muslim.uz

muslim.uz

Мамлакатимиз элчихонаси ходимлари Ўмон Араб тажрибаси институти директори Носир ал-Жабрий ҳамда ушбу олий билим юртида таълим олаётган ватандош-талабалар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Ўзбекистонлик талабалар ушбу мамлакатнинг Вақф ва дин ишлари вазирлиги томонидан ажратилган грант асосида таҳсил олмоқда.
Учрашувда Араб тажрибаси институти билан таълим соҳасидаги алоқаларни янада жадаллаштириш, қўшма дастурларни амалга ошириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.


Ўзбекистонда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, бой маданияти, асрлар давомида шаклланиб келаётган анъаналари ва ҳунармандчилик тарихи ҳақида батафсил маълумот берилди.


Институт раҳбарининг таъкидлашича, ўзбекистонлик талабалар ўзларининг илмга чанқоқлиги, араб тили грамматикасини ўзлаштириш ва сўзларнинг тўғри талаффуз қилиши билан бошқа мамлакатлардан келган талабалардан ажралиб туради.


“Бу Ўзбекистонда таълим соҳасига, шу жумладан, хорижий тилларни ўргатишга катта эътибор қаратилаётганининг натижасидир, - деди Носир ал-Жабрий. – Таълим соҳасида Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан қўшма лойиҳаларни бажаришдан манфаатдормиз.
Бундан ташқари, мен ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти ва урф-одатларини ўрганишга ҳам жуда қизиқаман. Хусусан Ислом цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган буюк мутафаккир олимларни етиштириб берган юртингизга сафар қилиш режаларим бор”.
Маълумот учун, Ўмон Араб тажрибаси институти маҳаллий ва хорижий фуқаролар учун замонавий услубда араб тилини ўргатиш билан бир қаторда, араб мамлакатлари урф-одатлари, маданияти ва тарихи тўғрисида маълумотлар беришга ихтисослашган. Ҳозирги вақтда институтда Аргентина, Буюк Британия, Гремания, Нигерия, Таиланд ва Ўзбекистондан келган талабалар таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ҳасан домла Қодиров
Тошкент шаҳар "Сирож Солиҳ" масжиди имом-хатиби

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ўртасида “Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусида иншолар (эсселар) танловининг биринчи босқичи бўлиб ўтмоқда.

Эсселар танлови – ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга содиқлик, Ватанга садоқат туйғусини янада кучайтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш, ёшлар орасида ижтимоий-маънавий, сиёсий-ҳуқуқий ҳамда иқтисодий жараёнларга нисбатан танқидий-таҳлилий ва ижодий дунёқараш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўтказилмоқда.

Танловнинг иккинчи, республика босқичи 2022 йилнинг 14-17 июнь кунлари Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ўтказилади.

Танловнинг Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти кесимида энг яхши деб топилган 1,2,3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритадилар.

Республика босқичи 1-ўрин соҳибига 30 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари топширилади.

 

http://t.me/mirarabmadrasa 

Пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида “Ҳаж–2022” мавсумига жалб этилган гуруҳ раҳбарлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев, Дин ишлари бўйича қўмита диншунослик экспертизаси бўлими бошлиғи Беҳзод Соипов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Алимардон Қаршиев ва бошқа мутасадди вакиллар иштирок этишди.

Мутасаддилар йиғилганларни ушбу шарафли ва масъулиятли вазифа билан қутлаб, уларни гуруҳ раҳбарлиги қонун-қоидалари, бурч ва масъулиятлари билан таништирди, ҳаж ибодати рукнлари, муборак сафарга борадиган зиёратчилар билан ўтказиладиган йиғилишларда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, сафарга жўнаб кетиш ҳамда Саудия Арабистонидаги ташкил қилинадиган ишларнинг элликбошиларга тааллуқли тарафлари ҳақида маълумот беришди.

