилотчиларига қулайлик яратиш мақсадида барча сайлов участкаларига транспорт воситалари бириктирилди. 

– Дастлабки маълумотларга кўра, вилоят бўйича сайловчиларнинг умумий сони 1 миллион 703 минг 913 нафарни ташкил этиб, участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилган хатлов натижаларига кўра 1 миллион 575 минг 777 нафар фуқаро сайловчилар рўйхатига киритилди, – дейди вилоят сайлов комиссияси раиси Ш.Мирзаахмедов. – Ҳозирги кунда сайлов комиссиялари томонидан фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўла қонли таъминлаш борасида сайловчилар рўйхатига аниқлик киритиш тадбирлари давом эттирилмоқда. 

Вилоятда жами 23 мингдан зиёд ногиронлиги бор шахслар сайловчилар рўйхатига киритилган бўлиб, улардан 1474 нафари кўзи ожиз фуқаролардир. Уларнинг конституцион ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан таъминланган 726 та Брайл алифбоси трафарети сайлов участкаларига етказилди. Мавжуд сайлов участкаларида ногиронлиги бор шахсларнинг қийинчиликсиз кириши учун махсус йўлакчалар (пандус), овоз бериш кабиналари ташкил этилди ва кексалар фойдаланиши учун ҳар бир сайлов участкалари лупа билан таъминланди. 

Вилоятда 50 нафардан зиёд 100 ёшдан ўтган табаррук инсонлар истиқомат қилади. Сайлов куни участка сайлов комиссиялари томонидан уларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишлари учун зарур чора-тадбирлар белгиланган. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари қарори билан 12 декабрдан барча сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш учун шароит яратилди. Бугунга қадар 1456 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди. 

Марказий сайлов комиссиясининг кўрсатмаси асосида вилоятдаги 13266 нафар барча бўғиндаги сайлов комиссиялари аъзоларига 3 миллиард сўмдан кўпроқ компенсация тўловлари тўлиқ амалга оширилди. 

Айни пайтда вилоятда EXҲТ демократик институтлар инсон ҳуқуқлари бюросининг 2 нафар, бошқа халқаро ташкилотларнинг 3 нафар узоқ муддатли кузатувчиси ўз миссиясини бажармоқда. 

Сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнларини очиқ ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида вилоят сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган 70 нафар журналист ва кузатувчилар учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. 

Сиёсий партиялар томонидан рўйхатга олинган халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига 300 нафар туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига 1777 нафар номзоднинг сайловолди ташвиқоти тадбирлари учун тенг шароитлар таъминланмоқда. 

– Сайлов қонунчилигини тарғиб қилиш ҳамда сайловолди ташвиқоти жараёнларини ёритиш бўйича 900 дан ортиқ кўрсатув, эшиттириш ва мақолалар эълон қилинди, – дейди Халқаро матбуот маркази вилоят бўлими аъзоси У.Рўзиметов. – Вилоят сайлов комиссиясининг сайловга тайёргарлиги юзасидан амалга оширилган ишлари ҳақида оммавий ахборот воситалари иштирокида 7 марта брифинглар ташкил этилди. Шу билан бирга сайлов комиссиялар фаолияти ҳамда сайловга тайёргарлик ишлари вилоят сайлов комиссиясининг namangan.saylov.uz веб сайтига жойлаштириб борилмоқда. Сайловолди ташвиқоти материаллари Наманган шаҳри ва туманларидаги электрон таблоларда мунтазам намойиш этилмоқда.

 

ЎзА мухбири Акрамжон САТТОРОВ мақоласи асосида

Read 1832 times

Янгиликлар

Top