Ўзбекистон янгиликлари

Гуруҳ раҳбарлари учун ўқув-машғулотлар ўтказилмоқда

Пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида “Ҳаж–2022” мавсумига жалб этилган гуруҳ раҳбарлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев, Дин ишлари бўйича қўмита диншунослик экспертизаси бўлими бошлиғи Беҳзод Соипов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Алимардон Қаршиев ва бошқа мутасадди вакиллар иштирок этишди.

Мутасаддилар йиғилганларни ушбу шарафли ва масъулиятли вазифа билан қутлаб, уларни гуруҳ раҳбарлиги қонун-қоидалари, бурч ва масъулиятлари билан таништирди, ҳаж ибодати рукнлари, муборак сафарга борадиган зиёратчилар билан ўтказиладиган йиғилишларда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, сафарга жўнаб кетиш ҳамда Саудия Арабистонидаги ташкил қилинадиган ишларнинг элликбошиларга тааллуқли тарафлари ҳақида маълумот беришди.

Шунингдек, Тадбирда гуруҳ раҳбарларига зарур тавсиялар берилди. Жумладан, сафарга доир ҳужжатлар билан ишлаш, гуруҳдаги зиёратчилар билан машғулотлар ўтказиш, паспорт ва бошқа ҳужжатларни юритиш тартиб-қоидалари ва бошқа масалалар борасида йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди.
Йиғилиш сўнгида гуруҳ раҳбарларининг саволларига жавоб қайтарилди ҳамда гуруҳ раҳбарларига ҳаж қўлланмаси тарқатилди.

***

Шу йилнинг 5 июнь куни “Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юртида “Ҳаж – 2022” мавсумида Андижон вилоятидан муборак сафарга гуруҳ раҳбари сифатида бораётган элликбошилар учун ўқув-машғулоти ўтказилди.

Ўқув машғулотларни Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг малакали мутахассислари ўтказишди.

Машғулот давомида элликбошилар гуруҳ бошқаруви, ҳаж аҳкомлари каби мавзуларда билим ва малакаларга эга бўлишди. Якунда гуруҳ раҳбарларига ҳаж қўлланмаси тарқатилди.

***

“Ҳаж – 2022” мавсумида муборак сафарда зиёратчиларга гуруҳ раҳбари бўлган имом-хатибларга ўқув-семинарлари Самарқанд вилоятида ҳам бўлиб ўтмоқда. Анъанага айланган учрашувларнинг навбатдагиси вакиллик биносида ўтказилди. Уни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов олиб борди.

Ўқув-семинар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, Диний идора масъул ходимлари Мақсуд Каримов, Элёр Миноваров, Ҳумоюн домла Тошболболтаевлар зиёратчиларга бош бўлувчи гуруҳ раҳбарларига зарур тавсиялар беришди. Жумладан, уларнинг бурч ва масъулияти, ҳаж ибодати рукнлари, сафарга жўнаб кетиш ҳамда ташкилий ишларнинг уларга тааллуқли жиҳатлари атрофлича ёритилди.

***

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллигида “Ҳаж – 2022” мавсумида Ҳаж сафарига гуруҳ раҳбари бўлиб бораётган Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятидаги элликбошилар учун икки кунлик ўқув-семинар ташкил этилди.

Ўқув-семинар давомида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг малакали мутахассислари Ҳаж сафари билан боғлиқ масалалар, хусусан, ҳажга борадига зиёратчилар билан ишлаш ва ташкилий масалалар юзасидан йўл-йўриқ ва тавсиялар беришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1290 times

Янгиликлар

Top