Шунингдек, Тадбирда гуруҳ раҳбарларига зарур тавсиялар берилди. Жумладан, сафарга доир ҳужжатлар билан ишлаш, гуруҳдаги зиёратчилар билан машғулотлар ўтказиш, паспорт ва бошқа ҳужжатларни юритиш тартиб-қоидалари ва бошқа масалалар борасида йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди.
Йиғилиш сўнгида гуруҳ раҳбарларининг саволларига жавоб қайтарилди ҳамда гуруҳ раҳбарларига ҳаж қўлланмаси тарқатилди.

***

Шу йилнинг 5 июнь куни “Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юртида “Ҳаж – 2022” мавсумида Андижон вилоятидан муборак сафарга гуруҳ раҳбари сифатида бораётган элликбошилар учун ўқув-машғулоти ўтказилди.

Ўқув машғулотларни Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг малакали мутахассислари ўтказишди.

Машғулот давомида элликбошилар гуруҳ бошқаруви, ҳаж аҳкомлари каби мавзуларда билим ва малакаларга эга бўлишди. Якунда гуруҳ раҳбарларига ҳаж қўлланмаси тарқатилди.

***

“Ҳаж – 2022” мавсумида муборак сафарда зиёратчиларга гуруҳ раҳбари бўлган имом-хатибларга ўқув-семинарлари Самарқанд вилоятида ҳам бўлиб ўтмоқда. Анъанага айланган учрашувларнинг навбатдагиси вакиллик биносида ўтказилди. Уни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов олиб борди.

Ўқув-семинар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, Диний идора масъул ходимлари Мақсуд Каримов, Элёр Миноваров, Ҳумоюн домла Тошболболтаевлар зиёратчиларга бош бўлувчи гуруҳ раҳбарларига зарур тавсиялар беришди. Жумладан, уларнинг бурч ва масъулияти, ҳаж ибодати рукнлари, сафарга жўнаб кетиш ҳамда ташкилий ишларнинг уларга тааллуқли жиҳатлари атрофлича ёритилди.

***

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллигида “Ҳаж – 2022” мавсумида Ҳаж сафарига гуруҳ раҳбари бўлиб бораётган Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятидаги элликбошилар учун икки кунлик ўқув-семинар ташкил этилди.

Ўқув-семинар давомида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг малакали мутахассислари Ҳаж сафари билан боғлиқ масалалар, хусусан, ҳажга борадига зиёратчилар билан ишлаш ва ташкилий масалалар юзасидан йўл-йўриқ ва тавсиялар беришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Инсон бир манзилдан иккинчи манзилга бормоқчи бўлар экан, албатта, у йўл танлайди. Бир манзилдан иккинчи манзилга боришда йўллар кўп бўлиши мумкин. Баъзи бир йўл кўзланган манзилга тўғридан тўғри борса, баъзи бир йўллар эса эгри, қинғир-қийшиқ йўллардан иборат бўлади.

Мўмин-мусулмон ҳам бу дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик келтирадиган йўлни танлайди. Мўмин-мусулмон юрадиган йўл дўзахга олиб бормайдиган, Аллоҳнинг розилигини топиб, жаннатга элтадиган йўл бўлиши зарур.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз даврларида биз мўмин-мусулмонларга “Аллоҳнинг тўғри йўлини кўрсатиб берганлар. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан бир чизиқни чиздилар ва: “Бу – Аллоҳнинг тўғри йўли”, – дедилар. Чизиқнинг ўнг ва чап томонидан яна (чизиқлар чизиб): “Бу йўллар шундай йўлларки, ҳар бирида шу йўлларга чорлагувчи шайтон туради”, дедилар. Сўнг “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдурки,унга эргашинг ва (турли бошқа) йўлларга эргашмангки, сизларни Унинг йўлидан бўлиб юборур” оятини ўқидилар (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳозирги кундаги мусулмонларнинг турли хил ихтилоф қилишлари, бир-бирларини куфрда айблашлари, фитна-фасод тарқатишлари Шайтон чорлаб турган йўллардир. Шайтон чорлаб турадиган йўллардан эҳтиёт бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлида ҳаракат қилишимиз лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни Шайтон чорлаб турган йўллардан сақланиб, Ўзининг тўғри йўлида бардавом қилсин!

 

Р, Акбаров,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими

Видеолавҳалар

Top