muslim.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) вабосининг кенг тарқалиши олдини олиш бўйича ФАТВОСИ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм,
Муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар, азиз юртдошлар!
Жаҳон оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарларга кўра, қарийб бир ярим йилдан бери инсониятга синов, имтиҳон бўлиб келган вабо – коронавирус пандемияси учинчи, айрим мамлакатларда тўртинчи тўлқин тарзида намоён бўлмоқда. Аллоҳга шукрки, ўтган йили ҳукуматимиз ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси амалга оширган қатор чора-тадбирлар сабаб ушбу касалликнинг оқибатлари бирмунча енгил кечди. Аммо бу йилги ёз чилласи кириб келиши билан вируснинг тарқалиши яна авж олди.
Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим асослардан биридир. Уларга зарар етадиган ҳолатларда шариат ўз талабларини инсониятга енгиллатади.
Мамлакатимизда касалликнинг кенг ёйилиб кетиши олдини олиш, унинг асоратларини енгиллатиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жамоат жойларида тўпланмаслик, йирик тантана ва тадбирлар ўтказмаслик, ниқоб тақиш, ўзаро масофа сақлаш ва вакцина олиш бўйича чора-тадбирлар шулар жумласидандир.
COVID-19 вабоси асосан, ҳаво-томчи, қўл бериб сўрашиш каби ҳолатларда юқади. Шундай экан, жамоа бўлиб тўпланиш ҳолатлари ушбу хатарли вируснинг тарқалишига асосий сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِوَأَحْسِنُوا إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
яъни: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир” (Бақара сураси, 195-оят).
Бу оятда мўмин-мусулмонлар ҳалокатга сабаб бўладиган ишлардан тийилишга буюрилган.
Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه : أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال:"لا ضرر ولا ضرار"
(رواه ابن ماجة والدارقطني )
яъни: “Ислом динида зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар.
Демак, ҳадиси шарифда инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган.
Мўътабар фиқҳий китобларимизда:
درء المفاسد مقدم على جلب المصالح
яъни: “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”;
المشقة تجلب التيسير
яъни: “Қийинчилик енгиллатишни жалб қилади” каби фиқҳий қоидалар келтирилган. Шулардан келиб чиқиб, шариат инсон ҳаётига зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ўз талабларини енгиллатади ва одамларга бир қанча рухсатлар беради.
Шариатимиз кўрсатмаларига биноан, фавқулодда вазиятлар юз берганда, масалан, қаттиқ ёмғир, изғирин совуқ бўлганда масжид жамоатига чиқмаслик узр ҳисобланади. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ الحَارِثِ، عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ، أَنَّهُ قَالَ لِمُؤَذِّنِهِ فِي يَوْمٍ مَطِيرٍ: "إِذَا قُلْتَ: أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، فَلَا تَقُلْ: حَيَّ عَلَى الصَّلَاةِ، قُلْ: صَلُّوا فِي بُيُوتِكُمْ"، قَالَ: فَكَأَنَّ النَّاسَ اسْتَنْكَرُوا ذَاكَ، فَقَالَ: "أَتَعْجَبُونَ مِنْ ذَا؟!، قَدْ فَعَلَ ذَا مَنْ هُوَ خَيْرٌ مِنِّي، إِنَّ الْجُمُعَةَ عَزْمَةٌ، وَإِنِّي كَرِهْتُ أَنْ أُحْرِجَكُمْ، فَتَمْشُوا فِي الطِّينِ وَالدَّحْضِ "
(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم)
