muslim.uz

muslim.uz

2022 йил 24 ноябрдан 2023 йил 6 мартгача Париждаги Лувр музейида «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид энг сара топилмалар, нодир экспонатлар намойиш этилиши кутилмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Миноваров мазкур кўргазма ҳақида гапириб, бу Ўзбекистонга, унинг маданияти ва тарихига нисбатан қизиқиш ортишига сабаб бўлишини айтди.

Унинг таъкидлашича, «бу туризмни ривожлантиришда [Ўзбекистон учун] катта реклама вазифасини ўтайди».

«Одамлар кўргазмалар, ўзаро мулоқот орқали бир-бирини қанчалик яхши таниса, ўртадаги ишонч ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Ишонч эса ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари учун эшикларни очади», — дея қўшимча қилди Миноваров.

 

UzA

“Қуръони карим ва тажвид” курслари фаолиятидан

Бухорои шарифдаги 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасаси таркибида “Қуръони карим ва тажвид” курси очилгани юртимиздаги кўплаб мўмин-мусулмонларни хурсанд қилди.

Боиси, илмга чанқоқ ҳамюртларимизнинг қадимдан Ислом қуввати, илм-маърифат маркази бўлган, минг-минглаб уламолар етишиб чиққан, қанча азиз-авлиёлар қўним топган Бухорои шарифга бўлган меҳр-муҳаббати ўзгача.

Шу маънода Мир Араб олий мадрасаси таркибида ташкил этилган “Қуръони карим ва тажвид” курсига нафақат бухоролик ва навоийлик, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан Қуръон шайдолари келиб таълим олмоқдалар. Ушбу тингловчилар орасида ёши улуғ ҳамюртларимиз ҳам борки, уларнинг ихлоси, муҳаббати ва ғайрати таҳсинга сазовор.

 

Хусусан, мазкур таълим муассасасидаги “Қуръон ва тажвид” курсида таҳсил олаётган навоийлик Ҳазрат бобо Султонов (84 ёшда) гуруҳда энг аълочи ўқувчилардан. У Навоийдан Бухородаги Мир Араб олий мадрасасигача бўлган қарийб 100 километр масофани босиб келади. Ҳар бир дарсда фаол қатнашади. Бирор дарсни қолдирмайди, балки дарс бошланишидан камида бир соат олдин келиб кутиб ўтиради. Уй вазифаларини ҳам рисоладагидек бажариб келади. Ҳатто устозлардан дарсдан ташқари вақтларда ҳам қўшимча дарс олишга ҳаракат қилади. 

 

Яна бир ана шундай фаол тингловчилардан бири андижонлик Абдулазиз бобо Деҳқонов (66 ёшда) айнан Мир Араб олий мадрасасида очилган “Қуръон ва тажвид” курсида ўқиш учун Андижондан Бухорога келиб, ижарада яшаб, курсни муваффақиятли тамомлагач, сертификат олди. Илм олишга ҳарис бўлган отахон шу билан тўхтаб қолмай, балки мустақил равишда Қуръони каримни тажвид қоидасига тўлиқ риоя қилган ҳолда бошидан охиригача ўқишга киришди ҳамда Каломуллоҳнинг охирги беш порасини Андижондан Бухорога келиб, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида ўқиб хатм қилишга муваффақ бўлди.  

Қуръони каримни ўқиш ва ўрганишга муҳаббатли отахонларимиз жуда кўп. Улардан бири сифатида Хоразм вилоятидан 73 ёшли Ражаб бобо Рўзматов ва бошқаларни айтиш мумкин. Уларнинг Каламуллоҳни ўқиш ва ўрганишга бўлган муҳаббати, илм олишга кучли иштиёқи кўпчиликка, хусусан, ёшларга намуна бўла олади.

Маълумот учун, айни пайтда Мир Араб олий мадрасасидаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсидаги 12 та гуруҳда 108 нафар тингловчи таълим олмоқда.

Дарҳақиқат, мўмин киши туғилганидан то сўнгги нафасигача илм талаб қилиши лозим. Зеро, илм икки дунё саодатига эришиш калитидир. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир”, деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримга бўлган муҳаббатимизни зиёда қилсин.

Баҳриддин Хушбоқов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати мухбири

22 октябрь куни Самарқанд вилояти вакиллиги ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти келишувга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларининг бош имом-хатиблари Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.
Ташриф давомида улар вилоятдаги “Имоми Аъзам” масжидида бўлаётган қурилиш ишлари билан танишиб, сўнгра вилоят вакиллигида ҳам бўлишди. У ерда ишлаш тизими, ҳужжат юритиш ишларини кўздан кечириб, бу борадаги ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Шунингдек, кун давомида Самарқанд вилоятидаги муқаддас қадамжолар ва Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди ҳамда Имом Бухорий мажмуасидаги қурилиш ишларини ҳам кўздан кечирдилар. Шу билан бирга яқинда очилган “Боқий шаҳар” мажмуасига ҳам ташриф буюриб, юртимиз ва хорижий сайёҳлар учун яратилган шароитлар, ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдилар.

Бахберген Надиров,
Тахтакўпир тумани бош имом-хатиби

 

2022 йил 19-21 октябрь кунлари Туркий давлатлар муфтийларининг III-йиғилиши доирасида ўтказилган тадбирларнинг якунига бағишланган маросим Боку шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Туркий давлатлар муфтийлари, қардош мамлакатлар элчилари, таниқли олимлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Амреев иштирок этди.

Сўзга чиққан Кавказ мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайхулислом Оллоҳшукр Пошозода:

– Мен ҳаётим давомида жуда кўп давлат раҳбарлари билан мулоқотда бўлганман, уларнинг фаолиятини мунтазам кузатиб бораман. Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентини алоҳида таъкидлашим керакки, Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари Ўзбекистонга Яратганнинг катта неъмати бўлди. У киши давлат раҳбари сифатида жуда улган ўзгаришларни амалга оширмоқда. Бундан мен чексиз қувонаман. Чунки Ўзбекистон менинг иккинчи ватанимдир. Қолаверса, ушбу табаррук заминда кўп яхши хотираларим ва бир қатор яқинларим бор. Хусусан муфтий ҳазратлари билан жуда қалин биродармиз, бу дўстлигимиз янада мустаҳкамланади, дея юртимиз ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Маросимда Ўзбекистоннинг Озарбайжон давлатидаги элчиси Баҳром Ашрафхонов Шайхулислом Оллоҳшукр Пошозода ҳазратлари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатия маркази томонидан “Халқ дипломати” медали билан тақдирланганини эълон қилди.

Тадбирда томонлар бир-бирларига эсдалик совғалари топширдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top