muslim.uz

muslim.uz

 

“Зуҳо” сўзининг маъноси нима? Эшитишимча, Бамдод намозидан кейин Зуҳо намози ўқилар экан. Бу намоз нима учун ўқилади?

— “Зуҳо” сўзи – “чошгоҳ вақти” деган маънони англатади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан” (“Зуҳо” сураси, 1-оят).

Қуёш чиққандан тахминан ўн беш дақиқа ўтгач, ушбу намозни ўқиш мумкин. Унинг энг афзал вақти бомдод намозини адо этгандан сўнг, ўша жойда қуёш чиққунча зикр билан машғул бўлиб, қуёш чиққандан кейин ўқишдир.

Зуҳо намози икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тўрт ракат Зуҳо намозини мунтазам ўқиса, гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зуҳо намозини баъзан узлуксиз ўқир эдилар. Биз энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Гоҳида эса ўқимас эдилар, энди бу намозни ҳаргиз ўқимасалар керак, деб ўйлардик” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зуҳо намозида “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини ўқир эдилар.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз бўғин ва суяклар устида тонг оттирганингиз учун бир садақа бор. Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа. Ҳар бир тамҳид (Алҳамдулиллаҳ) – садақа, ҳар бир таҳлил аа илаҳа иллаллоҳ) – садақа, ҳар бир такбир – садақа, яхшиликка буюришингиз ҳам, ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат Зуҳо намоз ўқишингиз кифоя қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Албатта, жаннатда бир эшик бор. У “Зуҳо” деб номланади. Қиёмат куни бўлганда, бир жарчи нидо қилиб: “Зуҳо намозини доим ўқувчилар қани? Бу сизларнинг эшигингиздир. Унга Аллоҳнинг раҳмати ила киринглар”, дейди” (Имом Табароний ривояти)

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Илгарироқ “ВАҚФ” хайрия жамоат фонди томонидан жорий йилнинг 25 – 30 декабрь кунлари хайрия тадбирлари ўтказилиши режалаштирилганлиги ҳақида хабар бергандик. Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад, аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш, қалбларга илиқлик улашишдан иборатдир.

 

Бугун Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги 14-сонли ҳамда Чирчиқ шаҳридаги 15-сонли Меҳрибонлик уйларида ана шундай хайрия тадбирларининг дастлабкиси бўлиб ўтди. Унда 250 дан ортиқ тарбияланувчилар учун карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда дастурхон тузалди ва қўй сўйилиб, ош улашилди. Шунингдек, болажонлар учун жами 6 та телевизор ҳадя қилинди. Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Миродил домла Миржалилов, Бўка тумани бош имом-хатиби Бахриддин домла Шарипов, Чирчиқ шаҳар бош имом-хатиби Алижон домла Абраев иштирок этиб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб дуолар қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу хайрия тадбирлари 30 декабрга қадар давом этади.

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар”

Ислом уммати алломалари бир овоздан қабул қилган “Ақидат-ут Таҳовий” китобида аллома Абу Жаъфар Таҳовий шундай дейдилар:

“Қибла аҳлидан бўлган ҳар бир солиҳ ва фосиқ одамни орқасидан намоз ўқишни жоиз деб биламиз. Улардан ким вафот этса ҳам уларга жаноза намозини ўқиймиз. Улардан бирор кишини жаннатий ёки дўзахий деб ҳукм қилмаймиз. Улардан куфр, ширк ёки нифоқ белгилари очиқ-равшан кўринмагунча бирортасига мазкурларни ҳукмини бермаймиз. Уларни ботинлари, қалбларини Аллоҳ таолога ҳавола қиламиз”.

Имоми Нававий шундай дейдилар: “Билгинки бу масалада аҳли ҳақнинг (тўғри йўл)мазҳаби шундайдир. Қилган гуноҳи сабабидан қибла аҳли бўлган бирор кишини кофир демаймиз. шунингдек бидъат ва ҳаво аҳлини ҳам кофир демаймиз”.

