muslim.uz

muslim.uz

vendredi, 01 janvier 2021 00:00

Фитналардан сақланайлик

Муқаддас динимизда ўзаро тотувлик билан хаёт кечириш, жамиятдаги бирдамлик ва меҳр-муҳаббат каби хислатлар қадрланади. Чунки тинчлик-тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган жамият ривожланади, гуллаб-яшнайди. Одамлар орасида фитна ва ихтилоф чиқариш, бир-бирига қарши гиж-гижлаш, уларни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилиш қаттиқ қораланади.
Ҳозирги кунда мусулмонлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, уларни бир-бирига гиж-гижлаш, мусулмон юртларда уруш чиқариб, одамларни қатл ва қувғин қилиш ҳам катта фитна ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ

яъни: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” (Бақара сураси, 217-оят).

Диний манбаларда фитнанинг одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ деб ҳисобланиши унинг хатарлари бир кишининг ўлдирилишидан кўра анча кенг кўламга эга эканлиги билан изоҳланади. Албатта, мол илинжида, ғазаб сабабли ёки бошқа ҳар қандай омил туфайли бир жоннинг ҳаётига нуқта қўйиш катта жиноят. Бироқ, жамият аъзолари орасида фитна чиқариш одамларни бир-бирларига қарши қайраш, низо чиқариш орқали биродаркушлик урушларига, бутун бошли миллатни тараққиётда ўнлаб йиллар ортга суриб юборувчи вайронагарчиликларга сабаб бўлишини инобатга олсак, жамият учун бундан ҳам катта талофат бўлмаслигини англаймиз.
Яна ҳар кимнинг гапини ҳақиқат деб эргашиб кетавермаслик керак. Бирор янгиликни ўқиганда, унинг манбасини яхшилаб текшириш, бу қанчалик ҳақиқат экани, у кимнинг фойдасига хизмат қилишини аниқлаш даркор. Баъзан ёшларимиз ижтимоий тармоқ сайтларида эълон қилинган ёлғон-яшиқ маълумотларни ҳам бошқаларга тарқатадилар, уни муҳокамага қўйиб, одамларни чалғитадилар. Бу эса динимизда қаттиқ қораланган амалдир. Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар:

مَنْ دَعَا إِلَى هُدًى كَانَ لَهُ مِنْ الْأَجْرِ مِثْلُ أُجُورِ مَنْ تَبِعَهُ لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْئًا، وَمَنْ دَعَا إِلَى ضَلَالَةٍ كَانَ عَلَيْهِ مِنْ الْإِثْمِ مِثْلُ آثَامِ مَنْ تَبِعَهُ لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ آثَامِهِمْ شَيْئًا

(رواه الإمام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Ким ҳидоятга чақирса, унга (ўз ажри билан бирга) эргашувчиларнинг ажрича ажр бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг савобини камайтирмайди. Ким залолатга чақирса, унга (ўз гуноҳи билан бирга) эргашувчиларнинг гуноҳича гуноҳ бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг гуноҳини камайтирмайди”.
Фитналар қаршисида ҳар кимнинг асл қиёфаси фош бўлади. Ҳақиқий ватанпарвар, имонли кишилар кимлар-у, хоин-худбинлар ким — ҳаммаси аниқ бўлади.
Мусулмон ўлкалар, жумладан, бизнинг жонажон ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ижобий ўзгаришлар кимларгадир ёқмаслиги ва улар бизни чалғитиш учун фитналар уюштириши табиий. Биз эса бу фитналарга алданмаслигимиз керак. Фитналарнинг нечоғли зарарли, ёмон оқибатларга олиб келишини ҳаётда кўрдик. Бу хатони такрорлашга асло ҳаққимиз йўқ.
Халқ ичига фитна солмоқчи бўлганларга ҳар биримиз насиҳат қилиб, ўтган оғир кунларни эслатиб, бугунги тинч-хотиржам ҳаётимизга шукр қилишни тарғиб қилишимиз керак.
Тинчлик, саломатлик катта неъмат. Улар бор жойда ривожланиш, эркинлик бўлади. Ваҳоланки, шу кунларда ҳам фитна ўчоқларида қурбон бўлаётган, уй-жойсиз қолиб, қочоқ бўлиб юрган, урушдан қўрқиб, болаларини мактабга ҳам чиқармай қўйган миллионлаб инсонлар бор. Бу воқеаларни тафаккур қилган киши, аслида инсон ўз уйида хотиржам истироҳат олиши ҳам улкан неъмат эканини англайди.
Аллоҳ таоло фитна ва қийинчиликда қолган инсонларга ҳам хотиржамликни қайтарсин! Жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин.