яъни:Абдуллоҳ Ибн Ҳорис разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Ибн Аббос разияллоҳу анҳу қаттиқ ёмғир ёққан кунда муаззинларига: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ”, “Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ”ни айтганингиздан кейин “Ҳаййа ъалас солаҳ”(намозга келинглар)ни айтманг, балки (соллу фий буютикум)“уйингизда намоз ўқинглар” деб айтинг”- дедилар. Шунда баъзи одамлар бундан норози бўлишди. У зот: бу гапимдан ажабландингизми? Ваҳоланки, бу нарсани мендан кўра яхшироқ Зот (яъни, Расулуллоҳ) қилганлар. Албатта, жамоат намози қатъий ҳукмдир, лекин мен сизларнинг уйларингиздан чиқиб, лой ва балчиқларни босиб юришингизни хуш кўрмайман” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ҳадиси шарифда вабо чиққан жойга кирмаслик, агар ўша ерда бўлса, у ердан чиқиб кетмаслик буюрилган. Бу – касалликнинг олдини олишнинг энг яхши чорасидир. Бунинг устига, жамоат жойлари ва бошқа катта тадбирларда бу вируснинг тарқалиш эҳтимоли катта бўлади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши қуйидаги фатвони эълон қилади:
1. Қурбон ҳайити намозида катта жамоат бир жойда жамланишини инобатга олиб, пандемия янада авж олмаслиги, вабо оқибатларини юмшатиш мақсадида шу куни ийд намози адо этилмайди, ўрнига уйда Зуҳо намозини ўқиш тавсия этилади.
2. Жума намозларидан (юқоридаги сабабларга кўра вақтинча ўқилмайди) бошқа намозлар барча карантин талабларига риоя қилган, яъни ниқоб таққан ва оралиқ масофани сақлаган ҳолда, масжидларнинг очиқ саҳнларида адо этилади. Масжидларда қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришиш қатъиян таъқиқланади.
3. Иситма, йўтал каби касаллик аломатларини ўзида ҳис қилганлар, кексалар ва кичик ёшдаги болаларга жамоат намозларида иштирок этиш тавсия этилмайди.
4. Ёши улуғ кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатлар билан боғлиқ анъаналарни алоқа воситалари орқали амалга ошириб туриш тавсия этилади.
5. Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида, хонадонларда ўқилади. Марҳумларнинг ҳақларига қилинадиган дуои фотиҳаларни қатъий равишда юртдошларимиз ўз хонадонларида, оила даврасида бажарсинлар, фотиҳагарчиликларга боришдан ҳамда ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилишдан сақланиб турсинлар.
6. Мўмин-мусулмонлар имкон қадар касалликнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида қурбонлик гўшти эҳсонларини тарқатишда карантин талабларига қатъий риоя этсинлар.
7. Пандемия вазиятида озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларнинг нархини ошириш, бозорлар ва дўконларда сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир.
8. Вакцина олмаслик, унинг таркиби тўғрисида бўлмағур гапларни тарқатиш дуруст эмас. Давлатимиз барча талабларга жавоб берувчи вакциналар воситасида оммавий равишда эмлаш ишларини амалга ошираётган экан,барча юртдошларимиз ўзларини ва оила аъзоларини, шифокорлар билан келишган ҳолда, эмлатишлари мақсадга мувофиқ бўлади.
9. Эҳтиёжмандлар, ногиронлиги борлар, вақтинча ишсизларга эҳсон кўрсатишнинг айниқса ушбу кунлар ва ойларда савоби улуғдир. Хайрия ва эҳсон тадбирларини “Вақф” жамғармаси орқали ёки бевосита амалга ошириш тавсия этилади.
10. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг вилоятлардаги вакилликлари ходимлари ва имом-хатиблар ушбу фатво мазмун-моҳияти бўйича аҳолининг кенг қатламлари орасида батафсил тушунтириш ишларини амалга оширсинлар.
Аллоҳ таоло ушбу касалликни тез кунларда бартараф этишини ҳамда халқимизнинг ҳаёти тинчлик ва осойишталикда давом этишини Яратгандан илтижо қилиб қоламиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши
Мелодий: 16 июль 2021 й.
Ҳижрий: 6 Зулҳижжа 1442 й.
Зайниддин домла Эшонқулов: Карантин қоидаларига амал қилайлик
16.07.2021 й. Қурбонлик фазилати ва унинг ҳукмлари
بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ رَبِّ الْعَالَمِين وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْاَمِين، وَعَلَى آلِهِ وَصَحَابَتِهِ الْعَارِفِين
ҚУРБОНЛИК ФАЗИЛАТИ ВА УНИНГ ҲУКМЛАРИ
Муҳтарам жамоат! Маълумки, Ислом оламида Рамазон ва Қурбон ҳайитлари катта тантана билан байрам қилинади. Айниқса, Қурбон ҳайити кунларида бутун дунё мусулмонлари вакиллари муқаддас Макка шаҳрида ҳаж ибодатини бажараётган бўладилар. Ҳаж ибодатлари ичида қурбонлик қилиш ҳам бор. Бунинг устига ҳаж қилмаётган бўлсада бойлик нисобига эга мусулмонларга ҳам қурбонлик қилиш вожибдир.
Қурбонлик – сўзининг ўзаги “қурбон”, арабчадан таржима қилинганда “яқинлашиш” деган маънони билдиради.
Қурбонлик қилиш – “Аллоҳ таолога яқин бўлиш ниятида махсус вақтда, хос бир ҳайвонни сўйиш”дир (“Ал-муътасар аз-зарурий” китоби).
Қурбонлик қилинадиган “махсус вақт” дегани – Зул-ҳижжа ойининг ўнинчи (яъни, Қурбон ҳайити куни), ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидир. Унинг охирги вақти Зул-ҳижжанинг ўн иккинчи куни қуёш ботиши билан ниҳоясига етади.
“Хос ҳайвон”дан мурод – қурбонлик учун сўйиладиган туя, қорамол, қўй ёки эчкидир.
Қурбонлик қилиш шариатимизда, худди закот каби ҳижратнинг иккинчи йили жорий этилган.
Ҳанафий мазҳабига кўра қурбонлик қилиш – вожибдир. Қурбонлик қилишни вожиб қиладиган бойлик миқдори – кундалик ҳаёт учун зарур нарсаларидан ташқари 85 грамм тилла ёки унинг қийматидаги мол-мулкка эга бўлишдир.
Бу миқдор бойликка бир йил тўлган бўлиши ёки йил давомида ўсувчи бўлиши шарт эмас. Ҳатто қурбон ҳайити куни фақир киши 85 грамм тилла ёки унинг қийматига эга бўлса, унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Аммо кимда закоти бериладиган мол-мулк, сотиш ниятида олинган ёки кейинчалик сотиш нияти пайдо бўлган нарсалар, айни пайтда яшалмаётган уй-жойлар, ер ва боғлар, ижарага берилган уйлар ва машиналар, минилмаётган уловлар, соғиб ичиладиган ҳайвонлардан бошқа чорва моллари, ўқилмайдиган китоблар, уйда ишлатилмай турган идиш-товоқ, кўрпа-тўшак ва гиламлар, сувенирлардан қайси бири мавжуд бўлиб, унинг қиймати 85 грамм тилланинг қийматига етса, у кишига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
Қурбонлик ҳақида Қуръони каримнинг Ҳаж сурасида шундай дейилади:
وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ ... (سورة الحج/36)
яъни: “(Қурбон қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир” (36-оят).
Бошқа бир ояти каримада шундай баён қилинган:
فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ (سورة الكوثر/2).
яъни: “Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят).
Ушбу ояти каримани уламоларимиз қурбонликнинг вожиб эканига далолат қилади, деб тафсир қилишган.
Қурбонлик – ҳар йили такрорланадиган ибодатдир. Қурбонлик – Аллоҳни улуғлаш учун қулай фурсат ва уни розилигини топишдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ
яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).
Демак, қурбонлик фақатгина Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учун, Унинг розилигини қозониш учун қилинади. Аллоҳ таоло банданинг қурбонлигига муҳтож эмас, балки банданинг ўзи қурбонлик сабабидан бериладиган улкан ажрларга муҳтождир.
Қурбонлик қилишнинг бир қанча фазилатлари бор. Аввало, қурбонлик – Аллоҳ таолонинг шиорларидан бўлиб, Аллоҳ таоло шарафлаган нарсани улуғлаш ва бошқа нарсалардан устун қўйишдир. Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида шундай марҳамат қилади:
ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ
الحج: 32
яъни: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (32-оят).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
مَا عَمِلَ آدَمِيٌّ مِنْ عَمَلٍ يَوْمَ النَّحْرِ أَحَبَّ إِلَى الله مِنْ إِهْرَاقِ الدَّمِ إِنَّهَا لَتَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِقُرُونِهَا وَأَشْعَارِهَا وَأَظْلاَفِهَا وَإِنَّ الدَّمَ لَيَقَعُ مِنَ الله بِمَكانٍ قَبْلَ أَنْ يَقَعَ عَلَى الأَرْضِ فطِيبُوا بِهَا نَفْساً
(رواه الامام الترمذي)
яъни: “Қурбон ҳайити куни одамзот қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилолмас. Албатта, у ҳайвонлар Қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Шундай экан уни чин кўнгилдан қилингиз” (Имом Термизий ривоятлари)
Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шарҳида шундай дейдилар: “Баъзи вақтлар маълум бир ибодатга хослангандир. Қурбон ҳайити куни эса, Иброҳим алайҳиссалом адо этган – жонлиқ сўйиш ва такбир айтиш билан хосланган” (“Мирқотул мафотиҳ” китоби).
Қурбонлик қилиш – Набий алайҳиссаломнинг муборак суннатлари ҳамдир. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
أَقَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِالْمَدِينَةِ عَشْرَ سِنِينَ يُضَحِّي
أخرجه أحمد والترمذي، وسنده حسن
яъни: “Набий алайҳиссалом Мадинада ўн йил қурбонлик қилдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Бу ривоятдан Набий алайҳиссалом Мадинада қурбонликни канда қилмаганлари маълум бўлмоқда.
Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ
(رواه الإمام البخاري)
яъни: “Дарҳақиқат, бугунги кунда ишимизнинг аввали ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб, қурбонлик қилишдир. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Ким ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Хулоса қилиб айтганда, қурбонлик қилиш ва унинг гўштидан яқинларга улашиш одамлар ўртасида меҳр-оқибатни пайдо қилади. Адоватни кетказади. Қурбонлик қилувчининг мартаба ва обрўсини кўтаради. Гуноҳлар тўкилишига сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик сўйишга қодир бўла туриб, уни бажармаган киши ҳақида бундай деганлар:
مَنْ وَجَدَ سَعَةً وَلَمْ يُضَحِّ فَلَا يَقْرَبَنَّ مُصَلَّانَا
(رواه الإمام ابن ماجة عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Имкони бўла туриб, қурбонлик қилмаган киши намозгоҳимизга яқинлашмасин” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Қурбонлик учун қўй, эчки, қорамол ва туядан бири сўйилади. Қўй эчки бир кишидан, туя ва қорамол етти кишигача одамлардан қурбонлик қилинади.
Бу ҳақда Жобир Ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтдилар:
نَحَرْنَا مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عام الحديبية الْبَقَرَةَ عَنْ سَبْعَةٍ وَالْبَدَنَةَ عَنْ سَبْعَةٍ
(رواه الإمام مسلم)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳудайбия йили мол ва туядан ҳар бирини етти кишининг номидан сўйдик” (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, туя ёки сигир (ёки буқа)га етти кишигача шерик бўлиши мумкин. Ундан ортиғи дуруст эмас.