Муҳаммад ибни Ҳазм раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ҳақиқат шуки, қайси бир одам Ислом аҳдини қилган бўлса у одам ушбу иймони устида давомлидур. Уни ушбу аҳддан(иймондан) чиқди дейиш учун аниқ далил ёки уламолар ижмоси керакдир. Аммо кимнингдир даъвоси ёки иғвоси билан бундай ҳукм қилинмас. Шунинг учун ҳам ҳеч кимни айтган сўзидан келиб чиқиб кофирга ҳукм қилинмас. Аммо бир одам Аллоҳ таолонинг ёки  Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатган ҳукмини аниқ билиб туриса-да шу масала ҳақида Аллоҳ ва расулига хилоф гапни (ўзи билиб туриб қасддан) гапирсагина куфрга кетган бўлур”

Аллома Ибни Обидин ҳам бу мавзуда қуйидаги фикрни келтирадилар: “Мусулмон одамни сўзини чиройли (иймоний) томонга йўямиз.  Токи  имкон мавжуд экан, унда куфр аҳлининг хилофи бўлар экан зинҳор у одам ҳақида куфр ҳукмини бермасмиз. Гарчи бу ҳақида заиф ривоят бўлса-да уни қабул қиламиз”

Ҳанафий мазҳабининг эътиборли китобидан ҳисобланган “Баҳрур роиқ” да бу ҳақида шундай дейилади: “Имоми Таҳовий “Жомиул фусули” китобида уламоларимизнинг ушбу сўзларини баён қиладилар: «Мусулмон одам ҳақида, уни куфрга киритадиган инкори бўлмагунича ёки унинг муртадлигини аниқ билдирадиган асос бўлмагунича диндан чиқди, дейилмас. Унинг муртадлиги ҳақидаги шубҳали гаплар қабул қилинмас. Чунки Ислом собит ҳукм бўлиб у шубҳа билан зойил бўлмагай. У (шубҳалардан) олийдир. Шунинг учун ҳам уламолар Ислом аҳлини кофир дейишга шошилмасликлари даркор. Бу худдди куфрга мажбур қилинган одамнинг иймони саҳиҳликни лозим тутгани кабидир (куфр келтиришга мажбур қилинган одам куфр иборасини талаффуз қилса ҳам иймондан чиқмаган, мўмин-мусулмон ҳисобланаверади). Мен айтаманки, алломаларимизнинг ушбу битикларни бу мавзудаги нақлларимга мезон бўлиши учун келтирдим. Чунки уларнинг айримларида бу нав одамларни куфрга кетган дейилса, айримларида юқоридагиларга қиёсан куфрда эмас деб баён қилингай. Шу боис уни бир мулоҳаза қилиб кўр. 

“Фатавои сағир”да шундай дейилади: «бир мўминни куфрга нисбат бермоқ оғир ишдир. Шу боис унинг кофир эмаслигига бирор асос топсам уни асло кофир демас эрдим”.

Ибни Таймия роҳимаҳуллоҳ бу борада шундай дейди: “Кимнинг иймонда собит эканлиги аниқ бўлса, у шу иймони устида давомлидир, гарчи айрим гумонларга борса ҳам. У давомийлик куфрга кетганига аниқ ҳужжат келтирилганича сақланиб туради” 

Имом ибни Дақийқул Ийд ўзининг “Иҳкамул аҳкам” китобида шундай дейди: “Аслида кофир бўлмаган мусулмон  одамни кофир деб  айблашда улкан хатар бордир. Бу иш ўзларига «биз аҳли суннатмиз, аҳли ҳадисмиз» деб нисбат бераётган кўпгина мутакаллим уламолар аралашиб қолаётган муаммодир. Улар ақида бобида ҳам ўзаро хилофларга борганларидан сўнг ўз мухолифларини куфрга ҳукм қилдилар. Оқибатда Ислом умматининг ҳайбат пардасини йиртиб қўйдилар. Масаланинг хатарли томони борди-ю уларнинг мухолифатларида улар айтаётган куфр атамаси мавжуд бўлмаса, бу ном уларнинг ўзларига талуқли бўлиб қолишидир”.

Имоми Шавконий роҳимаҳуллоҳ “Сайлул жирор” китобида шундай дейдилар: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган одам бошқа бир мумин-мусулмон одам ҳақида  «исломдан чиқиб куфрга кирди» деган сўзи учун қуёшдан ҳам ёрқинроқ далил тақдим қилмоғи даркор. Чунки жуда куп саҳобалардан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадиси шарифларда “Кимки бир биродарига «эй кофир» деса, у иккисидан бири ҳақиқатда шундайдир” ёки яна бир ҳадиси шарифда “Кимки бир мўминни куфр билан чақирса ёки унга қарата «эй Аллоҳнинг душмани» деса-ю у одам ундай бўлмаса, бу ном унинг ўзига қайтади” дейилгандир”. Худди шу мазмундаги бошқа бир ҳадиси шарифда “У иккисидан бири ҳақиқатда кофирдир” дейилган.

