muslim.uz
Мутаассиблик ҳақида тушунча
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад ва аъла аълиҳи ва асъҳабиҳи ажмаъийн.
Шариатимиз доимо мутаассибликка қарши бўлиб, унинг асл манбалари бўлган Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бу бидъат иш жуда қаттиқ қораланган.
Мутаассиблик – бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишдир. Ҳозирги замон тили билан буни «фанатизм» ҳам дейилади.
«Кашшофу истилоҳотил фунун» китобида: «Мутаассиблик – гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир», деб таърифланган. Уламолардан Аллома Тафтазоний: «Мутаассиблик – ҳақ зоҳир бўлса ҳам уни тан олмасликдир», деб айтган. Шайх Аловуддин Бухорий: «Далил зоҳир бўлганда, ақидаси ҳақни тан олишдан тўсадиган киши мутаассиб ҳисобланади», деб таъриф берган. Содруш шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Маҳбубий эса: «Билингки, бидъат икки ишнинг биридан пайдо бўлади; биринчиси мутаассибликдан, иккинчиси аҳмоқликдан. Бир инсон ақли жойида бўлган ҳолида қалбидаги ақидаси бузуқ бўлгани боис ҳақни тан олмасдан катта кетса, ана шу кимса мутаассиб бўлади», деб айтган экан.
Аллоҳ таоло бундай кимсаларга таҳдид қилиб Нисо сурасининг 15-оятида:
ومن يشاقق الرسول من بعد ما تبين له الهدى ويتبع غير سبيل المؤمنين نوله ما تولى ونصله جهنم وساءت مصيرا
«Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса
ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!», деб айтган.
Хулоса қилиб айтганда инсон мутаассиблик иллатидан сақланиши бу айни ислом динида собит бўлиши демакдир. Аллоҳ таоло барчамизни бундай иллатлардан асрасин.
САЛИМХОН ЖАМОЛИДДИНОВ
Мир Араб олий мадрасаси 2-босқич талабаси
Сингапурда Бутунжаҳон ҳалол туризм анжумани бўлиб ўтмоқда
25 май куни Сингапурда Бутунжаҳон ҳалол туризми халқаро анжумани очилди.
1 июнига қадар бўлиб ўтадиган мазкур анжуманда туризм соҳасидаги 50 дан ортиқ мутахассис ва фаоллар ҳалол туризмни ривожлантиришнинг имкониятлари ва вазифалари ҳақидаги маъруза билан қатнашмоқда.
Анжуман давомида туризмни барқарор ривожлантириш, “Ковид-19” пандемиясининг туризм саноатига таъсири, ҳалол туризм учун ривожланаётган йўналишлар, мусулмон аёлларнинг саёҳат тажрибаси ва шу каби мавзуларда семинарлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, тадбир якунида ҳалол туризм соҳасида фаол ва мусулмонлар орасида машҳур бўлган меҳмонхоналар ва ресторанлар тақдирланиши кутилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бандаларнинг ҳаққи Аллоҳнинг ҳаққидан муқаддамдир
Тамагирлик – 23 қисм
Инсон нафсининг хасталикларидан бири – ҳирс ва тўймасликдир.
Муолажа услуби
Шуни унутмаслик керакки, тамагирлик дунёга муҳаббатни олиб келади, оқибатда, банда ибодатдан завқланиш неъматидан маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло одамларни қулликдан озод қилиб яратди, тамагирлик эса инсонларни бир-бирига қул қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан хасислик ва қалб муҳрланиб қолишига олиб борувчи тамадан паноҳ сўрар эдилар. Албатта, тамаъ бандани дунёга ошиқ қилади, охиратни эсдан чиқартиради.
Ибн Аббос ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одам боласининг бир водий тилласи бўлса, у киши икки водий тиллоси бўлишини яхши кўради. Унинг оғзини тупроқдан бошқа нарса тўлдира олмайди. Аллоҳ тавба қилувчиларнинг тавбасини қабул қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. У зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Ҳатто ҳеч нарсалари қолмади. Шунда у зот: “Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган”, дедилар (Бешовлари ривоят қилишган).
Ўтган солиҳлардан бири айтади: “Тамагирлик қашшоқликдан бошқа нарса эмас. Хасис бой ҳақиқий камбағалдир, қаноатли камбағал эса чинакам бой саналади”.
Донишмандлардан бири очкўзликни бундай таърифлаган: “Ичимда очкўзлик пайдо бўлди, нафсимнинг қулига айландим. Агар қаноат қилганимда эди, хотиржам бўлардим”.
Ҳақиқий бойлик молу-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир. Абу Ҳозим раҳимаҳуллоҳ: “Кимда уч нарса бўлса, ақли расо бўлур: ўзини билса, Аллоҳ таоло берган ризққа қаноат қилса ва тилини тийса”, деган.
Баъзи уламолар айтадилар:
- «Агар тамагирликка: “Отанг ким?” дейилса,
- “Қадарга шак келтириш”, дейди.
- “Ҳунаринг нима?” дейилса,
- “Хорликни касб қилиш”, дейди.
- “Ғоянг нима?” дейилса,
- “Маҳрумлик”, дейди».
Тамагирлик азизни хор, тамасизлик хорни азиз қилади. Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Билингки, тамаъ фақирликдир. Тамаъ қилмаслик бойликдир”, деганлар.
Мавлоно Жалолиддин Румий очкўз одамга мурожаат қилиб айтадилар:
“Эй фоний дунёнинг ашаддий мухлиси! Фиръавн эга бўлган ёмон хислатлар сенда ҳам бор! Сен ҳам худди у каби кибрли, мағрур, худбин ва мол-дунё тўплашга ўчсан. Бироқ сенда Фиръавн эгалик қилган салтанат ва имкониятлар йўқ, шунинг учун ночор нафсинг ўз хоҳиш-истакларига эрк бера олмаяпти”.
Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Кимки нафсу ҳаво васвасасидан, ғазабдан ва тамагирликдан сақланса, омонда бўлибди, нажот топибди”.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси