muslim.uz

muslim.uz

Бандаларига молиявий муомалаларни ҳалол йўллар билан амалга оширишни ва ҳаром йўллардан четланишни амр қилган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!

Умматларига молиявий муомалаларни батафсил тушунтириб, уларни қандай амалга оширишни кўрсатиб берган маҳбуб Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавотлар ва дурудлар бўлсин!

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир" (Бақара, 168).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло фақат мўминларни эмас, балки барча одамларни ҳалол нарсаларни ейишга даъват қилмоқда. Аллоҳ таоло ер юзидаги ноз-неъматларни бандалари учун яратган, уларнинг ҳалолларидан ейишга буюрди.

Аллоҳ таоло: "Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз", деб марҳамат қилган (Жума, 10).

Жума сурасидаги ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ер юзига тарқалиб ҳалол йўл билан ризқ топишларига тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳ таолонинг фазлидан талаб қилиш, деб номламоқда.

Ҳазрат Алишер Навоий бундай дейдилар: “Тонгги уйқуни тарк этганнинг ризқу рўзи фаровон бўлади. Ғафлат босиб, тонгни уйқуда ўтказган кимса бу неъматларни фақат тушида кўради”.

Албатта, ризқ талаб қилишда турли ҳолатлар вужудга келиши мумкин. Мисол учун, кўпроқ ризққа эришиш мақсадида ҳаром-ҳаришга қўл уруш эҳтимоли ҳам бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло ризқ талаб қилишга амр қилганидан сўнг бевосита: “...ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, демоқда.

Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш эса, ризқ топиш ишида ҳаромни четлашга омил бўлади.

Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон. Огоҳ бўлингким! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир. Огоҳ бўлингким! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бузилади. Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир», дедилар.

Ҳалоллик – шариатимизда энг асосий масалалардан бири ҳисобланади. Зеро, ҳар бир мусулмон бажарган солиҳ амалларининг Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлиши, фарзандларининг салоҳияти, оиласининг фаровонлиги ва ҳадисда келганидек қалби қорайиб қотиб қолмаслиги ҳам, айнан ейдиган луқмасининг ҳалол, касби-корининг шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлишига боғлиқдир.

Инсон нафси олдида, дунёда ҳалол билан ҳаромни ажратиб, ҳалолини топиб нафақа қилиши бир мунча қийин туюлади, чунки нафс, енгилликни хоҳлайди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Ҳалол касб қилиш тоғни кўчиришдан оғирдир”, деганлар.

Ҳаётда инсонлар турли касблар билан шуғулланишади. Жамиятда шундай тоифа одамлар ҳам борки, улар Аллоҳ ҳаром қилган ишларни ўзларига касб қилиб олганлар. “Беҳунарнинг ҳунари-ялқовлик”, деганларидек, бундай одамларнинг кўпчилиги аввало нафс билан қалбни фарқлай олмаганликлари, ёшликда илм, ёки ҳунар эгалламаганликлари учун кейинчалик ўзгаларнинг ризқига шерик бўлишни касб қилиб олишади. Масалан; тиланчилик, ўғрилик, зўровонлик, фоҳишалик, қиморбозлик, фирибгарлик, фолбинлик каби Аллоҳ қайтарган ишлар уларнинг касбига айланиб қолади. Бундай иллатларнинг энг ёмони, ҳаром саналган ишлар билан онгли одамларнинг шуғулланишидир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳалол касбни маҳкам тутиб, ўзгани ҳаққидан қўрқсак, ризқимиз мўл бўлади, ҳаётимиз фаровон бўлади, охиратимиз гўзал бўлади, авлоду зурриётларимиз ҳам, икки дунёда бахтли, саодатли, солиҳ кишилардан бўлади, иншаа Аллоҳ.

 

А.Маллаев,

Шаҳрисабз шаҳар «Кундузак» жоме масжиди имом-хатиби

Бугун, 24 июнь куни Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариоғоч тумани Сариоғоч мадрасасида марҳум Абдусаттор ва Абдуғаффор Самановлар хотирасига бағишланган “Дин руҳониятининг атоқли устозлари” номли халқаро илмий-амалий конференция юқори кайфиятда ўтди.
Мазкур анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, раис ўринбосари Иброҳим домла Иномов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов, бўлим мудири Муҳаммад Акмалхон домла Шокиров, Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” жоме масжиди имом-хатиби Абдуҳаким қори Матқулов ва Иш бошқарувчи Рустам Жамилов иштирок этди.
Шунингдек, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули бошчилигидаги бир гуруҳ қозоғистонлик уламолар, Қирғизистон мусулмонлари идораси вакиллари ҳам қатнашди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби диний-маърифий жабҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиликлар амалга оширилмоқда. Буни барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Зеро, Республикамизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ҳамда диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш борасида олиб борилаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътироф этилаётгани – бу борада олиб борилаётган ишларнинг тўғри ўзанда кетаётганига далолат қилади.

Афсуски, интернет тармоқларида баъзи мутаассиб шахс ва тоифалар томонидан Ўзбекистоннинг дин ишлари соҳадаги ягона давлат сиёсатини нохолис баҳолаш, янгиликларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилиш, воқеъликни ўз ўзанидан бошқа томонга буриш, ҳолатни кўпиртириш ҳамда айрим диний-ижтимоий масалалар юзасидан асоссиз танқидлар қилинмоқда.

Биринчидан, шуни унутмаслик керак-ки, Ўзбекистон – биз ҳуқуқий демократик, кўп миллатли ва турли конфессияли жамиятда яшаймиз.

Иккинчидан, бош қомусимиз ва амалдаги қонунчиликда ҳеч қайси динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Учинчидан, турли миллат ва дин вакиллари истиқомат қиладиган жамиятда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган муносабатларга қарши ҳар қандай турдаги ножоиз хатти-ҳаракат – турли динларга эътиқод қилувчи аҳоли орасида низо ва тушунмовчиликлар келтириб чиқаради.

Кузатувлар шуни кўрсатмоқда-ки, охирги пайтларда фуқаролар томонидан билдирилаётган таклифлар, ўртага қўйилаётган масалалар, муайян бир конфессия, яъни ислом динига эътиқод қилувчи фуқаролар манфаатларидан келиб чиқиб илгари сурилмоқда. Тўғри, юртимиз аҳолисининг 94% дан ортиғини мусулмонлар ташкил этади, лекин бу дегани қарор қабул қилишда – мавжуд қонунчилик ва ҳуқуқий меъёр талабларидан четга чиқишга асос бўлмайди, ҳар қандай ҳолатда ҳам бошқа динларга эътиқод қилувчи фуқароларнинг ҳуқуқларини инобатга олиш – Конституциявий бурч ҳисобланади. Акс ҳолда, бу – дискриминация ва турли ижтимоий муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Шу нуқтаи-назардан, мамлакатимизда дин соҳасидаги давлат сиёсати масаласида қабул қилинадиган ҳар қандай қарор ва қонунлар – барча конфессия вакилларини эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Бугун кўтарилаётган дин соҳасидаги ҳар қандай таклиф ва талаблар юқоридаги мезонлар асосида кўриб чиқилмас экан, тушунмовчилик ва зиддиятлар келиб чиқаверади. Масаланинг муҳим жиҳати, кўпчилик ушбу йўналишдаги давлат сиёсатининг моҳиятини тўғри англамаслиги натижасида одамлар онгида турли нотўғри фикрлар, муносабат ва қарашлар ҳамда иккиланишлар пайдо бўлмоқда.

Жумладан, хусусий тартибда диний таълим олиш ва таълим беришга бўлган тақиқни бекор қилиш масаласи ҳам бугун тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Шундай экан, мазкур масалага ҳам ойдинлик киритиш, чегарани белгилаб олиш лозим.

Бугунги кунда Ўзбекистонда диний таълим олиш соҳасини шартли равишда 3 та йўналишга бўлиш мумкин:

- илоҳиёт йўналишидаги профессионал диний таълим;

- дунёвий таълим муассасаларидаги динга оид академик таълим;

- аҳоли томонидан қизиқиш билдирилаётган, кундалик ҳаёти учун зарур деб ҳисобланадиган диний амалиёт қоидаларини ўрганиш ҳамда одоб-аҳлоқ билан боғлиқ масалаларда диний нуқтаи назарга асосланган билимларни олиш (“маиший” диний таълим).

 1. Илоҳиёт йўналишидаги профессионал диний таълим

Ушбу йўналишдаги диний таълим олиш имкониятлари махсус диний таълим муассасалари орқали амалга оширилади ва биринчи навбатда профессионал диний соҳа хизматчиларини тайёрлаш учун мўлжалланган. Бугунги кунда Ўзбекистонда 15 та диний таълим муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Шулардан 13 таси Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари. Жумладан, 3 таси олий Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ва 10 та ўрта махсус ислом билим юртлари ҳисобланади, шундан 2 таси аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаларидир. Булар қуйидагилар:

1.Тошкент ислом институти

2.“Мир Араб” Олий мадрасаси

3. Ҳадис илми мактаби

4.“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти

5.“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти

6.“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти

7.“Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти

8.“Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти

9.“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

10.“Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти

11. “Имом Термизи” ўрта махсус ислом билим юрти

12.“Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юрти

13.“Жўйбори Калон” ўрта махсус ислом билим юрти.

 Профессионал диний таълим тизимида бошланғич даража мадраса ҳисобланади ҳамда юқорида кўрсатиб ўтилган 10 нафар ўрта махсус ислом билим юртларига кириш учун махсус диний билим талаб этилмайди. Ушбу таълим даргоҳларида кириш имтиҳонлари мактаб дастури доирасида ўқитиладиган фанлар, яъни хорижий тил ва тарих фанларидан Давлат тест маркази томонидан тест шаклида ўтказилади. 2019 йилга қадар Маънавият асослари фанидан ижодий имтиҳон ҳам ўтказилган бўлиб, 2020 йилда пандемия сабабли фақат тест шаклидаги имтиҳонлар ташкил этиш билан чекланган.

Ўз навбатида, олий диний таълим муассасаларига кириш учун дунёвий фанлар билан бир қаторда соф диний фанлардан ҳам имтиҳонлар ўтказилади, мазкур билимларни фуқаролар мадрасаларда олиш имкониятига эга бўлади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистонда барча дин вакилларига бир кўз билан қаралади, “диний озчилик” деган ибора эса ўз мазмун-моҳиятига кўра ўзбек тили учун сунъий ясама бўлиб, бизнинг маданиятимизга ва тилимизга ва умуман миллий қонунчилигимизга хос эмас. Бу ҳолат диний таълим соҳасида ҳам кўзга ташланади. Бунинг исботи ўлароқ, Тошкент православ ва Тошкент протестант семинариялари фаолият кўрсатаётганини таъкидлаш ўринли.

Тошкент православ семинарияси 1990 йил 1 октябрда ўрта махсус билим юрти сифатида ташкил этилган. 1998 йил 9 апрелдан ўқув юрти семинарияга айлантирилган. Рус православ черкови қоидаларига асосан семинарияга епархия раҳбари раҳбарлик қилади. Семинарияда Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан ташқари Россия, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан келган талабалар ҳам таълим олмоқда.

Тошкент протестант семинарияси 1992 йилдан эътиборан Самарқанд шаҳрида “Самарқанд протестант семинарияси” сифатида фаолият олиб борган. 2004 йилда семинария Тошкент шаҳрига кўчирилиб, Тошкент протестант семинарияси номи билан қайта рўйхатдан ўтказилган.