“Мухтасарул виқоя” китобида шундай дейилган: “Мажнун (жинни), туғма шохи йўқ ва қўтир билан касалланган ҳайвонларни қурбонлик қилиш жоиз. Лекин ўта озғин ёки сўйиладиган жойига бора олмайдиган даражада чўлоқ қўйларни қурбонликка сўйиш жоиз эмас”.
Қурбонлик қилинадиган туя беш ёш, қорамол икки ёш, қўй ё эчки бир ёшга тўлган бўлиши шарт. Бу ёшга етмаган ҳайвонларни сўйиш билан қурбонлик адо бўлмайди. Фақат бир ёшли қўйларга тенглашиб кетган бўлса, олти ойлик қўзи ҳам қурбонликка ярайди.
Шохини баъзиси синган қўйни ҳам қурбонлик қилишга рухсат берилган. Аммо шохи таг-тубидан синган бўлса уни қурбонликка сўйиш жоиз эмас.
Қўтир қўйни қурбонликка сўйиш учун қўтирлик гўштга ўтмаган ва айни пайтда ем-хашак еб турган бўлиши шарт қилинади. Акс ҳолда қўтир қўйни ҳам қурбонликка сўйишга рухсат берилмайди. (“Ал-Фатово ал-ҳиндийя” китоби).
Икки кўзи кўр ёки бир кўзи кўр ҳайвонни қурбонлик учун сўйилмайди. Туя, сигир, қўй ва эчкиларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонликка ярайди. (“Ал-Ҳидоя” китоби).
Қурбонлик гўштидан унинг эгаси ейиши, бойу камбағалларга едириши ва сақлаб қўйиши жоиз. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ أَكْلِ لُحُومِ الأَضَاحِي بَعْدَ ثَلاثٍ فَكُلُوا مَا شِئْتُم
яъни: “Сизларни қурбонлик гўштларини уч кундан кейин ейишдан қайтарган эдим, энди истаганча еяверинглар...”, – деб марҳамат қилганлар. (Имом Табароний, “Ал- Мўъжам ас-сағир”)
Қурбонликнинг вақти – уч кундир. Қурбон ҳайитининг биринчи, иккинчи ва учинчи кунининг қуёш ботгунича.
Қурбонликнинг аввалги вақти, агар шаҳар жойда сўйилса – Қурбон ҳайит намози ўқилгандан кейин. Агар ундан бошқа (жума ўқилмайдиган қишлоқ) жойларда сўйилса, ҳайит куни тонг отгандан бошланади. Охирги вақти эса (ҳайитнинг) учинчи куни қуёш ботишидан озгина аввал тугайди.
Қурбонлик гўштининг учдан биридан кам бўлмаган қисмини садақа қилиш мустаҳабдир. Гўштнинг бир қисмини ўзига олиб қолади, бир қисмини таом қилиб едиради, бир қисмини эса гўшт ҳолича тарқатади. Бундай тақсимлаш мустаҳаб, вожиб эмас.
Муҳтарам азизлар! Фиқҳий мавзудаги суҳбатимизда қурбонлик ҳақида энг кўп сўраладиган масалаларни ўрганамиз.
- Қулоғи, думи, думбасидан баъзисига нуқсон етган ёки кесилган ҳайвонни қурбонлик учун сўйиш мумкинми?
Жавоб: Ушбу аъзоларнинг учдан бири ёки ундан кўпи йўқ бўлса, қурбонлик учун сўйиш жоиз эмас. Аммо учдан биридан оз миқдори йўқ бўлса, қурбонлик қилса бўлади. Шунигдек, қулоғини учдан бирини кетказмаган ҳолда тамға ёки белги қўйилган бўлса ёки қулоқни иккига ёриб қўйилган бўлса ҳам бундай жонлиқни қурбонлик учун сўйиш жоиздир. Иккита қулоғдаги нуқсон бир-бирига қўшилмайди, балки ҳар бир қулоқнинг ўзи алоҳида ҳисоб-китоб қилинади (“Ал-Фатово ал-ҳиндийя” китоби).
- Бепарволик қилиб қурбонлик қилмаган киши нима қилади?
Жавоб: Ҳанафий мазҳабимизга кўра, қурбонлик зиммасига вожиб бўлган бўлсада, унутиш, бепарволик ва бошқа сабаблар билан қурбонлик қилмаган киши, шу йилнинг ҳисобидан битта қурбонликка ярайдиган қўйнинг қийматини камбағалларга бериши вожибдир. Бунинг устига зиммасидаги вожибни кечиктиргани учун тавба қилиб, истиғфор ҳам айтади. (“Ал-Ҳидоя” ва “Бадоиъус-саноиъ” китоблари). Валлоҳу аълам.
- Қурбонлик қилишни ният қилган киши тирноқ ва сочларини олмаслиги керакми?
Жавоб: Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга кўра қурбонлик қилмоқчи бўлган киши соч ва тирноқларини олиши мубоҳ амал саналади. Хоҳласа олиши ёки олмаслиги мумкин. Ҳанафий мазҳабининг кейинги уламолари ҳадиси шарифдаги буйруқ мустаҳабни ифода қилади, деганлар. Бунга кўра қурбонлик қилмоқчи бўлган кишилар қурбонлик қилгунларига қадар соч ва тирноқларини олмасликлари мандуб - яхши амал саналади. Лекин соч ва тирноқларини олсалар ҳам макруҳ бўлмайди.
- Такбири ташриқ қачон ва қандай айтилади?
Жавоб: Такбири ташриқ – қурбонлик кунлари такбир айтиб Аллоҳ таолони улуғлашдир. Такбири ташриқ Арафа куни бомдод намозидан бошланади. Бунга ҳамма уламоларимиз иттифоқ қилганлар. Фатво берилган – Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг сўзларига кўра такбири ташриқнинг охирги вақти Қурбон ҳайити тўртинчи кунининг аср намозида тугайди. Яъни, Арафа, Қурбон ҳайити ва ундан кейинги уч кун, жами йигирма уч намоздан иборат бўлади.
Унинг кўриниши қуйидагича: الله أكبر الله أكبر لا إله إلا الله والله أكبر الله أكبر ولله الحمد
Жамоат билан ўқилган фарз намозларининг саломидан кейин дарҳол такбири ташриқни бир марта айтиш вожибдир. Агар иқтидо қилган бўлса аёлга ҳам, мусофирга ҳам вожиб бўлади. Аёллар такбири ташриқни махфий айтадилар. Бу масалани эҳтиёт томонини олган уламоларимиз (Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар) ҳар бир фарз намозини ўқиган эркак ё аёл такбири ташриқ айтиши вожиб, чунки такбир фарз намозга тобеъдир, деганлар. Имом такбир айтмаса, эргашувчилар айтади.
Ҳурматли жамоа! Мана шундай фазилатли амал – қурбонлик қилганимизда ота-она, опа-сингил, ака-ука, қариндошлар, қўни қўшнилар ва маҳалламиздаги камбағал оилаларга ширин сўз айтиш ва эҳсон қилишни унутмайлик. Зеро, динимизда ўзгаларнинг қалбига хурсандчилик солиш Аллоҳ таолога энг севимли ишлардандир!
Аллоҳ таолога севимли бўлган бу кунларда эҳсонларни кўпайтириб, уни муҳтож оилаларга йўналтиришимиз айни муддаодир. Чунки байрам кунларида етимлар, бевалар, ногиронлар ва қаровчисини йўқотган кексаларга яхшилик қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш катта савобдир. Ҳар соҳада мавсумлар бўлгани каби, шу ўтказаётган кунларимиз ҳам савоб ишлаш учун бир мавсумдир. Бундан унумли фойдаланиб қолишимиз, баданий ва молиявий ибодатларни имкон қадар кўпроқ қилиб қолиш керак. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради...”, – деб марҳамат қилганлар.