Нуруллоҳ Қодиров

Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Давлат туризм қўмитаси раиси ўринбосари У.Агзамов ва Саудиянинг «Radiant Travel & Tours» компанияси масъул вакиллари С.Шейх ва А.Жалал иштирокида онлайн-мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ўзбекистон элчихонаси манбасига кўра, онлайн-тадбирда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора тадбирлар юзасидан фикр алмашилди. Жумладан, Саудия Арабистонига Жануби-Шарқий Осиё давлатларидан келадиган Ҳаж ва Умра амалларини бажарувчиларга қулайлик яратиш ва уларнинг сафарларини мазмунан бойитиш мақсадида «Ўзбек зиёрат туризми» брендини кенг тарғиб қилиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, уларга Умра сафари давомида Ўзбекистонда бўлиб, ислом дунёсида машҳур қадамжоларни зиёрат қилиш таклифи илгари сурилди. Бу йўналишда республикада 6 та халқаро мақомга эга аэропорт мавжудлиги ва тегишли туристик инфратузилмалар фаолият юритаётганлиги алоҳида таъкидланди.
«Radiant Travel & Tours» компанияси вакиллари Саудия Арабистони ва юқорида кўрсатилган минтақадаги давлатлар ҳамжамиятларида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга мўлжалланган қатор лойиҳаларини ташкил этишга тайёрлигини билдирди.
Ўз навбатида, ўзбек томони уларни бу борада фаол қўллаб қувватлашини тасдиқлади.
Музокаралар якунида туризм йўналишидаги ҳамкорликни бошлаш ва икки томонлама алоқаларни янада мустахкамлашга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Боқмас жаҳон совуқ сўз, Шилқим, юзсиз бахилга, Ёқимли бўл, хушхулқ бўл, Қолсин номинг кўп йилга.

Маҳмуд Қошғарий

***

Нафс душмандурур яқин билгил, Дўстум бу сўзумни чин билгил.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

***

Инсон ҳар доим қувноқ, ҳушчақчақ бўлиши ва бахтиёр яшамоғи лозим.

Абу Наср Фаробий

***

Ҳеч қачон уч нарсани қила кўрма:

  1. Кимнидир ёнингда қолиши учун ёлворма;
  2. Сен билан суҳбатлашиши учун мажбурлама;
  3. Ўзингга қаратиш учун тусланма.

Ҳикматлар бўстонидан

***

Яшаб қолиш учун қўрқоқ ва сотқинликни танлама. Эркак бўлиб қол! Ё ғолиб бўласан ёки мард кетасан.

Тарих муҳрлаган сўзлар

***

Танганинг икки томони бор дейишади. Аслида танганинг томонлари кўп... Бу тафаккурга боғлиқ.

Устозлар ўгитидан

***

Бели яра отнинг бошига тушган иш соғлом отга осон куринади.

***

Тинч яшашни истасанг, пасткаш одам билан дўстлик ҳам душманчилик ҳам  қилма.

Ҳусайн Сайфуллоҳ

***

Ҳаддингни билмасанг ҳаётингни барбод қиласан. Ҳуқуқингни билмасанг ҳаётингни барбод қилишади.

Саййид Аброр Умар

***

Яхшилик ҳаммага бевосита севимли. Агар шундай бўлмаганда эди, ҳар ким ўз истаган ёки орзу қилган ва ёки ўзича яхшилик деб тасаввур қилган бирор нарсани ўз олдига мақсад қилиб қўймаган бўларди.

Абу Али ибн Сино

***

Тоғнинг улуғлигини тасаввур қилмоқ учун ундан узоқлашиш керак бўлганидек, буюк тарихий воқеаларнинг ҳайбатини ростмана ҳис этиш учун маълум вақт масофаси лозим бўлади. 

Эркин Воҳидов

***

Ҳасса зарби узоқ турмайин кетар,

Тилдан етган зарба бир умрга етар!

Ибн Камолпошшо

***

Дўст тутмоқ осон, риоя қилмоғи қийин, Душман бўлмоқ осон, ярашмоғи қийин.

Юсуф Хос Хожиб

***

Мазлумнинг дуосидан (дуоибадидан) қўрқинглар. Чунки у (дуо) оқ булут устига чиқарилади (ва Аллоҳ ҳузурига етказилади). Аллоҳ таоло дейди:

– Улуғлигим ва қудратим билан қасам ичаман, албатта, бироздан сўнг бўлса ҳам сенга (мазлумга) мадад бераман.

Ҳадис

***

Нопок хотинлар нопок эркаклар учундир. Нопок эркаклар нопок хотинлар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир. Покиза эркаклар покиза аёллар учундир. Ана ўшалар у (бўҳтончи)лар айтаётган нарсалардан поклангандирлар. Уларга мағфират ва гўзал ризқ бордир.

“Нур сураси 26 оят”

***

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризмини янада ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.
Kun.uz хбарига кўра, Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда мамлакатнинг қадимий ипак қоғози яратилган ҳудуд сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш учун Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги Ислом цивилизация маркази жойлашган “Ҳазрати Имом” маҳалласида қадимий ипак қоғози марказини ташкил этиш концепциясини Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади.
Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Бухоро вилояти ҳокимликлари 2021 йил 1 августга қадар қадимий ипак қоғози хомашё заҳирасини шакллантириш манбаи сифатида Имом Бухорий мажмуаси атрофидаги 137 га ер майдонида, Чор Бакр тарихий меъморий мажмуасига туташ ҳудуддаги 145 га ер майдонида тут плантацияси ташкил этилишини таъминлайди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ва Қўмита билан биргаликда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда атрофдаги 8 нафар буюк уламолар қабрларини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари концепциясини ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Бадиий академия билан биргаликда Самарқанд шаҳрида ислом дини ва минтақадаги мавжуд дин намояндалари меросини акс эттирувчи тематик ҳиёбонни яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида дунёдаги энг йирик академиялардан бири ҳисобланган Қуръон Академияси очилди. Бу ҳақда islam.ru нашрига асосланиб islam.uz хабар берди.

Академиянинг очилиш маросимида Шаржа Олий Кенгаши аъзоси ва шайх Султон бин Муҳаммад Ал Қосимий иштирок этди.

Бино майдони 75000 квадрат метр бўлиб, 34 гумбазли саккиз қиррали юлдуз шаклида қурилган. Бу ерда еттита тарихий музей фойдаланишга топширилди.

Ҳозирда музейда Қуръони Каримнинг 308 нусхаси ва археологик қўлёзмалар намойиш этилмоқда. Шунингдек, тахминан ҳижрий 970 йилда Муқаддас Каъбани ёпиб қўйишда фойдаланилган қора мато бўлган энг қадимий кисва ва бошқа қизиқарли асарлар бор.

Тадбирда сўзга чиққан Шаржа Олий Кенгаши аъзоси аҳолини Қуръон Академиясига ташриф буюришларини ва муқаддас битикларнинг барча гўзалликларидан баҳраманд бўлишларини таклиф этди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top