Таъкидлаш лозимки, ўтган яқин йиллар давомида республикамизда диний таълим сифатини оширишга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Диний таълим тизимини жаҳон андозаларига мос равишда ташкил этиш ва ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Республикада 2017 йилга қадар олий диний таълим муассасалари сони 1 тани ташкил қилган бўлса, сўнгги тўрт йилда уларнинг сони 3 тага етди. Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида ташкил этилган Ҳадис илми мактаби энг илғор диний таълим муассасасидир. Марказий Осиёда ноёб ҳисобланган бу таълим муассасасида таълим жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, таълим жараёнларига хорижий ноёб мутахассислар ҳам жалб қилинмоқда.

Ўрта махсус маълумотли имом-хатиблар малакасини ошириш ва уларни олий маълумотли қилиш мақсадида Тошкент ислом институтида 3 йиллик модуль таълим тизими жорий этилди. Мазкур талим тизимига 2019-2020 ўқув йилидан асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда имом-хатиблар ўқишга қабул қилинди.

Давоми бор...

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси фуқаролари!

Миср Араб Республикаси “Ал-Азҳар” таълим мажмуаси билан эришилган келишувга мувофиқ 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун “Ал-Азҳар” таълим мажмуасининг барча муассасаларига қабул қилиш фақатгина Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита (Кейинги ўринларда – Дин ишлари бўйича қўмита деб юритилади) тавсияси асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Шу муносабат билан, жорий йилдан Миср Араб Республикаси “Ал-Азҳар” мажмуасида таълим олиш юзасидан мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида ўқишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 13 августдаги 651-сон қарори билан Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишига кўмаклашиш бўйича Маслаҳат кенгаши (Кейинги ўринларда – Маслаҳат кенгаши) томонидан кўриб чиқилади ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита тавсияси асосида амалга оширилади.

Батафсил: https://religions.uz

Манба: https://t.me/DinQumita

 

Бугун, 24 июнь куни Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариоғоч тумани Сариоғоч мадрасасида марҳум Абдусаттор ва Абдуғаффор Самановлар хотирасига бағишланган “Дин руҳониятининг атоқли устозлари” номли халқаро илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари ўз чиқишларида, марҳум ва мағфур Абдусаттор ва Абдуғаффор Шокир ўғилларининг баракали умри ва уларнинг мустақил Қозоғистонда Ислом динининг қанот ёйишига қўшган салмоқли улуши, бугунги мусулмон умматининг масъулияти ва ўзаро тушунишини шакллантиришда жуда катта ҳисса қўшганлари, раҳматли Абдусаттор Шокир ўғли Тошкент ислом институтини имтиёзли диплом билан тамомлагани, кўп йиллар давомида Қозоғистондаги илм даргоҳларида меҳнат қилгани, айниқса, Қуръони каримнинг қозоқ тилига тўлиқ таржимасини ёзиб чиққанини алоҳида қайт этдилар.
Марҳум Абдуғаффор Саманов ҳам Ўзбекистондаги мадрасаларда диний таълим олгани, кўп йиллар давомида масжид ва мадрасаларда хизмат қилиб, диний арбоб даражасига етишганини баён этиб, ушбу икки диний уламо минтақада Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашдаги беқиёс хизматларини Ҳақ таборака ва таоло улуғ ажру савоблар билан мукофотлашини сўраб, муфтий ҳазртлари дуолар қилдилар.

 

Эслатиб ўтамиз, ушбу анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, раис ўринбосари Иброҳим домла Иномов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов, бўлим мудири Муҳаммад Акмалхон домла Шокиров, Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” жоме масжиди имом-хатиби Абдуҳаким қори Матқулов ва Иш бошқарувчи Рустам Жамилов иштирок этмоқда.
Конференция тафсилотларини сайтимизда кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top