Огоҳлик маъносида шуни эслатамизки, ижтимоий тармоқларда иқтисодий ёрдам сўрайдиган фирибгарлар ҳам етарлича топилади. Аллоҳ сақласин, хайру-эҳсонларимиз нолойиқ, мутассиб шахслар қўлига тушиб қолмасин. Эҳсонлар ва маблағлар ўз жойига етиб бориши учун маҳалла, расмий имом домлалар ва “Вақф” хайрия фонди орқали бу ишни амалга ошириш тўғри бўлади. Чунки мазкур ташкилотларда эҳсонга ҳақли бўлганлар ўрганиб чиқилган ва уларнинг рўйхати шакллантирилган. Имкон борича муҳтожларга ёрдамчи бўлайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни ҳайитларга саломат етказсин! Қурбонлик ва шу каби ўзи рози бўладиган амалларда бардавом қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Шарму ҳаё – имондандир” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Шошилинг, абитуриентлар учун яратилган имкониятни қўлдан бой берманг!
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 20 июнидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 2021-2022 ўқув йили учун абитуриентларнинг ҳужжатларини qabul.muslim.uz портали орқали онлайн қабул қилиш жараёнлари бошланган эди.
Ҳадис илми мактаби олий диний таълим муассасасига ўқиш учун абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш 10 июль куни соат 18:00 га қадар давом этишини маълум қиламиз. Қабул жараёнлари тугашига 1 кун қолди.
Ҳадис илми мактабининг ушбу ўқув йилдаги абитуриентлар учун қандай имкониятлар мавжуд?
Биринчидан, Ҳадис илми мактабига абитуриентларни ҳужжатларини қабул қилиш муддати бошқа олий диний таълим муассасалари (Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси)дан фарқли ўлароқ, 10 кун олдин якунланишини инобатга олиб, Мактаб абитуриентлари жорий йилнинг 15 июлига қадар барча қабул имтиҳонларига иштирок этишади.
Иккинчидан, Қабул имтиҳонлари натижалари имтиҳондан сўнг тезда эълон қилинишини инобатга олиб, Мактаб абитуриентлари имтиҳон натижаларидан кўра кириш учун етарли балл тўплай олмаган тақдирда, 20 июлга қадар бошқа олий диний таълим муассасаси (Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси)га ҳужжат топшириш ҳамда қабул имтиҳонларига қайта иштирок этиш имкониятига эга бўлишади.
Учинчидан, Ҳадис илми мактабига кириш учун етарли балл тўплаймаган абитуриентлар қабул имтиҳонларига қатнашиш орқали бошқа олий диний таълим муассасасига кириш учун қабул имтиҳонлари бўйича тажриба ҳосил қиладилар.
Демак, Ҳадис илми мактаби абитуриентлари бир йилда иккита олий диний таълим муассасасига ҳужжат топшириб, имтиҳон жараёнларига иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.
Ҳадис илми мактабига абитуриентлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- Паспорт (электрон шакли);
- Ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлаганлик тўғрисидаги ҳужжат (диплом) электрон шаклда;
- 1 дона рангли фотосурат (3,5х4,5 ҳажмдаги) электрон шаклда.
Абитуриентлар ҳужжатларни масофавий тарзда qabul.muslim.uz портали орқали топширишади.
Ҳужжатларни қабул қилишнинг охирги муддати: 2021 йил 10 июл соат 18:00 га қадар.
Ҳадис илми мактабига қуйидаги фанлардан кириш имтиҳонлари ўтказилади:
- Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис (оғзаки, ижодий имтиҳон) – 93 балл;
- Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон) – 63 балл;
- Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл.