Мазкур ҳадиси шарифлар ва келтирилган хабарларда мўмин-мусулмонларни кофирга чиқаришга ўч бўлаётганларга нисбатан қаттиқ зажр(огоҳлантириш) ва катта насиҳат бордир. Зеро бу масалада (юзаки томондан қаралганида) мўмин-мусулмон одам томонидан кофирликка далолат қиладиган ишни амалга оширилишининг эътибори йўқдир. Ёки у одам томонидан куфрга олиб борадиган сўзни талаффуз қилинишини ҳам эътибори йўқдир. Яъни у одам амалга оширган мазкур куфроний иш ёки куфроний гап унинг қалбида бўлмаса у одамга асло куфр нисбати берилмайди.

Мана шу ергача баён қилганларимиз етук алломаларимизнинг такфир ғояси ҳақидаги илмий ҳулосаларидир. Такфир ғоясини ўзлари учун эътиқод ва маслак қилиб олган экстремистик оқимлар ва бидъат аҳли жамоаларининг ботил тушунчалари қаерда-ю юқоридаги илмий таҳлилларни келтирган буюк алломаларимизнинг талқинлари қаерда?!

(Давоми бор)

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.

Таржимон: Тоҳир Воҳид

Янги Зеландиянинг Мэсси университети томонидан ҳар йили йилнинг энг кучли иқтибос ва баёнотлари  аниқланади. 

2020 йилдаги энг кучли баёнот учун мукофот янги зеландиялик мусулмон аёл Сара Абдулфаттоҳга топширилди. Саранинг отаси Қосим Абдулфаттоҳ 2019 йил март ойида Крайстчерч шаҳридаги “Нур” масжидида исломофоб Брентон Таррант томонидан амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари қурбони бўлган. 2020 йил бўлиб ўтган судда Сара ҳам қатнашди ва сўз берилганда йиғлаб юборди. Сара сўзлаётган вақтда ҳис-туйғуга берилиб, қотилга: "Билингки, бу кўз ёшлар сиз учун эмас", деган. 

Ҳаяжонга тўла бу сўзлар оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўплаб инсонлар Сарага ҳамдардлик билдирди. Мусулмон аёл нуфузли танловда ўзи билмаган ҳолда  ғолиб чиққанига ҳайрон бўлиб: "Суд жараёнида иштирок этиш ва сўзга чиқиш мен учун қийин ишлардан бири эди", дея таъкидлаган.

 

azon.uz

dimanche, 27 décembre 2020 00:00

Таҳорат одоблари

Болаларимиз билишлари зарур бўлган муҳим сабоқлардан яна бири таҳорат одобларидир.

Таҳоратнинг маъноси тозалик, покланиш бўлиб, қизларимиз ҳар ерда покликка катта эътибор беришлари керак. Таҳорат бизни Aллоҳ таолога яқинлаштирувчи ибодатдир ва намозимизнинг тўғри боўлиш шартидир.

Таҳорат олаётган пайтда одатланишимиз керак бўлган одобларни келтирамиз:

1. Тўғри ният. Яъни, биз таҳорат қилиш билан Aллоҳ таолонинг розилигини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашишни ва намозга тайёргарликни ният қиламиз.

2. Aллоҳнинг исми билан бошлаш. Яъни, таҳоратни бошлашда “Бисмиллаҳ”ни айтамиз.

3. Тартибга риоя қилиш.

4. Сувни исроф қилмаслик.

5. Ҳар бир аъзони тўлиқ ювиш. Шундай қилсак, таҳоратдан оладиган ажр ­савобимиз кўп бўлади.

6. Таҳорат пайтида гапирмаслик ва кулмаслик. Зарурат бўлсагина, гапирилади.

7. Aъзоларни ювишда ўнг томондан бошлаш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир ишни ўнгдан бошлашни буюрганлар.

8. Таҳоратда аъзоларни ювишни уч мартадан зиёда ҳам, кам ҳам қилмаймиз.

9. Aъзоларни ювишда тартибга риоя қиламиз.

10. Қўл ва оёқ бармоқларини юваётган­да ораларига сув киришига эътибор берамиз.

11. Таҳорат қилаётган жойимиз ҳам покиза бўлиши керак.

12. Таҳоратдан соўнг Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўргатган “Aшҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ. Aллоҳуммажъални минат таввабийн важъални минал мутатоҳҳирин”, деб дуо қиламиз.

Aдина СAЙДAҲМЕДОВA

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар о̒рта махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан

Видеолавҳалар

Top