Ўзбекистон янгиликлари

Ёши улуғ Қуръон ошиқларининг ибрати

“Қуръони карим ва тажвид” курслари фаолиятидан

Бухорои шарифдаги 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасаси таркибида “Қуръони карим ва тажвид” курси очилгани юртимиздаги кўплаб мўмин-мусулмонларни хурсанд қилди.

Боиси, илмга чанқоқ ҳамюртларимизнинг қадимдан Ислом қуввати, илм-маърифат маркази бўлган, минг-минглаб уламолар етишиб чиққан, қанча азиз-авлиёлар қўним топган Бухорои шарифга бўлган меҳр-муҳаббати ўзгача.

Шу маънода Мир Араб олий мадрасаси таркибида ташкил этилган “Қуръони карим ва тажвид” курсига нафақат бухоролик ва навоийлик, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан Қуръон шайдолари келиб таълим олмоқдалар. Ушбу тингловчилар орасида ёши улуғ ҳамюртларимиз ҳам борки, уларнинг ихлоси, муҳаббати ва ғайрати таҳсинга сазовор.

 

Хусусан, мазкур таълим муассасасидаги “Қуръон ва тажвид” курсида таҳсил олаётган навоийлик Ҳазрат бобо Султонов (84 ёшда) гуруҳда энг аълочи ўқувчилардан. У Навоийдан Бухородаги Мир Араб олий мадрасасигача бўлган қарийб 100 километр масофани босиб келади. Ҳар бир дарсда фаол қатнашади. Бирор дарсни қолдирмайди, балки дарс бошланишидан камида бир соат олдин келиб кутиб ўтиради. Уй вазифаларини ҳам рисоладагидек бажариб келади. Ҳатто устозлардан дарсдан ташқари вақтларда ҳам қўшимча дарс олишга ҳаракат қилади. 

 

Яна бир ана шундай фаол тингловчилардан бири андижонлик Абдулазиз бобо Деҳқонов (66 ёшда) айнан Мир Араб олий мадрасасида очилган “Қуръон ва тажвид” курсида ўқиш учун Андижондан Бухорога келиб, ижарада яшаб, курсни муваффақиятли тамомлагач, сертификат олди. Илм олишга ҳарис бўлган отахон шу билан тўхтаб қолмай, балки мустақил равишда Қуръони каримни тажвид қоидасига тўлиқ риоя қилган ҳолда бошидан охиригача ўқишга киришди ҳамда Каломуллоҳнинг охирги беш порасини Андижондан Бухорога келиб, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида ўқиб хатм қилишга муваффақ бўлди.  

Қуръони каримни ўқиш ва ўрганишга муҳаббатли отахонларимиз жуда кўп. Улардан бири сифатида Хоразм вилоятидан 73 ёшли Ражаб бобо Рўзматов ва бошқаларни айтиш мумкин. Уларнинг Каламуллоҳни ўқиш ва ўрганишга бўлган муҳаббати, илм олишга кучли иштиёқи кўпчиликка, хусусан, ёшларга намуна бўла олади.

Маълумот учун, айни пайтда Мир Араб олий мадрасасидаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсидаги 12 та гуруҳда 108 нафар тингловчи таълим олмоқда.

Дарҳақиқат, мўмин киши туғилганидан то сўнгги нафасигача илм талаб қилиши лозим. Зеро, илм икки дунё саодатига эришиш калитидир. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир”, деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримга бўлган муҳаббатимизни зиёда қилсин.

Баҳриддин Хушбоқов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати мухбири

Read 947 times

Янгиликлар

Top