Ҳадис илми мактаби колл марказ телефон рақами: (+99866) 240-20-51
Шунингдек, Ҳадис илми мактаби қабул жараёнлари тўғрисидаги тўлиқ маълумотни www.muhaddis.uz сайти ва унинг ижтимоий тармоғларидаги манзиллари орқали олишингиз мумкин.
Анонс: Уламолар Тошкент вилоятидаги масжидларда жума намозида маъруза қиладилар
Бугун, 9 июль куни уламоларимиз Тошкент вилоятига ташрифлари давомида қуйидаги масжидларда жума намозида маъруза қилиб берадилар:
Паркент тумани “Беш капа” жоме масжидига:
– Шоазим Миноваров, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси;
– Аброр Мухтор Алий – Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази масъул ходими;
– Жасур Раупов – Тошкент вилояти бош имом-хатиби.
Юқори Чирчиқ туманидаги “Саксон ота” ва “Барданкўл” жоме масжидларига:
– Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари;
– Закарё домла Хафизуллаев, Юнусобод тумани “Камолиддин Ориф ал-Бухорий” масжиди имом-хатиби;
– Обиджон домла Мирҳамидов, Чирчиқ шаҳар бош имом-хатиби.
Паркент туманидаги “Бойқозон” ва “Сирли” жоме масжидларига:
Иброҳимжон домла Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари;
– Салоҳиддин домла Шарипов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси;
– Абдулҳаким домла Акмалов – Тошкент вилояти Охангарон шаҳар бош имом-хатиби;
Юқори Чирчиқ туманидаги “Абу Ҳанифа” ва “Миям Қангли” жоме масжидларига:
– Музаффар домла Комилов – Дин ишлари бўйича қўмита биринчи ўринбосари;
– Исмоил Муҳаммад Содиқ – Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом-хатиби;
– Ҳабибуллоҳ домла Абдураззоқов – Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” масжиди имом-хатиби;
- Зокир домла Зиятдинов, Қибрай тумани бош имом-хатиби.
Паркент туманидаги “Убай ибн Каъб” ва “Кунгай” жоме масжидларига:
– Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари;
– Исҳоқжон домла Бегматов, Тошкент шаҳри “Имом Термизий” масжиди имом-хатиби;
– Қамариддин домла Қамбаров, Янгийўл тумани бош имом-хатиби
Юқори Чирчиқ туманидаги “Муоз ибн Жабал” ва “Омилхон эшон” жоме масжидларига:
– Эргашали домла Рустамов, Чилонзор тумани бош имом-хатиби;
– Раббимқул домла Муҳаммадиев, Яккасарой тумани “Ракат” масжиди имом-хатиби;
– Хумоюддин домла Тошболтаев, Янгийўл шаҳар бош имом-хатиби.
Зангиота туманидаги “Аммор ибн Ёсир” ва “Зангиота” жоме масжидларига:
– Бахтиёр домла Сатторов, Шайхонтоҳур туман “Фирдавс” масжиди имом хатиби;
– Тоҳир домла Акрамов, Олмазор туман “Чимор ота” масжиди имом хатиби;
Тошкент туманидаги “Рахим ота” ва “Эшонбува” жоме масжидларига:
– Юсуфхон домла Мухиддинов, Юнусобод туман “Омина” масжиди имом хатиби;
– Ўткир домла Ҳакимов, Яккасарой туман “Усмон бин Мазъун” масжиди имом хатиби
Қибрай тумани “Байтиқўрғон” ва “Дўрмон” жоме масжидларига:
– Йўлдошали домла Каримов, Яшнобод тумани “Ислом ота” масжиди имом хатиби;
– Фазлиддин домла Аллаёров, Яшнобод туман “Али ибн абу Толиб” масжиди имом хатиби.
Шунингдек, уламоларимиз масжидлар атрофида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан учрашув ўтказиш, эҳтиёжманд оилаларда бўлиб, “Вақф” фондининг моддий ёрдамини етказиш ва пойтахтдаги ижтимоий объектларга ташриф буюришлари режа қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати